Ёвуз корпорация: Россия ҳакерлари шунчалик кучлими? Dunyo Rossiya yangiliklar

Коллаж
    • Author, Жо Тиди
    • Role, Кибермухбир

АҚШ Федерал Қидирув бюроси рўйхатидаги ҳакерларнинг кўпчилиги россиялик экан.

Уларнинг айримлари гўёки маошга давлат идорасида ишласа, бошқалари зарарли иловалар яратиш ва интернет ўғрилигида айбланишади.

Аммо агар Россиядан чиқишса, қамоққа олинадилар, мамлакат ичкарисида эса, эркин қуш.

Дунёнинг энг кўп қидирилаётган ҳакерларини ушлаш қанчалик осон?

Алоқадор мавзулар:

"Вақтни беҳуда ўтказяпмиз", деб ўйладим ташлаб кетилган товуқнинг жасадини ялаётган мушукни кўриб.

Москвадан 700 километр шарқда жойлашган вайронага айланган ушбу уй-жойда мультимиллионер экани айтилаётган кибержиноятчининг изи ҳам қолмаган.

Лекин мен таржимон ва оператор билан йўлимда давом этдим, дайди мушукни турар-жой биноси йўлагидан қувдим.

Эшиклардан бирини тақиллатганимизда, ичкаридан бир йигит жавоб берди, қизиқувчан бир кекса аёл ошхонадан бизга қаради.

"Игорь Турашев? Йўқ, мен бунақа одамни танимайман", деди у.

"Унинг оиласи шу ерда рўйхатдан ўтган, сиз кимсиз?" деб сўрадик.

Дўстона суҳбатдан сўнг биз Би-би-си мухбири эканлигимизни тушунтирдик ва кайфият бирдан ўзгарди.

"Мен сизга унинг қаердалигини айтмадим ва сиз ҳам уни топишга уринманг. Бу ерга бошқа келманг", деди йигит жаҳл билан.

Хавфсизлик секторидаги одамлар менга берган қарама-қарши маслаҳатларни ўйлаб, ўша кечаси ёмон ухладим.

Баъзилар қидирувдаги кибержиноятчиларни ўз маконларида излашга уриниш хавфли эканини айтди. "Уларнинг қуролли қўриқчилари бўлади", деди менга бири. "Ўзингизни қайсидир ариқда топасиз", деб огоҳлантирди бошқаси. Бошқалар эса ҳаммаси яхши бўлади дейишди: "Улар шунчаки компьютер жиннилари".

Ҳамма уларга яқин ҳам бормаслигимиз кераклигини айтди.

Матбуот анжумани

Сурат манбаси, US DEPARTMENT OF JUSTICE

Сурат тагсўзи, "Ёвуз корпорация"дан экани тахмин қилинган Максим Якубец, Игорь Турашев ва ян етти нафар шахс 2019 йилда айбланган ёки санкциялар рўйхатига тушган

Икки йил аввал бўлиб ўтган матбуот анжуманида Федерал қидирув бюроси "Evil Corp" рус хакерлар гуруҳининг тўққиз нафар аъзоси номини эълон қилди, Игорь Турашев ва жиноий гуруҳ раҳбари Максим Якубец хакерлик орқали 100 миллион долларни ўғирлаш ёки ундириш орқали нақ 40 та давлатга таъсир қилганликда айбланди.

Жабрланувчилар орасида кичик бизнесдан тортиб "Garmin" каби халқаро компанияларгача, хайрия ташкилотларию мактабгача бор. Булар фақат маълум бўлганлари.

АҚШ Адлия вазирлигининг таъкидлашича, бу одамлар пул ўғирлаш учун махсус иловалар орқали ҳужумлар уюштирган ёки банк ҳисобларни бузиш билан шуғулланадиган "кибермакондан фойдаланган ҳолда банкларни талон-тарож қилган"лар.

Бу эълон ўша пайтда 32 ёшли Максим Якубецни рус плейбой ҳакерининг рамзига айлантирди.

Жиноий гуруҳнинг Буюк Британиянинг Жиноятга қарши курашиш Миллий Агентлиги қўлга киритган видеотасвирларда эркаклар одатий Ламборжини машиналарини миниб, пул тўла қопларга қараганча кулишаётгани ва шер боласи билан ўйнашаётганини кўриш мумкин.

Максим Якубец давлат рақамида русча "ўғри" сўзи ёзилган Lamborghini машинасини бошқармоқда

Сурат манбаси, NATIONAL CRIME AGENCY

Сурат тагсўзи, Максим Якубец давлат рақамида русча "ўғри" сўзи ёзилган Lamborghini машинасини бошқармоқда

Икки кишига нисбатан ФҚБ айблови кўп йиллик меҳнат, жумладан, собиқ жиноий гуруҳ аъзолари билан суҳбатлар ва киберкриминалистик текширувлардан сўнг эълон қилинган. Баъзи маълумотлар 2010 йилга тўғри келади, ўшанда рус полицияси ҳали ҳам америкалик ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эди.

У кунлар ўтиб кетган. Россия ҳукумати ўз фуқароларига қарши АҚШнинг айбловларини мунтазам равишда рад этиб келади.

Дарҳақиқат, ҳакерларга нафақат ишларини давом эттиришга қўйиб беришади, балки улар хавфсизлик хизматлари томонидан ҳам жалб қилинади.

Максим Якубец бўйича суриштирувимиз ноодатий жойда - Москвадан икки соатча йўлдаги гольф майдонида бошланди.

Бу 2017 йилда унинг тўйи айни шу жойда бўлган ва унинг видеоси Озод Европа/Озодлик радиоси томонидан аниқланган ва кенг тарқалган.

Айтиш жоизки, Якубецнинг юзи тўйларни тасвирга олиш продюсерлик компанияси томонидан олинган кадрларда кўрсатилмаган, лекин бошқа бир видеода у чироқ нурлари остидаги шоуда таниқли россиялик қўшиқчи ижросидаги жонли мусиқага рақс тушаётганини кўриш мумкин.

Тўй

Сурат манбаси, NATIONAL CRIME AGENCY

Сурат тагсўзи, Максим Якубец тўйининг харажати ярим миллион доллардан ошган бўлиши мумкин

Тўй сценарийсини тузган Наталья Якубецнинг тўйи ҳақида батафсил маълумот бермади, лекин бизга баъзи муҳим жойларни, жумладан, кўл бўйидаги тепаликларга ўйиб қурилган устунли бинони кўрсатди.

"Бу бизнинг эксклюзив хонамиз, - деди у. - Янги турмуш қурганлар фотосессия ва романтика учун ичкарига кирадилар."

Биз гольф аравасида юрганимизда ҳисоблаб чиқдим. Бизга айтилганларни ҳисобга олсак, бу катта тўй мен илгари эшитганим - 250 000 доллардан анча қимматга тушади. Харажат ярим миллион долларга ёки ҳатто 600 минг долларга яқин бўлиши керак.

Тўй учун тўлов қандай қилинганини билмаймиз, лекин агар Якубецнинг ўзи тўлаган бўлса, бу унинг турмуш тарзи қанчалик хашам ичида эканидан далолатдир.

Игорь Турашев

Сурат манбаси, Turashev wanted posterIMAGE SOURCE,US DEPARTMENT O

Сурат тагсўзи, Игорь Турашев "Ёвуз корпорация"нинг тизим администратори эканликда айбланади

40 ёшли Игорь Турашев ҳам эътибор тортмасликка уринади.

Очиқ ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, менинг ҳамкасбим, Би-би-си Рус хизматининг кибермухбири Андрей Захаров унинг номига рўйхатдан ўтган учта компанияни топди.

Уларнинг барчаси Москванинг молия марказидаги ялтироқ осмонўпар бино - нуфузли Федерация минорасида офисга эга.

Ажабланган администратор телефон рақамини қидириб, уларнинг офисида телефон йўқлигини аниқлади. Бироқ у фирма номига рўйхатга олинган уяли телефон номерини топиб берди.

Биз қўнғироқ қилиб кутиб турдик. Фрэнк Синатра қўшиғи беш дақиқа чамаси янгради, кейин ниҳоят кимдир гавжум кўчада тургандек телефонни кўтарди, аммо журналист эканимизни айтганимизда гўшакни қўйди.

Андрей тушунтиришича, Турашев Россияда қидирувдаги шахс эмас, шунинг учун шаҳар марказидаги қиммат офис майдонини ижарага олишга унга ҳеч ким халал бермайди.

Унга, шунингдек, биткоин каби криптовалюталар билан шуғулланадиган компаниялар орасида бўлиш қулай. "Evil Corp" ўз қурбонларидан бир гал бир уринишда 10 миллион доллар қийматдаги валютани ўғирлагани айтилади.

"Chainalysis"нинг биткоин таҳлилчилари қилган тадқиқотларга асосланган "Bloomberg" хабарида айтилишича, Федерация минорасида "кибер жиноятчиларнинг банкоматлари" вазифасини бажарадиган кўплаб криптофирмалари жойлашган.

Биз Турашев ва "Evil Corp"нинг Денис Гусев исмли яна бир муҳим шахси билан боғлиқ яна иккита манзилни текширдик ва кўп марта телефон ва электрон почта орқали боғланишга уриндик, аммо ҳеч ким жавоб бермади.

Андрей ва мен узоқ вақт давомида Максим Якубецнинг иш жойини топишга уриндик.

У онасининг чорва моллари учун емиш чиқарадиган корхонасида директор бўлиб ишлаган, аммо бугунги кунда унинг номида рўйхатдан ўтган корхона ёки иш берувчи йўқ.

Бироқ биз у яшаши мумкин бўлган манзилларни топдик, ўша куннинг ўзидаёқ эшик тақиллатиб бордик.

Улардан бирида биз ўзимизни таништирганимизда бир киши домофон ортида кулиб юборди.

"Максим Якубец бу ерда эмас. У кетганига 15 йил бўлди, мен унинг отасиман" деди у.

Ажабланарлиси шундаки, катта Якубец йўлакка чиқди ва камера олдида 20 дақиқалик интервью берди ва ўғлига айблов қўйган АҚШ расмийларини ғазаб билан қоралади.

Ўғлининг ҳибсга олинишига сабаб бўладиган маълумот учун 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мукофот белгиланган - бир кибержиноятчи учун мисли кўрилмаган пул. Натижада оиламиз ҳужумдан қўрқиб яшади, деди отаси биздан унинг сўзларини эълон қилишни талаб қилиб.

"Америкаликлар менинг оилам, бизни танийдиган кўплаб одамлар, қариндошларим учун муаммо яратди. Қандай мақсад билан? Америка адолати совет адолатига айланиб қолди. Уни сўроқ қилишмади, тергов қилишмади, унинг айбини исботловчи процедуралар ҳам йўқ эди".

У ўғлининг кибержиноятчи эканлигини рад этди. У қандай қилиб бунчалик бойиб кетгани ҳақида сўраганимда, тўй қимматга тушганини муболаға, ҳашаматли машиналар эса ижарага олинганини айтиб кулди. Максимнинг иш ҳақи ўртачадан юқори эди, деди у, чунки у "ишлайди, маош олади, иши бор".

"Нима иш қилади ўзи?" Мен сўрадим.

"Нега сизга айтишим керак? - деб жавоб берди у. - Шахсий ҳаётимизни гапириб беришим керакми?"

Айблов эълон қилингандан кейин ўғли билан боғланмаганини, шунинг учун бизни у билан кўриштира олмаслигини айтди.

Ғарб киберҳужумларга қарши курашар экан, Якубец ва Турашев киберҳужумлар сабабли айбланган ва рўйхати узайиб бораётган Россия фуқаролари орасидадир.

Санкциялар ва айбловларга бошқа давлатлар фуқароларига қараганда кўпроқ россияликлар ва Россия ташкилотлари дучор бўлмоқда.

Айбловлар ҳакерларнинг хорижга чиқишига тўсқинлик қилади, санкциялар эса уларнинг Ғарбдаги барча активларини музлатиб қўяди ва Ғарб фирмалари билан бизнес қилишларини тақиқлайди.

Ўтган йили Европа Иттифоқи ҳам Америка Қўшма Штатлари изидан бориб, кибер санкцияларни жорий қила бошлади ва бу рўйхатда ҳам асосан россияликлар номлари келтирилади.

Бу рўйхатдаги шахсларнинг катта қисми Россия давлати билан бевосита алоқага эга экани ва улар жосуслик қилиш, босим ўтказиш мақсадида ҳакерлик билан шуғуллангани айтилади. Барча давлатлар бир-бирига қарши ҳакерлик қилаётган бир пайтда, АҚШ, Европа Иттифоқи ва иттифоқчилар Россиянинг айрим ҳужумлари меъёрдан ошиб кетаётганини айтмоқда.

Уларнинг баъзилари Украинада электр тармоқларига бузиб кириш орқали электр энергияси узилишларига сабаб бўлишда айбланмоқда. Бошқалар эса Солсберидаги заҳарланишдан сўнг кимёвий қуролларни синовдан ўтказувчи иншоот компьютерларига киришга уринганлиги учун қидирилмоқда.

Кремль барча айбловларни рад этиб, уларни мунтазам равишда масхара қилади, уларни Ғарб васвасаси ва "русофобия" деб атайди.

"Ёвуз корпорация"нинг аъзоси эканликда тахмин этилаётган шахс

Сурат манбаси, NATIONAL CRIME AGENCY

Сурат тагсўзи, "Ёвуз корпорация"нинг аъзоси эканликда тахмин этилаётган шахс бир уюм пул билан суратга тушган

Мақбул даражадаги ҳакерликни белгиловчи аниқ қоидалар мавжуд эмаслиги сабабли, биз ўз суриштирувимизни фойда олиш учун ҳакерлик қилган, жиноий ҳаракатларда айбланган шахсларга қаратдик,.

Хўш, кибер санкциялар "жиноятчи" ҳакерларга қарши ишлайдими?

Якубецнинг отаси билан суҳбатдан кўринишича, улар ҳақиқатан ҳам қандайдир таъсирга эга бўлганга ўхшайди - ҳеч бўлмаганда уни ғазаблантирган.

Бироқ "Evil Corp" зарар кўрмаган кўринади.

Киберхавфсизлик бўйича тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу гуруҳ ҳозир ҳам Ғарбдаги "ёғлиққина" нишонларга қарши киберҳужумлар қилмоқда.

Тадқиқотчилар ва собиқ ҳакерларнинг фикрича, Россия ҳакерларининг "олтин қоидаси" шуки, давлат томонидан ёлланмаган жиноий ҳакерлар, агар қурбонлар русийзабон ёки собиқ Совет ҳудудида бўлмаса, исталган нишонга ҳужум қилиши мумкин.

Киберхавфсизлик бўйича тадқиқотчилар бу мамлакатларда йиллар давомида камроқ ҳужумлар содир бўлганини қайд этганига қараганда, ушбу қоида ишлаётганга ўхшайди. Шунингдек, улар баъзи зарарли дастурлар рус тилидаги тизимларга эга компьютерларни четлаб ўтишга мўлжалланганини аниқладилар.

Мамлакатдаги кам сонли мустақил ахборот ташкилотларидан бири бўлмиш "Медуза" нашрининг суриштирувчи мухбири Лилия Яппарованинг айтишича, "олтин қоида" разведка идоралари учун фойдали бўлиб, улар ҳакерлар ўзлари учун ишлаб ўрганган кўникмаларидан фойдаланишлари мумкин.

ФСБ учун Россиядаги ҳакерларни қамоққа ташлашдан кўра уларни ёллаш муҳимроқ. Менга маълумот берганлардан бири, ФСБнинг собиқ зобити, у "Evil Corp" йигитларини ёллашга ҳаракат қилганини айтди.

АҚШнинг айтишича, Максим Якубец ва қидирувдаги бошқа ҳакерлар, жумладан, ҳибсга олиниши учун 3 миллион доллар мукофот тайинланган Евгений Богачев бевосита хавфсизлик хизматларига ишлаган.

Тўй видеосида тасвирланган Якубецнинг қайнотаси ФСБнинг собиқ юқори мартабали зобити бўлганлиги бежиз эмас.

Биз Россия ҳукуматидан ҳакерларнинг Россияда бемалол юргани ҳақида изоҳ сўраганимизда, жавоб олмадик.

Шу ёзда Жо Байден билан Женевада бўлиб ўтган саммитда бу ҳақда сўралганда, Владимир Путин шов-шувли ҳужумлар Россиядан бўлаётганини инкор этди ва ҳатто киберҳужумларнинг аксарияти АҚШда бошланганини даъво қилди. Аммо у "тартиб ўрнатиш" учун АҚШ билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтди.

"Evil Corp"нинг юксалиши

  • 2009: "Evil Corp" пайдо бўлди, у "Cridex", "Dridex", "Bugat" ёки "Zeus" деб номланган зарарли дастурлардан банк логинларини ўғирлаш ва ҳисоблардан пул олиш учун фойдаланган.
  • 2012: "Evil Corp" аъзолари Небраска суди онлайн лақаблари остида айбланди, чунки уларнинг шахси номаълум эди (Якубец гўё "Aqua" номи остида бўлган).
  • 2017: Гуруҳ "ransomware as a service" (RaaS) операциясини ишга туширишда айбланди - бошқа ҳакерлар уларнинг "BitPaymer" деб номланган дастуридан фойдаланиш учун пул тўлагани айтилди.
  • 2019: Якубец, Турашев ва яна етти киши АҚШда айбланди, санкцияга тушди - Якубецни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот таклиф этилди.
  • 2019 йилдан бери "Evil Corp", даъволарга кўра, "DoppelPaymer", "Grief", "WastedLocker", "Hades", "Phoenix" ва "Macaw" каби турли ўғри дастурлардан фойдаланган.
Presentational grey line

Сўнгги олти ой ичида Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари кибер-санкциялардан ташқарига чиқиб, анча агрессив тактикаларни қўллади.

Улар кибержиноятчилар тўдаларига қарши ҳакерлик қилишни бошладилар ва уларнинг баъзиларини, ҳеч бўлмаганда, бир муддат муваффақиятли ёпиб қўйдилар. "REvil" ва "DarkSide" ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатлари туфайли энди ишламай қолганлигини эълон қилди.

Икки ҳолатда АҚШ ҳукумати ҳакерлари ҳатто қурбонлардан ўғирланган миллионлаб доллар биткоинларни қайтариб олишга муваффақ бўлди.

Европол ва АҚШ Адлия вазирлиги иштирокидаги халқаро саъй-ҳаракатлар натижасида ҳакерлар Жанубий Корея, Қувайт, Руминия ва Украинада ҳибсга олинди.

Бироқ кибер хавфсизлик бўйича тадқиқотчиларнинг айтишича, ҳар ҳафта кўпроқ гуруҳлар пайдо бўлмоқда ва ҳужумлар уюштирилмоқда. Россияда ҳакерлар авж олиб борар экан, бу ҳодиса йўқолмайди, дейди улар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek