Коронавирус: Қашшоқ давлатларга вакцина етмаяпти, ғарб давлатларида эса муддати ўтиб яроқсиз бўлиши мумкин Koronavirus Vaksina

Сурат манбаси, Reuters
Президент Байден дунё етакчиларини келгуси йил сентябр ойигача жаҳон аҳолисининг 70 фоизини эмлашга оид масъулиятни ўз зиммасига олишга чақирди.
Онлайн мулоқот давомида у АҚШ қўшимча тарзда 500 миллион дона Пфайзер вакциналарини сотиб олиб, ривожланаётган давлатларга тарқатишини айтди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бироқ сўнгги тадқиқот бой давлатларда ҳамон ортиқча вакциналар борлигини ва уларнинг бир қисми яроқсиз бўлиб қолиши мумкинлигини кўрсатди.
Бой давлатлар учинчи марта эмланишга киришаркан, вакцина олиш суст кечаётган даромади паст Африка ёки шунга ўхшаш мамлакатларда вазият умуман бошқа.
Ушбу тафовутни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти танқид қилди. Муҳтожларга кўпроқ вакцина юбориш чақириқлари ортмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Африкага вакцина етказиш тарафдорларидан бири бой давлатлар чоралар кўриши керак дейди.
"Ваъдалар вакцинага айланиб одамларнинг танасига кирмайди. Мажбуриятлар одамларга игна орқали бормайди. Одамлар вакцина йўқлигидан ўляпти. Мен Жаҳон соғлиқ ташкилотида чиқиш қилган куним, оила аъзоларимдан бири, 33 ёшли аёл вафот этди. Чунки у эмланмаган эди", дейди Африкага вакцина етказиш иттифоқидан Айоаде Алакия.
Янги тадқиқотда айтилишича, шу йил охирига қадар ривожланган еттилик давлатларида, жумладан Британия ва Европа иттифоқида 1 миллиард ортиқча вакцина бўлади.
Шулардан 100 миллион донасининг яроқли муддати декабрда тугайди.
Айни дамда рақамлар фарқ қилиши мумкин, аммо Африканинг тахминан 3 фоиз аҳолиси тўлиқ эмлангани айтилади.
"Бу шунчаки исроф. Одамлар исрофни ёмон кўради. Ушбу вакциналарни олиш билан инсонлар ҳаёти асраб қолиниши мумкин", дейди ЖСТ элчиси Гордон Браун.
Британиянинг собиқ бош вазири Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти элчиси Гордон Браун вакциналарни етказиш ҳаммага манфаатли эканлигини айтади.
"Агар касаллик Африка ёки даромади паст давлатларда тарқалса ва у мутацияга учраса, янги турлар ҳатто тўлиқ эмланган давлатларга ҳам кириб келади. Ҳамма хавфсиз бўлмагунча, ҳеч ким омон бўлмайди", дейди у.
Катта еттилик давлатлари ёз бошида камбағал мамлакатларга 1 миллиард дона вакцина етказишга келишганди. Бу дунёни эмлашга қўйилган йирик қадам эди.
Бироқ танқидчилар жараён ўта суст кечганини айтишади. Чоршанба куни АҚШ Президенти Жо Байден Американинг ҳиссасини икки баробар оширишга ваъда берди.
"Бу умуминсоний фожиа. Ушбу инқирозни ярим чоралар ва чала қоладиган мақсадлар билан ечмоқчи эмасмиз. Жиддий ишлашимиз керак", дейди Байден.
Бироқ ваъдалар бажариладими?
Африка ва бошқа давлатлар жуда ҳам кеч бўлмасидан аввал, вакциналар тезроқ етиб келишини исташади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















