Ҳижобсиз ва ноисломий манекенларнинг боши олинмоқда Islom Shariat

Сурат манбаси, AFP
- Author, Ндука Оржинмо
- Role, BBC News, Абужа
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Нигериянинг мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилувчи Кано штатида исломий полиция кўпчиликни лол қолдириб дўкондорларга бошсиз манекенлардан фойдаланишни буюрди.
"Ислом бутпарастликни қоралайди", деди "ҳисба" деб аталадиган шариат полицияси бошлиғи Ҳаруна Ибн Сино Би-би-сига.
"Боши бўлганда манекен одамга ўхшаб кўринади", деб қўшимча қилди у.
Ибн Сино, шунингдек, бошсиз манекенлар тўлиқ ёпиқ бўлиши керак, дейди.
Чунки "кўкрак шакли, думба шаклини кўрсатиш Ислом шариатига зид", дейди у.
Кано мамлакат шимолидаги мусулмонлар кўпчиликни ташкил этадиган ва Ислом қонунчилиги амал қиладиган Нигериянинг 12 штатидан бири. Бу қонунчилик фақат мусулмонларга нисбатан татбиқ қилиниши кўзда тутилган.
Аммо амалда, ғайримусулмонлар ҳам ҳисбанинг талабларига, жумладан, бутун манекенларни тақиқлаш талабига бўйсунишга мажбур.
"Бизга бу буйруқдан норози бўлганлардан кўплаб қўнғироқлар бўлади, хабарлар келади", дейди Нигериядаги иккинчи йирик шаҳар Канодаги радио ток шоу бошловчиси Мосес Ажебо.

Сурат манбаси, Kano Hisbah board
Кано штатининг асосан насронийлар яшовчи қисми - Сабон Гаридаги тожирлар ҳам ҳисбанинг қароридан норози.
Дўкондор Чинеду Анянинг айтишича, манекенларнинг бошини олиб ташлаш уларнинг жозибадорлигини камайтиради ва бизнесига зарар бериши мумкин.
Ирокез усулида олинган сочлар қиртишланди
Ибн Сино ва унинг аёл ва эркаклардан иборат мингларча ходимлари ҳозирча дўконма-дўкон юриб, буйруқни бажартираётгани йўқ.
Шундай бўлса ҳам, бу буйруқ ҳам ҳисбанинг дунёвийлик ва замонавийликка қарши тадбирлари рўйхатига қўшилишидан хавотирлар бор.
Август ойи ўртасида Ибн Сино Президент Муҳаммаду Бухорийнинг ўғли Юсуфнинг тўйида келин Заҳро Байеро тушган суратларни танқид қилди.
Унинг айтишича, президентнинг келини елкаларини очиб суратга тушиш орқали бошқа мусулмонларга ёмон ўрнак бўлган.

У, шунингдек, ўша суратларни тарқатганларни ҳам қоралаб, бундай қилиш гуноҳлигини айтган.
Ўтган йили Ибн Синонинг ходимлари Кано кўчаларидаги ирокез усулида соч қўйган йигитлар сочини қириб ташлаган, бели пастга тушган шимларда юрганларга дакки берган эди.
Ибн Сино жума Ислом динида муборак кун саналгани учун маҳсулотларни реклама қилиш учун "Қора жума" иборасини ишлатишни ҳам тақиқлаган.
Унинг бу тақиқларига радио станциялар ва савдо марказлари эътибор ҳам бермаган ва бунинг учун жазоланмаган ҳам.
Аҳоли яна ўтган йили ижтимоий тармоқларда роса кўпайган, Жанубий Африкадан келган рақс усулида - иштирокчилар намойишкорона тарзда ерга ётиб олади - ўйнашдан ҳам огоҳлантирилган.
Канода аксар мусулмонлар ҳисбанинг буйруқларини маъқулласа ҳам, айрим ёш мусулмонлар Исломнинг манекенларни тақиқлаш каби талқинини хато деб ҳисоблайди.
"Ислом бутпарастликни тақиқлайди. Ҳадисда Аллоҳ ниятингизга қарайди дейилган. Агар сиз манекенга сиғинмаётган бўлсангиз, бу гуноҳ эмас", дейди исми айтилишини истамаган бир мусулмон мулла.
Аммо Нигерия Мусулмон Кенгашидан Ҳаллиру Марая каби кўплаб бош муллалар "нима деб номлашингиздан қатъи назар, Ислом бирор нарсадан инсон шаклини ясашга қарши" деб, ҳисбанинг манекенлар борасидаги қарорини тўғри деб билади.
Канодаги бу буйруқ Нигерияда биринчи марта янграган бўлса ҳам, асосан мусулмон давлатларда манекенлардан фойдаланишни чеклашга уринишлар бўлиб келади.
2009 йилда Эрон полицияси дўкондорларни аёл қиёфали, ҳижобсиз манекенларни қўйишдан огоҳлантирганди.

Сурат манбаси, AFP
2010 йили Фаластиндаги исломий гуруҳ Ҳамас ҳам Ғазо секторида очиқ-сочиқ манекенларни ва ички кийимдаги моделлар суратларини дўконлардан олиб ташлашни буюрган эди.
Ўша вақтда Ҳамас ўз қарорини "жамоат ахлоқини" сақлаш деб оқлаган эди.
Ибн Сино манекенларни тортиб олишни маъқулламаслигини, балки "бошқа стратегияни" афзал билишини айтгани боис, Канодагилар учун бу буйруқ қандай ижро этилиши аниқ эмас.
Мусулмон мулла жаноб Марая Нигерия конституцияси ҳимоясидаги ғайримусулмонлар ҳисбанинг буйруғига қарши судга мурожаат қилишини истайди, суднинг қарори билан чегаралар аниқланиб, уларни исломий қонунга буйсундириш мумкин бўлади, дейди.
Аммо Ҳисбага қарши чиқиш ҳаёт-мамот ва пул масаласидир.
Ликёрлар улоқтирилди
Бундан 11 йил олдин Кано штати ҳукуматининг шариатни қабул қилиш ҳақидаги қароридан сўнг бошланган тартибсизликларда 100 дан ортиқ одам ўлдирилган эди.
Яқинда юк машинасида олиб кетилаётиган, ғайримусулмонларга тегишли алкогол ичимликлар йўқ қилинди, ҳисба эгалари "бузуқлик"да айбланган барларга рейд уюштирди.
Ликёр ичиш Ислом динида тақиқланган.

Сурат манбаси, Sani Maikatanga
Канодаги ҳисба Нигериянинг бошқа мусулмон штатларидаги турдошларидан фарқли эмас. Аммо Ибн Сино каби шахслар туфайли унинг одамлар олдида обрўйи баландроқ.
Уни танийдиганлар уни эътибор марказида бўлишни истайдиган шоумен деб ҳисоблайди. У Кано кўчаларида ОАВ ҳамроҳлигида айланади ва буйруқлар беради.
Аммо у шунчаки ўз ишимни қиляпман деб ҳисоблайди.
Ўтган йили Ибн Сино ҳисба ходимларини урушишга ўргатиш учун Кунг Фу мутахассисларини ёллагани шов-шув бўлди. Ҳисба аъзолари ўқотар қурол олиб юриши мумкин эмас.
Қўл жангининг фойдасини кўрсатиш учун одамларга томошалар ҳам кўрсатилди.
Манекенларга келсак, уларнинг Канодаги куни битяпти. Аммо Ибн Сино балки уларга тегмай, эътиборини бошқа нарсаларга қаратар, аниқ эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















