Украина уруши боис дунё Афғонистон ва Яманни унутдими? Ukraina

A young girl has the circumference of her arm measured in Yemen

Сурат манбаси, WFP

Сурат тагсўзи, БМТнинг Жаҳон Озиқ-Овқат Дастури ҳисоб-китобича, 2022 йили Яманда инсонпарварлик кўмагига муҳтож инсонларнинг сони 20,7 миллионга етган
    • Author, Иможен Фоулкс
    • Role, BBC News, Женева

"Бизни оч болалардан овқат олиб, уларни очдан ўлаётган болаларга беришга мажбурламанг", дея илтижо қилмоқда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД).

Баъзи анъанавий донор мамлакатларда озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг кўтарилиши ва бюджет қисқариши сабабли Жаҳон озиқ-овқат дастури Яман, Чад ва Нигердаги миллионлаб одамларга тарқатадиган озиқ-овқат миқдорини икки баравар камайтиришга мажбур қилди.

2021 йил декабрь ойида БМТ бу йил 273 миллион кишига ёрдам бериш учун рекорд даражадаги 41 миллиард доллар сўради.

Гуманитар ёрдам ташкилотлари таъкидлаганидек, бу одамлар БМТ ёрдами билан аҳволи жуда яхшиланиб кетадиган даражада эмас. Бу одамлар, айниқса болалар, бу ёрдамларсиз ўлиши мумкин.

Аммо бу чақириқ Россия Украинага бостириб киришидан олдин қилинган эди. Ҳар икки давлат ҳам ЖОДга дон сотарди.

ЖОД Женева директори Аннализа Конте таъкидлаганидек, ўша пайтда Украина инсонпарварлик ёрдамига муҳтож эмас, балки етказиб берувчи эди.

Озиқ-овқат танқислиги

Урушнинг биринчи ойида ЖОД Украина ичидаги бир миллион одамга ёрдам берди. Аммо у дунёдаги энг оч одамларни боқиш учун олган Украина дони захираси қуриб қолди.

Айни пайтда, кўплаб Африка давлатлари, гарчи БМТ ёрдамига боғлиқ бўлмаса да, Украинадан ғалла импорт қилади.

Сомали ғалланинг 60 фоиздан ортиғини Украина ва Россиядан олади, Эритрея эса буғдойнинг деярли 97 фоизини Украинадан олади.

Энди улар европаликлар ва шимолий америкаликлар билан озиқ-овқат учун халқаро бозорда рақобатлашишлари керак.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фавқулодда ёрдам бўлими собиқ раҳбари ва ҳозир Норвегия қочқинлар кенгашининг раҳбари Ян Эгелан буни дунёнинг энг қашшоқ қисмлари учун "фалокат" деб таърифлайди. "Улар оч қоладилар", дейди у.

Ёрдам оладиганларни ажратиш?

Жорий йил март ойида, донорларга Яман ва Афғонистондаги доимий эҳтиёжларни эслатиш учун БМТ фавқулодда "шошилинч" чақириқлар эълон қилди.

Men wheeling bags of grain and oil in Afghanistan

Сурат манбаси, WFP

Сурат тагсўзи, Афғонистонда очарчилик ортиб бормоқда

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш афғонлар "оиласини боқиш учун ўз фарзандлари ва тана аъзоларини сотаётгани" ҳақида огоҳлантирди. Аммо БМТнинг Афғонистон учун қилинган шошилинч чақириғи сўралган миқдорнинг ярмини келтирди.

БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги энг катта гуманитар инқироз бўлган Яман учун қилинган ана шундай чақириқ учдан бир натижа кўрсатди холос.

Ёрдам ходимлари бу ҳақда омма олдида гапиришни ёқтирмаса ҳам, сўнгги ҳафталарда Украина учун рекорд суммаларни тўплаб, украиналик қочқинлар учун ўз уйларидан ўн минглаб жой таклиф қилган Европадаги анъанавий донор давлатлар кимга ёрдам беришда одам ажратаётган кўринади.

Украинадаги ҳимоясиз тинч аҳоли " барча раҳм-шафқатимизга ва саховатимизга лойиқдир", дейди Халқаро Қизил Хоч қўмитаси бош директори Роберт Мардини.

Аммо, дея қўшимча қилади у, бошқа жойларда ҳал этилмаган можаролар рўйхати кундан-кунга янгиланмоқда.

Афғонистон, Яман ва Суриядаги инқирозлар, айниқса, Украинадаги урушдан кейин янада ёмонлашди. Ян Эгеланнинг тан олишича, ёрдам агентликлари ўзларини "мисли кўрилмаган даражада иши кўпайган, маблағ танқислашиб кетгандек" ҳис қилмоқда.

Ҳамма учун бирдек ҳамдардлик

БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги ўз уйларини тарк этган украиналикларга нисбатан сахийликни олқишлади. Аммо ёрдам ходимлари ҳам биладики, яқин вақтгача кўплаб Европа давлатлари, жумладан, Венгрия ва Польша суриялик қочқинларни ўз чегараларидан нари қувган.

Woman sleeps on her luggage in a train station in Krakow, Poland

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россия босқини оқибатида Украинадан қочиб чиққан инсонларнинг сони 5 миллиондан ошди

Қочқинлар бўйича агентлик ходими Шабиа Манту фикрича, Украинадаги уруш дунёга қочқин бўлиш ёки юз минглаб одамларни қабул қиладиган Ливан, Уганда ёки Туркия каби қўшни давлат бўлиш нимани англатишини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

У украиналик қочқинлар учун эшикларини очган давлатлар "шунга ўхшаш вазиятда қолган барчага бирдамлик ва ҳамдардлик кўрсатишига" умид қилмоқда.

Олдинда оғир йил

Аммо бу инқироз глобал бирдамликнинг кучайтирса ҳам, ёрдам агентликлари бу жуда оғир йил бўлишини билади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг вето ҳуқуқига эга доимий аъзоси бўлган Россиянинг бу сўнгги урушда тажовузкор бўлиши ёрдам етказилишини қийинлаштириши мумкин.

БМТ Россия ва Ғарб ўртасидаги ҳамкорликка муҳтож, масалан, Сурияга трансчегаравий таъминот учун. Аммо бу муносабатлар, Жан Эгеланд айтганидек, ҳозир "чуқур музлаган".

Шу билан бирга, озиқ-овқат ва ёқилғи нархлари янада кўтарилади, чунки бой давлатлар ўзларининг пандемиядан чиқиш дастурларига ўнлаб миллиардлаб маблағ сарфлаш орқали ҳисоб-китобларини мувозанатлашга интилишади.

Ёрдамчиларнинг таъкидлашича, бу ҳақиқий бўрон инсонпарварлик ёрдами ҳеч қачон ечим эмаслигини яна бир бор кўрсатиб турибди, у шунчаки каттариб бораётган уруш яраси устига ёпиштирилган тасма холос.

Тинчлик ҳамма нарса учун зарурий шарт, дейди Аннализа Конте.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek