Ироқ: АҚШ $5 миллион доллар ваъда қилган ИШИД етакчиси қўлга олиндими? Ўзбекистон ва дунё Iroq O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, IRAQ SECURITY MEDIA CELL
Ироқ томонига кўра, Абу Бакр ал-Бағдодийнинг муовинини ушлашган. Айтилишича, Ҳожи Ҳамид ИШИДнинг молиявий ишларига масъул бўлган. ИШИД Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирганини эълон қилган жангари гуруҳ бўлади.
Ҳожи Ҳамиднинг ҳибси ҳақида шахсан Ироқ Бош вазирининг ўзи маълум қилган.
Бош вазирга кўра, Ҳожи Ҳамид номи билан танилган Сами Жасм ал-Жабурий Ироқ ташқарисида қўлга олинган.
Ҳибсни Ироқ Жосуслик Хизмати амалга оширган.
ИШИДнинг молиявий етакчиси "осон бўлмаган" амалиёт ортидан қўлга киритилган.
Бош вазир твитидан Ҳожи Ҳамиднинг айнан қаерда ҳибсга олингани тафсилотлари ноаён қолган.
Аммо унинг Туркияда қўлга олинганига оид хабарлар бор.
Расмий Анқара ҳозирча бу хусусда жим.

Сурат манбаси, AFP
Хабарларга кўра, Ҳожи Ҳамид АҚШ диққат-эътиборидаги шахс бўлган.
АҚШ томони уни топиш учун пул мукофоти ҳам эълон қилган.
Ҳожи Ҳамиднинг қаердалигига оид маълумот учун $5 миллион доллар беришини айтган.
Молиявий етакчисининг ҳибсига оид хабарларга ИШИД гуруҳи ҳозирча бирор бир муносабат билдирмаган.
АҚШ томонига кўра, Ҳожи Ҳамид ИШИДнинг "террорчилик амалиётлари учун пул топишда муҳим ўрин тутган".
2014 йилда Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудларини босиб олиши ортидан гуруҳнинг молиявий амалиётларига бош-қош бўлган.
Нефть, газ, осори атиқалар ва минералларнинг ноқонуний савдосини назорат қилган.
Ироқ томонига кўра, Ҳожи Ҳамид ИШИДнинг янги лидери Амир Муҳаммад Сайид Абдул Раҳмон ал-Мавлога ҳам яқин бўлган.
Расмий Бағдод унинг қўлга олиниши ИШИДга берилган жиддий зарба эканини айтмоқда.
Шу йил бошида Ироқ томони ИШИД етакчисининг яна бир моувини ва мамлакат жанубидаги лидерини ўлдирилганликларини ҳам иддао қилиб чиққанди.
ИШИД

Сурат манбаси, Getty Images
ИШИД ўз вақтида дунёдаги "энг қудратли" жангари гуруҳ сифатида эътироф этилган.
2017-2018 йилларда эса, гуруҳ мавҳ этилган, исломий халифати ҳам тугатилган.
Аммо Ироқ ва Сурияда ҳали-ҳануз минглаб жангариси қочиб юргани, очиқда экани ишонилади.
Уларнинг онда-сонда ҳужум уюштириб туришга қодир эканликлари ҳам кузатилади.
Сўнгги хабар ИШИД Афғонистон ва Мозамбикда фаоллашиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
ИШИДнинг Хуросон қаноти сўнгги ҳафталарда Афғонистонда уюштирилган қатор қонли ҳужумларга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққан.
Ўнлаб индонларнинг умрларига зомин бўлган бу ҳужумлар ИШИД Толибон Афғонистонига жиддий бошоғриқ бўлишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
ИШИД сафларида ўз вақтида юзлаб ўзбекистонлик жангариларнинг ҳам жанг қилишгани ишонилган.
Расмий Тошкент сўнгги йилларда уларнинг қочқинлар жамлоқларида қолаётган оила аъзоларини ортга ва нормал ҳаётга қайтариш саъй-ҳаракатида экани кўрилади.
ИШИД Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирганини эълон қилган жангари гуруҳ бўлади.
Афғонистон эса, минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта давлатидан биттаси саналади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, Screenshot
Афғонистон ва Покистонда экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларида ўзбеклардан ташқари, айрим Марказий Осиё давлатлари фуқаролари, чеченлар ва уйғурлар ҳам жанг қилишгани айтилган.
Ҳаракат 2015 йил августида Толибондан юз ўгириб, тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирганини эълон қилган.
Айнан Толибон билан 2019 йилги қақшатқич жанглар ортидан ҳаракатнинг Афғонистон шимолидаги таянч нуқтаси вайрон этилиб, фаолияти деярли барҳам топгани айтилган.
Аммо орада ҳаракат парчаланиб, унинг сафларидан яна Толибонга мойил, ўзини қайта Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб номлаган ўзаги ажралиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинган.
Афғонистон шимолидаги маҳаллий қўмондонлардан бири эса, яқинда Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервьюсида толиблар сафида бошқа хорижий жангарилар қаторида ўзбекистонликлари ҳам борлигини иддао қилган.
Қўмондон бунга жангариларнинг ўзлари тутиб, тинглашга муваффақ бўлган рация орқали сўзлашувлари далолат қилишини айтганди.
Сўнгги йилларда маҳаллий масъуллар Покистондан Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларига ўзбекистонлик ўнлаб жангарилар оилаларининг келиб, ўрнашаётганликларидан хавотир билдириб келишгани ҳам кўрилган.
АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчилари ва омон қолган аъзолари узоқ йиллар давомида айнан Покистондан бошпана топиб келишган.
ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистонда қарийб ўн йилдирки амал қилади.
Унга 2014 йил Покистонда, ИШИД жангари гуруҳи Яқин Шарқда куч-қудратга тўлган бир пайтда асос солинган.
Афғонистон сўнгги йилларда бу икки жангари гуруҳ ўртасидаги қақшатқич жангларга ҳам саҳна бўлган.
Толибон ўзи етакчи жангари гуруҳ бўлган Афғонистонда бошқа бир рақибининг ўсиб, кучайиб, ўз ўрнини эгаллашини истамай келади.
Ўтган йил расмий Вашингтон билан имзолаган "тарихий битими" доирасида бирор бир хорижий жангари гуруҳнинг афғон тупроғида ташқи таҳдидга айланишига йўл қўймасликка ҳам ваъда берган.
Аммо айнан ИШИДнинг Толибонга билвосита алоқаси ҳам бор.
Расмий Тошкентнинг ҳозир Толибон муваққат ҳукумати билан мулоқот қилиш орқали Афғонистондан келиши мумкин бўлган ҳар қандай таҳдидни ҳам аритиш ҳаракатида экани кўрилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














