Ковидни аёл ҳокимлар нега яхши жиловлашаяпти? Dunyo siyosat yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Мариана Санчес
- Role, BBC News, Бразилия
Бразилияда ўтказилган тадқиқот кўрсатишича, аёлнинг етакчилик қилиши пандемия даврида кўпроқ одам ҳаётини сақлаб қолади. Аниқланишича, аёл ҳокимлик қиладиган шаҳарчаларда Ковиддан ўлим даражаси 43 фоизга кам бўлган.
Бу пандемияда аёл етакчилар фаолияти эътибор тортди ва бу бежизга эмас.
Аввалбошда Жасинда Ардерн (Янги Зеландия) Цай Инвэн (Тайвань) ва Шайх Ҳасина Ҳасина (Бангладеш) каби мамлакат раҳбарлари Ковидга қарши вақтида чора кўра олгани ва касаллик янада тарқалишини тўхтатгани учун мақталди.
Аммо гендер ва соғлиқни сақлаш сиёсати самарадорлиги ўртасидаги боғлиқлик ҳозиргача тадқиқотлар асосида ўрганилмаган эди.
Бразилияда ўтказилган янги тадқиқот кўрсатишича, пандемия даврида аёл киши раҳбар бўлиши эркак бўлгандагига қараганда кўпроқ одам ҳаётини сақлаб қолиши мумкин экан.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, мамлакатдаги аёл киши раҳбар бўлган шаҳарчаларда Ковиддан ўлим даражаси 43 фоизга, касалхонага тушишлар эса 30 фоизга камроқ бўлган.
Уларнинг айтишича, бунинг сабаби дори дармон билан боғлиқ бўлмаган чоралар - ниқоб тақишнинг мажбурийлиги, катта йиғилишларнинг тақиқлангани бўлиб, бу каби чораларни кўришга аёллар кўпроқ мойил бўлади.
"Хулосаларимиз аёл етакчиларнинг глобал бошқарув масалаларида эркаклардан яхшироқ ишлашини ишончли тарзда кўрсатди", деб ёзди тадқиқотчилар.
"Яна натижалар маҳаллий етакчилар давлат миқёсидаги популист етакчиларнинг ёмон сиёсатига қарши мувозанатловчи роль ўйнашини ҳам кўрсатди."
Одамлар ҳаётини сақлаш

Сурат манбаси, Getty Images
Тадқиқотчилар 5500 та Бразилия муниципиалитетлари таҳлилини торайтириб, 2016 йилги сайловларда аёл ва эркак номзодлар қаттиқ беллашган 700 шаҳарчадаги вазиятга эътибор қаратган.
Аҳоли сони 200 мингдан оз бўлган ва сайлов бир босқичда ўтган шаҳарчалар ҳисобга олинган.
Ана шу қоидаларни татбиқ қилиб, тадқиқотчилар имкон қадар "тасодифий" эксперимент ўтказишга ҳаракат қилди.
Улар кичик ва ўрта катталикдаги шаҳарчалар гуруҳини шакллантирдилар, бу шаҳарчаларда эркак ёки аёл киши раҳбар бўлиши эҳтимоли бир хил эди.
Расмий статистикага асосланиб, улар аёллар раҳбарлик қиладиган жойларда эркаклар бошқарадиганларига нисбатан ҳар 100 000 одамга 43.7 фоиз камроқ ўлим ҳолати қайд этилганини аниқладилар.
Касалхонага тушганлар сони ҳам 30 фоизга оз.

Булар лавозимдаги аёлларнинг тутган йўлларига мувофиқ келади.
Тадқиқотга кўра, аёл ҳокимлар эркакларга нисбатан нотиббий чораларни кўпроқ кўрган.
Аниқланишича, аёл етакчилар катта йиғилишларни эркакларга нисбатан 5.5 фоиз кўпроқ эҳтимол билан тақиқлайди, 8 фоиз кўпроқ эҳтимол билан ниқоб тақишни мажбурий қилади ва 14 фоиз кўпроқ эҳтимол билан мажбурий тестдан ўтказишни жорий қилади.
Тадқиқотчилар Бразилия шаҳарларининг ярмини аёллар бошқарганда (ҳозир 13 фоизи аёллар) қанча одамнинг ҳаёти сақлаб қолиниши мумкинлигини аёллар олиб борадиган сиёсатдан келиб чиқиб ҳисобладилар.
Мамлакатда ўлимлар ҳозиргидан 15 фоизга камроқ бўлар эди, дейдилар улар.
Бошқача айтганда, Ковид сабабли ўлган 540 000 бразилияликнинг 75 мингги бугун тирик бўларди.
"Биз давлат сиёсатини белгилашда бу феноменнинг аҳамиятини кўрсатишни истардик", дейди тадқиқот муаллифларидан бири, Барселона университетидан Александрос Кавгиас Би-би-сига.
Фарқли танловлар

Сурат манбаси, Getty Images
Ушбу тадқиқотга кўра, аёлларнинг эркакларга нисбатан яқшироқ қарор қабул қилиши сабаби нима?
Тадқиқотчилар ёш ва таълим даражаси каби бир қанча эҳтимолий омилларни ҳам ҳисобга олишган.
Улар, шунингдек, натижалар соғлиқни сақлаш бўйича пандемиядан аввалги қарорларга, жумладан, касалхона ўринлари сонини ошириш, жамоат соғлиғига ажратиладиган маблағ миқдорига алоқаси йўқлигини айтишмоқда.
Қизиғи, аёл ҳокимлар ҳатто Бразилиянинг ўта ўнгчи президенти Жаир Болсонару катта овоз олган муниципиалитетларда ҳам чекловчи чораларни жорий қилган.
Болсонару ниқоб тақишга ва ижтимоий масофа сақлаш каби чекловларларга ашаддий қаршилик қилиб келади.
"Партия ва сиёсий позициялар ҳақидаги маълумотларга қарасангиз, аёл ҳокимлар ўзларининг эркак ҳамкасбларига нисбатан консервативроқ эканини кўрасиз", дейди Инспер институтидан Рафаэль Брюс.

Сурат манбаси, EPA
Милан университетидан жамоат бошқаруви бўйича тадқиқотчи Гагете Миранданинг айтишича, бу ҳолатни аёлларнинг характери орқали изоҳлаш мумкин: таваккал қилишдан қочиш.
"Аёллар Ковид-19га қарши нофармокологик чораларни, масалан, ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш кабиларни кўпроқ қўллашини кўрсатувчи тадқиқот қилинган", дейди у Би-би-сига.
"Агар аёллар умуман шундай йўл тутса, аёл ҳокимлар ҳам шундай қилиши табиий, кейингиларда аҳоли бўйсунишга мажбур сиёсий қудрат бор", дейди Гагете Миранда.
Сиёсий қудрат

Тадқиқот Сан Паулу ва Барселона университетлари ҳамда Инспер институти олимлари томонидан қилинган. У ҳозирча нашргача бўлган босқичда.
Аммо унинг хулосалари бошқа бир қатор ўрганишлар хулосалари билан ҳамоҳанг.
"Applied Psychology" журналида 2020 йилда чиққан мақолада АҚШда аёл губернаторлар бўлган штатларда ўлим даражаси бошқаларникидан пастроқ бўлгани қайд этилган.
Бошқа таҳлиллар ҳам аёллар матбуот анжуманларида кўпроқ ишонч ва меҳрибонлик билан гапирганини кўрсатган.
Ридинг ва Ливерпул университетлари тадқиқотчилари эълон қилган тадқиқот ҳисоботида аёл киши бошқарадиган давлатлар эркак бошқарадиганларига нисбатан Ковид 19га қарши самаралироқ кураша олгани айтилади.
Олимлар бу етакчиларнинг пандемияга вақтида ва мувофиқ шаклда жавоб қайтара олганини юқори баҳолаган.
Бундай самарали натижаларга қарамай, аёлларнинг сиёсатдаги ўрни эркакларникидан оз ва бу ҳолат инқироздаги бошқарувга таъсир этмай қолмайди.
"Бразилия сиёсати ҳамон эркаклар қўлида эканини биламиз. Бу эса аёлларнинг ҳокимиятга сайланиши учун талабларни янада оширади. Ва фақат кўпроқ салоҳиятга эга аёлларгина сайловда ютади ёки ютишга яқин келади", дейди Гагете Миранда.
Тадқиқот ҳаммуаллифларидан Брюснинг тан олишича, бунинг имкони бор.
"Балки аёл ҳокимлар ўз сиёсий каръераларидаги босим, юқори талаб сабабли яхшироқ қарорлар чиқараётгандир", дейди у.
"Аммо буни статистик маълумотлар орқали баҳолаб ва кузатиб бўлмайди."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














