Украина инқирози: Хитой нега Россия тараф? Rossiya Ukraina dunyo yangiliklar

Россия ва Хитой президентлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой президенти Путинни "энг зўр дўсти", деб атаган 2019 йилги учрашув
    • Author, Тесса Вонг
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Украина учун АҚШ ва Россия ўртасида даҳанаки жанг кучайиб борар экан, халқаро саҳнадаги бир йирик ўйинчининг ҳам овози кўтарилмоқда: Хитой...

Россия ва Хитой Ғарбга қарши бирлашмоқдами?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Охирги кунларда Пекин ҳар икки томонни тинчланишга ва Совуқ уруш менталитетига барҳам беришга ундади, шунингдек, Москванинг хавотирларини тушунишини очиқ айтди.

Хитой ўзининг азалий иттифоқчиси ва собиқ коммунист ўртоқ Россия томонига ўтиши аниқ кўринади. Аммо у буни қандай ва нима учун қилаётгани, уларнинг тарихидан анча чуқурроқдир.

"Хитой ва Россия дунёни ҳимоя қилади"

Ўтган ҳафта Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Россиянинг хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларини "қонуний", деб атади ва уларга "жиддий муносабатда бўлиш ва кўриб чиқиш" кераклигини айтди.

Душанба куни Хитойнинг БМТдаги элчиси Чжан Жун бундан ҳам узоқроққа борди ва Хитой АҚШнинг Россия халқаро тинчликка таҳдид деган даъволарига қўшилмаслигини очиқ айтди.

У, шунингдек, Қўшма Штатларни БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини чақиргани учун танқид қилиб, уни музокараларга "ҳисса қўшмайдиган" "мегафон дипломатияси" билан қиёслади.

Дипломатик нуқтаи назардан, Хитойнинг инқирозга нисбатан расмий позицияси эҳтиёткор ва нозик бўлиб, Россиянинг собиқ Совет қўшнисига қарши ҳарбий куч ишлатишни амалда қўллаб-қувватламайди.

Аммо баъзи давлат оммавий ахборот воситалари инқирозни янада дангалроқ ёритди. Хитойда Ғарбга қарши кайфият авжига чиққан пайтда юзага келган Украина инқирози Ғарб муваффақиятсизлигининг яна бир намунаси сифатида кўрсатилди.

Уларнинг фикрича, айнан АҚШ бошчилигидаги НАТО Россия ва Хитой каби бошқа давлатларнинг ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш суверен ҳуқуқини ҳурмат қилишдан бош тортиб, ўзини безоридек тутмоқда.

"The Global Times" "Хитой ва Россия ўртасидаги тобора яқинлашиб бораётган муносабатлар ва алоқалар, [яъни] дунё тартибини ҳимоя қилувчи сўнгги мудофаа", деб таъкидлаган бўлса, "Синхуа" давлат ахборот агентлигининг хабарида айтилишича, АҚШ "мамлакат аҳолиси эътиборни бошқа томонга чалғитиш" ва "Европага таъсирини қайта тиклаш"га уринмоқда.

Брукингс институтининг сиёсат бўйича директори Жессика Брандтнинг таъкидлашича, баъзи риторикалар дунёнинг АҚШ ва НАТОга нисбатан муносабатини шакллантириш мақсадида "Twitter"да (Хитойда тақиқланган) бир неча тилда эълон қилинган.

"Менимча, бу ерда мақсад Қўшма Штатларнинг юмшоқ кучига, либерал институтларнинг ишончлилиги ва жозибадорлигига путур етказиш ва очиқ оммавий ахборот воситаларини обрўсизлантиришдир", деди у Би-би-сига ва бу Пекиннинг "мунтазам равишда Кремлнинг ўз манфаатига мос келганда Украина бўйича даъволарини мустаҳкамлашга мисол", деди.

Умумий мақсадлар, умумий душман

Айрим экспертлар фикрича, Хитой ва Россия бу кунларда бир-бирига яқинроқ - эҳтимол Сталин ва Маодан кейинги ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ.

2014 йили Украинадаги Қрим инқирозидан кейин халқаро ихоталаниб қолган Россия ўзига иқтисодий ва дипломатик кўмак таклиф қилган Хитойнинг қучоғига отилди.

Ўшандан бери муносабатлар янада гуллаб-яшнади. Хитой кўп йиллар давомида Россиянинг энг йирик савдо шериги бўлиб келган ва ўтган йили ўзаро савдо ҳажми 147 миллиард долларни ташкил этган. Икки давлат ўтган йили яқинроқ ҳарбий алоқалар ўрнатиш, қўшма ҳарбий машғулотларни кучайтириш учун "йўл харитаси"ни ҳам имзолаган эди.

Жума куни Владимир Путин Си Цзиньпин таклифига биноан Қишки Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун Пекинга учди. У ерда улар яқиндан кузатилган учрашув ўтказдилар, бу жаноб Путинни икки йил ичида жаноб Си билан шахсан учрашган биринчи жаҳон қудратли етакчиси бўлди. Хитой раҳбари чет элга саёҳат қилишдан ўзини тиймоқда ва пандемия бошланганидан бери хорижликлар билан кам алоқада бўлди.

Муҳими, ҳар икки давлат ҳам ҳозирда Ғарб билан айниқса таранг муносабатларга эга.

"Пекин ва Москва АҚШ ва Европага қарши туриш ва халқаро сиёсатда катта роль ўйнашда умумий манфаатларга эга", дейди Тафтс университети халқаро тарих кафедраси доценти Крис Миллер.

Мутахассислар фикрича, Россияга қарши Ғарб санкциялари жорий этилишига олиб келадиган можаро авж олган тақдирда, Хитой аввалгидек Россияга иқтисодий ёрдамга келади. Бу муқобил тўлов тизимларини тақдим этиш, Россия банклари ва фирмаларига кредитлар бериш, Россия нефтини сотиб олишни кўпайтириш ёки ҳатто АҚШ экспорт назоратидан бутунлай воз кечишни ўз ичига олиши мумкин.

Украиналиклар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғарб Россияни Украинага бостириб кирган тақдирда, кескин жазо чораларига юз тутажаги билан огоҳлантирмоқда

Бироқ буларнинг барчаси Хитой учун катта молиявий харажатларга олиб келади. Экспертлар фикрича, Пекин ҳозирча Москва йўлидан юраяпти. "Россияни сўзда қўллаб-қувватлаш Пекин учун арзон ҳаракатдир", дейди доктор Миллер.

Украинадаги ҳарбий можаро Қўшма Штатларни чалғитади, бу эса, шубҳасиз, Хитой учун фойдали. Аммо кўпчилик кузатувчилар Пекиннинг урушни хоҳламаслигига ишонади.

Хитой эндиликда АҚШ билан муносабатларни барқарорлаштиришга интилмоқда, дейди Германия Маршалл жамғармасининг Осиё бўйича дастури директори Бонни Глейзер. Агар Пекин Москвани кучлироқ қўллаб-қувватласа, "АҚШ билан муносабатини янада кескинлаштириши мумкин, жумладан, демократия ва автократия ўртасида аниқроқ бўлиниш пайдо бўлиши мумкин", деди у Би-би-сига.

Сиёсатшунос Минхин Пей яқинда ёзган эссесида Пекин ҳам Москванинг асл ниятларидан хавотир олиб, инқирозда ҳар эҳтимолга қарши эҳтиёткор бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Россияни фаолроқ қўллаб-қувватлаш Хитойнинг иккинчи йирик савдо шериги бўлган ЕИнинг норозилигини келтириб чиқариши, бу эса "Европа реакциясини" қўзғатиши мумкин.

Профессор Пейнинг таъкидлашича, бу Украина инқирози фонида Тайванни қўллаб-қувватлаш шаклида бўлиши мумкин. Бу эса Хитой учун ташвишдир

"Тайвань Украина эмас"

АҚШдаги баъзилар, шунингдек, бутун дунёдаги хитой жамоалари Украина можаросини АҚШнинг ўз иттифоқчиларига содиқлиги синови сифатида диққат билан кузатмоқда.

Кўпчилик, агар Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ ҳарбий аралашувга киришадими, агар Хитой бир кун келиб ўзини мустақил давлат деб билган ва АҚШни энг катта иттифоқчиси деб ҳисоблайдиган орол Тайванни қайтариб олишга уринса ҳам шундай қиладими, деган савол туғилади.

АҚШ Тайвань учун Хитой билан урушга киришадими ёки йўқми, Осиёда тушунарли ташвиш туғдиради, чунки АҚШ ва Хитой ўртасида рақобат кучаймоқда ва Тайвань ўзи эълон қилган ҳаво мудофаа зонасига Хитой ҳарбий учоқлари бостириб киргани ҳақида тобора кўпроқ хабар бермоқда.

Қўшма Штатлар бундай ҳужум содир бўлган тақдирда аслида нима қилишини атайлаб ошкор қилмайди. АҚШда Тайванга ўзини ҳимоя қилишда ёрдам беришни талаб қилувчи қонун бор, лекин шу билан бирга, Вашингтон Пекиннинг "Ягона Хитой" сиёсатини - фақат битта Хитой ҳукумати бор деган позициясини дипломатик тан олади.

Бироқ экспертлар бунга ўхшаш параллелликларни рад этиб, бу икки вазият бутунлай бошқа геосиёсий хавотирлар билан бошқарилаётганига ишора қилади.

Уларнинг таъкидлашича, АҚШ Тайвань билан анча чуқурроқ тарихий алоқаларга эга ва уни АҚШнинг Осиёдаги мафкуравий, дипломатик ва ҳарбий стратегиясининг ўзаги деб билади.

"Хитой Россия эмас, Тайвань эса Украина эмас. АҚШ Тайванда Украинадан кўра кўпроқ манфаатдор", дейди Глейзер хоним.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek