Энг бойлар шунчалик бойидими? - Ўзбекистон ва дунё, O’zbekiston, Россия, dunyo, koronavirus, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Энг бойлар шунчалик бойидими? - Улар глобал коронавирус пандемияси даврида тўплаган бойлик ҳайратларга сабаб бўлмоқда. Дунё бойлари орасида асли ўзбекистонликлари ҳам йўқ эмас.

Бойлар бойлиги

Дунёдаги энг бой 10 одамнинг пандемия даврида орттирган бойлиги "ҳаммага вакцина олишга етади".

Oxfam ташкилотининг аниқлашича, 10 та энг бой одамнинг бойлиги пандемия даврида $540 миллиард долларга ортган.

Ноҳукумат ташкилотнинг айтишича, бунча миқдордаги маблағ дунёдаги ҳар бир одамни коронавирус сабабли қашшоқлашиши олдини олишга ва уларнинг ҳар бирини вакцина билан эмлашга етади.

Ҳисоботда айтилишича, уларнинг умумий бойлиги катта йигирмалик (G20) давлатларининг вирус етказган зарарни қоплаш учун ажратган маблағига тенгдир.

Oxfam ҳукуматларни ўта бойларга солиқ солиш масаласини кўриб чиқишга чақирмоқда.

Аммо бойларнинг давлати пандемия даврида кўпайгани ҳолда, дунёнинг энг бой одамлари томонидан фавқулодда чоралар учун сезиларли даражада ҳисса қўшилган.

Ҳисоботда нима дейилган?

Facebook

Сурат манбаси, AFP

Oxfam нинг "Тенгсизлик вируси" номли ҳисоботи глобал етакчиларнинг Жаҳон иқтисодий форумининг "Давос мулоқоти"га виртуал йиғини ўтиш арафасида нашр қилинди.

Ҳукуматларнинг ўз иқтисодларини қўллаб-қувватлаш учун бераётган мисли кўрилмаган ваъдалари миллиардерларнинг бойлигини янада орттириб, қимматли қоғозлар бозорида нархлар ўсишига туртки берган, аммо реал иқтисод асрдаги энг чуқур турғунликни бошдан кечирмоқда, дейилади ҳисоботда.

2020 йилнинг 18 мартидан 31 декабрига қадар жаҳон бўйлаб миллиардерларнинг бойлиги $3.9 триллион долларга кўпайиб, ҳозирда умумий $11.95 триллион долларни ташкил қилмоқда. Бу G20 ҳукуматларининг пандемияга қарши чора сифатида ажратган маблағларига тенгдир, деб қўшимча қилинади ҳисоботда.

Jeff Bezos

Сурат манбаси, AFP

2020 йилнинг мартидан буён бойлиги умумий ҳисобда 540 миллиардга кўпайган 10 нафар миллиардер орасида Amazon асосчиси Жефф Безос, Tesla асосчиси Илон Маск ва Facebook асосчиси Марк Цукерберг бор.

Ҳисоботга кўра, Безос 2020 йил сентябригача шунчалик кўп топганки, Amazon нинг 876000 xодимига $105 000 доллардан бонус бера олган ва пандемиядан аввал қанчалик бой бўлса, ҳамон ўшандай турибди.

Буни ўзини тиклаб олишига ўн йиллар керак бўладиган дунёнинг энг қашшоқларига қиёслаш мумкин.

Oxfam нинг ҳисоб-китобига кўра, 2020 йилда дунёда 200 ва 500 миллион оралиғида қашшоқ яшайдиган одамлар бор, пандемия вақтида глобал қашшоқлик даражаси 20 йил аввалги даражага қайтиб қолган.

"Бизнингча, ҳозир адолатлироқ нимадир қуриш учун кескинроқ бирор чора кўриш, бойлик солиқлари, корпоратив солиқлар, ҳар бир инсоннинг базавий ижтимоий ҳуқуқлари ҳақида ўйлашнинг айни фурсатидир", дейди Oxfam нинг Бош ижрочиси Дэнни Срискандаража Би-би-сига.

Унинг айтишича, Британиянинг ўзида солиқлар солиш миллионлаб маблағ келтиради.

Дунёнинг энг бойлари ўз ҳиссасини қўшмаяптими?

Kambag'allar

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳа, айримлари. Пандемия бошлангандан буён нисбатан кўпроқ миқдорда мегаxайриялар бўлди, машҳурлар, спорт юлдузлари ва бизнес етакчилар Ковид-19га қарши нимадир қиляпти.

UBSнинг октябрь ойидаги ҳисоботига кўра, 209 нафар миллиардер Ковид-19га қарши курашиш учун 2020 йилнинг мартидан июнига қадар умумий қиймати $7.2 миллиард долларга тенг ёрдам ваъда қилган.

"Улар фожеа вақтидаги тезкор ёрдамда бўлгани каби тезда жавоб беришган, грант олувчиларга маблағни қандай сарфлашни ўзлари ҳал қилишларига тўла ҳуқуқ берган ҳолда маблағ ажратишга ваъда беришган", дейилади бу ҳисоботда.

Ўтган ой Жефф Безоснинг собиқ хотини МакКензи Скотт тўрт ой давомида фавқулодда ёрдам фондлари ва озиқ-овқат банкларига $4 миллиард доллар беришини маълум қилган эди.

Блогпостида Скотт хоним пандемия сабабли қийналиб қолган америкаликларга ёрдам бериш истагини билдирган.

Ўтган йил июлида Безос коронавирусга қарши $125 миллион доллар ажратгани хабари чиққан эди.

Twitter ҳамасосчиси Жэк Дорси апрелда пандемияни юмшатиш бўйича фондга бир миллиард беришини эълон қилган эди. Бу унинг $3.9 миллиардлик бойлигининг чорак қисмидир.

Ҳарри Поттер муаллифи Жоан Роулинг уйсизлар ва пандемия даврида уйдаги зўравонликларга юз тутаётган одамларга ёрдам учун бир миллион доллар берди.

Бу орада Microsoft асосчиси Билл Гейтс ва унинг турмуш ўртоғи Мелинда вакциналар, даволаш ва диагностикани ривожлантириш учун $305 миллион ваъда қилди.

Билл ва Мелинда Гейтс фонди Жаҳон соғлиқ ташкилотининг учинчи энг йирик доноридир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek