Толибоннинг ягона ўзбек мулозими: Шу пайтгача ҳеч ким очликдан ўлмаган - Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Abdul Salom Hanafiy

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Абдул Салом Ҳанафий толибларнинг Иқтисодиёт масалаларига масъул мулозими бўлади (чапдан биринчи). Унга кўра, мусулмон давлатлари Афғонистондаги қашшоқликни аритишда ўзларига кўмак қилишга ваъда қилишган
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Толибон муваққат Бош вазирининг ўринбосари Жаҳон Озиқ-овқат дастурининг жиддий хавотирларига қўшилмади.

Ҳозир 23 миллионга яқин афғон очликдан азоб чекаётганини рад этди.

У мамлакатида миллионлаб одам очарчиликка юз тутиб турганига оид баҳоларни ҳам йўққа чиқарди.

Абдул Салом Ҳанафий толибларнинг Иқтисодиёт масалаларига масъул мулозими бўлади.

Ҳаракат ҳамасосчиси Мулла Абдулғани Бародар Ахунд билан бирга Толибон муваққат Бош вазирининг иккита муовинидан биттаси ҳисобланади.

У яқинда амалий ташриф билан Ўзбекистонда ҳам бўлиб қайтган, Толибоннинг юқори даражали ҳайъатига бошчилик қилганди.

Алоқадор мавзулар:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Толибоннинг муваққат масъули БМТ идораси келтираётган рақамларга "ўзлари тугул Афғонистон халқи ҳам қўшилмаслиги"ни баён қилди.

Абдул Салом Ҳанафий "шу пайтгача очликдан ҳеч ким ўлмагани"ни айтди.

Oddiy afg'onlar

Афғонистон ҳозир жиддий инсоний ва иқтисодий бўҳрон ёқасида.

АҚШ ва бошқа давлатлар Афғонистоннинг четдаги $10 миллиард долларга яқин маблағларини музлатиб қўйишган.

Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси ҳам Толибон Афғонистони ўзларидан ортиқ бир тийин ололмаслигини айтган.

Афғонистон иқтисоди эса, шундоқ ҳам халқаро ёрдамга қараб келган.

Кучли қурғоқчилик сабаб, бу йил ғалла ҳам тузук-қуруқ бўлмаган.

Мамлакатда нарх-наво янада осмонга сапчиган.

Жаҳон Озиқ-овқат дастури ташкилотининг огоҳлантиришича, ҳозир Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи қақшатқич очлик таҳдиди остида.

Уч миллион бола қорни тўйиб овқатланмасликдан азоб чекади.

Эътироз ва эътироф

Oddiy afg'onlar

Сурат манбаси, Getty Images

Афғонистоннинг энг йирик мустақил ахборот агентлиги бўлган Pajhwok нинг ёзишича, Толибон мулозими уруш ва қурғоқчилик сабаб, кўплаб афғонларнинг қашшоқликда яшашаётганини тан олган.

Аммо уларнинг очликдан кўз юмишлари эҳтимолини назардан соқит этган, шу боис ҳам, ортиқча хавотирга ўрин йўқлигини айтган.

Унга кўра, мусулмон давлатлари Афғонистондаги қашшоқликни аритишда ўзларига кўмак қилишга ваъда қилишган.

Минтақадаги қўшнилари Афғонистонга сармоя киритиш истагини ҳам билдиришган.

Толибоннинг Иқтисодиёт масалаларига масъул муваққат мулозимининг баён қилишича, Афғонистонда иқтисодий аҳвол ўнгланмоқда.

Муваққат ҳукумати ҳам барча эҳтиёжларини ўз даромадлари ҳисобидан қоплашга қодир.

Аммо

Abdul Salom Hanafiy

Сурат манбаси, Getty Images

Xалқаро ҳамжамият ҳали-ҳануз Толибоннинг муваққат ҳукуматини расман тан олмаган.

Толибон қудратга қайтиши ортиданоқ Афғонистоннинг четда музлатиб қўйилган активларини очишга чақириб келади.

Минтақанинг қатор давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам халқаро ҳамжамиятга худди шу каби даъват билан чиққан.

Жиддий инсоний оқибатларини назарда тутиб, Афғонистонни яккаламасликка ҳам чақирганди.

Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади.

Жаҳон Озиқ-овқат дастури ташкилоти Афғонистон Ер юзида мисли кўрилмаган энг ёмон инсоний инқирозга юз тутиши мумкин, дейди.

Шу ҳафта бошида халқаро ҳамжамият Афғонистон активларини қисман очиш ва $280 миллион долларини қайтаришга қарор қилди.

Аммо бу пулни афғонларга тўғридан-тўғри кўмак бериши учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг икки масъул идораси - Жаҳон Озиқ-овқат дастури ташкилоти ва UNICEF га беришини айтди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek