Дунёнинг энг бой 10 одами пандемия туфайли икки баравар бойиди Dunyo Yangiliklar Koronavirus

Сурат манбаси, Getty Images
Оксфам хайрия ташкилотига кўра, коронавирус пандемияси жаҳондаги бой одамларни янада бойитган, қашшоқлар сони янада кўпайган.
Оксфамнинг янги эълон қилган ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб инсонларнинг топаётган даромадлари камайган, бу эса энг қашшоқ инсонлар орасида ҳар куни 21000 киши ўлимига олиб келмоқда.
Лекин дунёдаги энг бой 10 одамнинг жами бойлиги 2020 йил мартидан буён икки маротаба кўпайган.
Ўтган йили январида Оксфам энг бой 10 одамнинг пандемия даврида орттирган бойлиги "ҳаммага вакцина олишга етишини" айтиб чиққан эди.
Оксфам ташкилоти одатда Швейцариянинг Давосида ўтказиладиган Жаҳон Иқтисодий Форуми олдидан глобал тенгсизлик ҳисоботини эълон қилади.
Давос курортига қишда минглаб сиёсий лидерлар, иқтисодчилар, журналистлар ва машҳур одамлар тўпланадилар, турли мавзуларда баҳсу мунозаралар, зиёфатлар ташкил этилади.
Бироқ иккинчи йилдирки, Давос форуми онлайн ўтказилмоқда.
Январь ойининг иккинчи ярмида режаланган йиғилиш коронавируснинг "Омикрон" варианти тарқалгани боис бекор қилинди.
Шу ҳафтадаги онлайн муҳокамаларда пандемиянинг бундан кейинги ривожланиши, вакцина тенглиги ва энергетика турларини ўзгартириш мавзулари кўриб чиқилиши кўзда тутилган.
Оксфамнинг Британиядаги раҳбари Дэнни Срискандаражаҳ сўзларига кўра, хайрия ташкилоти ҳар йили ўзининг ҳисоботини Давос форуми вақтига мўлжаллайди, шу йўл билан дунёдаги иқтисодий, бизнес ва сиёсий элиталар эътиборини бойлик ва қашшоқлик масаласига қаратишни истайди.
"Юз бераётган ҳодисалар миқёсини тасаввур қилиб бўлмайди. Пандемиянинг деярли ҳар кунида бир миллиардер пайдо бўлаяпти, айни пайтда локдаунлар, халқаро савдо камайгани, халқаро туризм камайгани туфайли дунё аҳолисининг 99 фоизи аҳволи ёмонлашган. Оқибатда қўшимча 160 миллион одам қашшоқлик жарлигиги улоқтирилди", дейди Дэнни Срискандаражаҳ.
"Бизнинг иқтисодий тизимларимизда нимадир жуда нотўғри", дея қўшимча қилди жаноб Срискандаражаҳ.
Оксфамнинг Форбсга иқтибосан эълон қилишича, жаҳондаги энг бой кишилар қуйидагилар:
Элон Маск,
Жефф Безос,
Бернар Арно ва унинг оиласи,
Билл Гейтс,
Ларри Элисон,
Ларри Пейж,
Сергей Брин, Марк Цукерберг,
Стив Балмер,
Уорен Баффет.
Уларнинг жами бойлиги 700 миллиард доллардан 1,5 триллион долларга етган.
Пандемия давомида Элон Маск бойлиги 1000 фоиз кўпайган, Билл Гейтсники 30 фоизча ортган.

Оксфам рақамлари нимага асосланган?

Сурат манбаси, Pool
Оксфам ҳисоботи Форбс миллиардерлар рўйхати ва Credit Suisseнинг Глобал Бойлик ҳисоботига асосланади.
Глобал Бойлик ҳисоботи 2000 йиллардан буён ҳар йили эълон қилиб келинади.
Форбс маълумотлари асосан инсонларнинг мол-мулки, асосан уларнинг номига расмийлаштирилган кўчмас мулк ва ер қийматини ўлчайди, бу ҳисобдан қарзлар чиқариб ташланади, оладиган маоши киритилмайди. Шу тариқа миллиардер бойлиги ҳисоблаб чиқилади.
Дунё бойларининг бойлигини ҳисоблаб чиқиш методологияси ўтмишда танқидларга ҳам учраган.
Бунда, мисол учун, қарзлари кўп студент келажакда жуда катта даромад топиш потенциалига эга бўлиши мумкин, бироқ ушбу мезондан келиб чиқиб у қашшоқ деб кўрилади, дея танқид қилинган.
Оксфам ўз рақамларини ўзгартирганини, бунда пандемия пайти нарх-наво қимматлашгани, АҚШ Истеъмол нархлари Индексидан(CPI) келиб чиқиб, инфляцияни инобатга олгани, шу йўл билан яшаш қанчалар қимматлашганини аниқлаганини айтади.

Жаҳон Банкининг ҳам маълумотларига таянган Оксфам ҳисоботига кўра, медицинанинг имконли эмаслиги, очлик, гендерга асосланган зўравонлик ва иқлим ўзгариши кабилар дунёда ҳар тўрт секундда бир инсон ўлимига сабабчи бўлмоқда.
Оксфамга кўра, Ковид пандемияси туфайли кунига $5.50 доллардан кам даромад топаётган инсонларнинг сони 160 миллионга ортган.
Жаҳон Банки 5 ярим долларлик мезонни ўртача даромадли мамлакатлардаги қашшоқликни ҳисоб-китоб қилиш мақсадида фойдаланади.
Оксфам ҳисоботида яна шундай дейилади:
- Пандемия туфайли мамлакатларнинг қарзлари ортиб борар экан, ривожланаётган мамлакатлар ижтимоий тармоқларга харажатларини камайтиришга мажбур бўлмоқдалар
- Гендер тенгсизлик кучайган, 2019 йилга солиштирганда ишли аёлларнинг сони 13 миллионга камайган, 20 миллиондан зиёд қиз ҳеч қачон мактабга қайтолмаслиги мумкин
- Коронавирусдан этник озчиликлар янада кўпроқ жабр кўрди.
"Ҳатто глобал кризис пайти бизнинг адолатсиз иқтисодий тизимларимиз пулдорларга тасаввур қилиш қийин бўлган бойликларни келтирди, аммо камбағалларни ҳимоя қилолмади", дейди Оксфам раҳбари Дэнни Срискандаражаҳ.
Жаноб Срискандаражаҳ сўзларига кўра, мана энди дунё сиёсий раҳбарларининг олдида иқтисодий стратегияларини "ҳалокатли йўналишдан ўзгартириш" тарихий имконияти пайдо бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images
Бунинг учун янада илғор солиқ режимларини жорий этиш, капитал ва бойликни кўпроқ солиққа тортиш, тушган даромадларни "ҳамма учун универсал тиббий парвариш ва ижтимоий муҳофазага йўналтириш зарур бўлади, дейди жаноб Срискандаражаҳ.
Шу ой бошида Жаҳон Банки президенти Оэвид Малпасс глобал тенгсизлик вазиятидан огоҳлантириш билан чиққан, инфляция таъсири ва уни жиловалаш чоралари камбағал мамлакатларга янада кўпроқ шикаст етказиши мумкинлигини айтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















