Покистонлик эркак нега аёллар ич кийими ҳақида бунча қайғурмоқда? Dunyo ayollar yangiliklar

- Author, Саҳар Балуж
- Role, BBC Urdu
Шундай жойлар борки, у ерга киришда соқчилар текширувидан ўтишингизни аввалдан биласиз. Покистонда аёллар ички кийимлари дўконлари ҳам ана шундай жойлар сирасига киради, табу ва юқори лавозимларда аёллар етишмаслиги қўшилиб, қулай ва ярашиб турадиган ич кийимлар фақат бойлар учун бўлиб қолган.
15 ой олдин Покистон пойтахти Исломободдаги хиралаштирилган ойнаванд дўкон кираверишида Марк Мурнинг йўлини тўсишди. Ундан аёллар ич кийимлари дўконида нима иши борлиги ҳақида сўрашди.
Жаноб Мурнинг дўсти у дипломат экани ва хотинига кийим олмоқчилигини айтиб, алдагандан кейингина уни ичкарига қўйишди.
Аммо аслида лестерлик бизнесмен ўз миссиясини адо этиш - Покистонга юқори сифатли, ҳамёнбоп, қулай аёллар ич кийими келтириш учун тадқиқот қилаётган эди.
Аммо муаммо шуки, соқчилар унинг йўлидаги тўсиқлардан бири эди, холос.

Тагини олганда, аёл ва эркаклар ич кийим масаласида фарқли тушунчаларга эга эди. Эркаклар аёллар ич кийими ҳақида "шаҳвонийлик ва жозиба" деб ўйлашга мойил, дейди жаноб Мур.
"Улар юпқа, ичи кўриниб турувчи матолар ҳақида гаплашишади. Аёллар эса унинг қулай ва ишончлилиги ҳақида ўйлайди."
Покистонда қимматбаҳо импорт молларга қурби етмайдиган аксарият аёллар учун қулайлик ва ишончлилик орзу, холос. Арзонроқ ич кийимларда эса терига ботадиган занглаган темир қистирмалар бор.
"Ўтган 10 йилда мен ўзимга ўлчами ва шакли мос келадиган бирорта ҳам сийнабанд топа олмадим, - дейди 27 ёшли Ҳира Ином Би-би-сига Лаҳордаги Аноркали бозори олдида. - Матоси ҳам кўпинча яхши бўлмайди, доимий қичиштиради, терлаганда кўкрак атрофида тошма пайдо қилади, шунчаки мато қулай эмаслигидан."
Унинг гапларига бозордаги бошқалар ҳам қўшилади.
"Ўзимга тўғри келадиган, теримга хушёқадиган сийнабандни топиш учун қанча пул, вақт ва куч сарфладим, - дейди бошқа бир аёл, ўз исмини айтишни истамай. - Аммо шу пайтгача тополмадим. Биринчи қийнайдигани сийнабанддаги симлар. Эҳтиёткор бўлмасангиз, терингизга зарар беради."

Юқори сифат ва ҳамёнбоп ич кийимларга талаб катта. Шунга қарамай, жаноб Мурнинг Покистоннинг текстил саноати маркази бўлмиш Файсалободдаги фабрикасида ишлаб чиқарилган, Британиянинг M&S ва Debenhams брендларига ишлаган вақтдаги тажрибасидан илҳомланиб яратилган кийимлар негадир пештахталардан учиб кетмаяпти.
Нега?
Биринчидан, кўпчилик улар ҳақда билмайди. Покистонда аёллар учун маркетинг ишлари бироз мураккаброқ. Ич кийим, айниқса, уни жамоат жойларда муҳокама қилиш табу ҳисобланади.
Вақт ўтиб, оғзаки рекламалар ҳал қилади ҳаммасини. Ўттиз йил олдин Карачининг гавжум Мина бозорида сифатли ва қулай ич кийимларни сотадиган савдогарлар маҳсулоти одамларнинг бир бирларига тавсиялари боис, тезда эгасини топиб кетар эди.
Узоқроқда яшайдиган аёлларга журналлар сараланган рекламаларни етказиб, уларни харидга қизиқтирарди.
Аммо рақамли ахборот воситалари ривожлангач, бу журналлар ҳам эътибордан четда қолди. Камига, реклама қилиш учун қулай платформа бўлмиш ижтимоий медиадаги тарғиботлар "ахлоқсиз", деб тамғаланиши хавфи мавжуд.

Аёлларни дўкон витриналари орқали жалб қилиб ҳам бўлмайди. Жаноб Мур бир неча ой илгари кашф қилганидек, барча ич кийимлар дўконларининг ойналари хиралаштирилган ва уларга брендларни кўрсатувчи пешлавҳалар қўйилмайди.
Айрим савдо марказларида ич кийимлар учун дўконлар кўпчиликни ташкил қилса ҳам, бундай жойларга ҳамма ҳам боравермайди.
Жаноб Мурга яхшиси каттароқ чакана савдогарлар ёки брендлар билан ҳамкорлик қилишни маслаҳат беришди, бу эса эркаклар билан тўла мажлисда уларга қулай, ҳамёнбоп ва ношаҳвоний ич кийимлар ҳақида тушунтириб беришни талаб қилади.
"Бир гал мен ва менинг жамоам стол устига сийнабанд ва трусикларни қўйганимизда эркаклар ҳиринглаб қўйишди", дейди у.
"Менинг ҳозирги энг катта қийинчилигим одамларга сийнабанд ва трусиклар шаҳвоний нарса эмаслигини тушунтиришдир", деб қўшимча қилади Мур.
"Булар фойдаланувчига қулай маҳсулотлар ва биз уларни сотиш ва сотиб олишни осонлаштиришимиз керак."
Аммо бу жуда узоқ келажак бўлиб кўринади.

Жаноб Мур сафар қилган кўплаб ишлаб чиқариш компаниялари ва брендларида ич кийимларни маъқуллайдиган масъуллар ва дизайнерлар эркаклардир.
"Биз бу эркакларга ғояларни етказишимиз керак", дейди Файсалободдаги фабрика амалиётлар менежери Қамар Замон.
"Аёллар асосан ёрдамчилар бўлиб, таклиф бериш учунгина чақирилади. Аммо эркаклар билан тўла залда битта аёл ўз ич кийими қандай бўлишини исташи ҳақида гапириши жуда ноўнғай ҳолат."
Уларнинг ўз фабрикаларида аёлларни юқорироқ лавозимга қўйишга уринишлари ҳам унчалик муваффақиятли чиқмади.
"Биз ходимлик ва лавозим учун бўш ўринга аёлларни қидириб эълонлар бердик, аммо оилам билан гаплашиб, кейин келаман дейдиган аёллар чиқди", дейди Мур.

"Икки аёл чиққанди, қайтиб келиб, оиласи ич кийимлар фабрикасида ишлашига кўнмаганини айтишди."
Ҳақиқатан, бу каби табу фабрикадаги кўплаб музокараларда ҳам роль ўйнайди.
Ходималардан бири Сумайра интервью учун эри билан келганини айтади.
"Ишга олинганимда, эрим қариндошларимизга қаерда ишлашимни айтмаслигимни тайинлаган. Чунки улар бундан муаммо чиқаришлари мумкин.
Шу каби бошқа бир ходиманинг айтишича, машинада тикувчи бўлиб ишга кириш учун суҳбатга келишдан аввал отасидан рухсат олган.
"Отам аввалига эшитишни ҳам истамаслигини айтди, - дейди у. - Ундан бир бориб кўришимга рухсат беришини сўрадим, агар фабрикадаги муҳит ёқмаса, ишламаслигимни айтдим."
Эркаклар ҳам турлича муносабатлар билан қаршилашишга мажбур.

Анвар Ҳусайннинг Би-би-сига айтишича, у аввалига оиласи ва дўстларининг қаршилигига учраган.
"Дўстларим ишим учун мазах қилишди. Оилам мени фабрикага юборишни истамади. Аммо ишни бошлаганимда тикилган сийнабандни аёл ҳамкасбимга узатаётганимда уялар эдим. Ҳозир ўтиб кетди, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Нима бўлганда ҳам бу иш."
Ҳозир фабрика ишчиларининг бошқа хавотирлари ҳам бор. Агар ҳаммаси юришиб кетмаса ва жаноб Мурга ҳаммаси жуда мураккабдек кўринча, у фабрикани ёпиши ва шунча ишчини ишсиз қолдириши мумкин.
Йўқ, ундай бўлмайди деб ишонтиради у Би-би-сини.
"Покистонда ич кийимлар сотиш муваффақиятсиз бўлишини, бошқа бизнес бошлашим кераклигини кўп бора менга айтишган, - деб тан олади у. - Ҳа, мен кетишим мумкинлиги ҳақида ўйлашади."
"Аммо маҳсулотлар бозорга етиб чиқмагунча, бу ерда керакман."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














