You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Хитойда йўқолаётган уйғур болалари қаерда? Dunyo Xitoy musulmonlar uyg'urlar yangiliklar
Ўтган икки йил давомида Хитой расмийлари Шинжонда йўқолгани хабар қилинган болаларни топишга ёрдам беришга қайта-қайта ваъда бериб келди. Бу билан уларни ота-оналаридан мажбуран тортиб олмаганини кўрсатмоқчи бўлди. Аммо бу ваъдалар бажарилмади, дейди Жон Садворт.
Хитой биринчи марта 2019 йили Қалбинур Турсуннинг болаларини топишга ёрдам беришга оммавий ваъда қилган эди.
"Боласини йўқотган одамларингиз бўлса, исмларини менга беринг", деган эди ўшанда Хитойнинг Британиядаги элчиси Лю Сиаомин Би-би-сига жонли ТВ интервьюси чоғида.
Лю Хитойнинг узоқ ғарбий минтақаси - Шинжондаги сиёсати болаларни ўз ота-оналаридан айиришга сабаб бўлаётганини инкор қилган, аммо бунга бирор далил бўлса, ҳолатни албатта ўрганишини айтган эди.
"Уларни топишга, ким экани ва нима иш қилишларини сизга маълум қилишга ҳаракат қиламиз", деганди элчи.
Қалбинур Шинжондаги энг катта туркий этник гуруҳ - уйғурлардан бўлиб, ҳозир Туркияда яшайди ва ўзининг пароканда бўлган оиласига кўмак бериш учун ярим тунгача бир хоналик квартирада тикувчилик қилади.
У 2016 йилда Хитойнинг оилани режалаш қонунларини бузган ҳолда еттинчи боласи - Марзияга саккиз ойлик ҳомиладор бўлган ҳолда келган.
"Агар Хитой расмийлари менинг ҳомиладорлигимни билганларида эди, мажбуран аборт қилдиришарди", дейди у менга.
"Шундай қилиб, қорнимни яшириш учун ҳар куни икки соат белимни ўраб юрардим. Шундай қилиб, чегара назоратидан ўтишга эришдик."
Гарчи Қалбинур барча болалари учун паспорт олишга ариза берган бўлса ҳам, Хитойнинг Шинжондаги этник гуруҳларнинг ҳаракатланишига қўйилган чекловлари боис, фақат икки яшар ўғли - Муҳаммадга паспорт берилди.
Вақт ўтиб, унда бошқа болаларини ортда қолдириб, ўзи кетишдан бўлак чораси қолмади, кейинчалик эри қолганларни ҳам ҳужжатларини тўғрилаб олиб чиқиб кетишига умид қилди.
У учоққа чиққанида уларни бошқа кўрмаслиги хаёлига ҳам келмаганди.
Хитойнинг ғарбий ҳудудида аста секин кенгаяётган оммавий қамаш кампанияси энди бошланган, аввалига ўта махфий "қайта тарбиялаш" марказлари бўлган бу лагерлар қулоч ёзиб, тармоқлаша бошлаганди.
Айни шу мақсадларда интернат мактабларнинг параллел тармоқлари ташкил қилинди. Улардан мақсад ҳам ҳукмрон коммунист партия ўзлиги, маданияти ва исломий анъаналарини хавф сифатида кўрган Шинжондаги уйғурлар, қозоқлар ва бошқа озчилик гуруҳларни мажбуран Хитой маданиятига ассимиляция қилиб юбориш эди.
Қалбинур чиқиб кетганидан бир йил ўтиб нашр қилинган бир сиёсий мақолада бу интернат мактаблардан кўзланган мақсад болаларга уйидаги "диний атмосферанинг таъсирини синдириш" эди.
У кетганидан бир неча ҳафта ўтиб, эри ҳам қамоққа тиқилди. Ўз оила аъзолари ғойиб бўлаётганини кузатиб турган хориждаги минглаб уйғур диаспораси каби Қалбинур ҳам қочқинга айланди.
Бир кечада қариндошларга қўнғироқ қилиш ҳам имконсиз ишга айланиб қолди, чунки Шинжондагиларнинг хориж билан ҳар қандай алоқаси радикаллашув белгиси ва лагерга тиқиш учун муҳим калит сифатида кўрила бошлади.
Шинжонга қайтса, қамоққа ташланиши аниқ, болалари ота-онасиз қолган, Қалбинурнинг улар билан мутлақо алоқаси узилиб қолган, аммо буларга даҳшатга солувчи бир воқеа ҳам қўшилди.
2018 йили интернет кезаётганда у қизи Ойишанинг видеосига кўзи тушди. Уни охирги марта кўрганидагидан икки ёшга улғайган, уйларидан 500 км олисдаги мактабда экан.
Қизининг сочи калта қилиб олиб ташланган, уйғур тилида эмас, хитой тилида сўзлаётган бир муаллим бошчилигида ўйнаётган болалар орасида эди.
Бу видео Қалбинурга ҳарна битта йўқолган боласи тириклигини кўрсатиб, таскин берди. Бошқа томондан, уни ташлаб чиқиб кетганидан алам, оғриқ ва виждон азобини туйди.
"У мутлақо бошқа шаҳарда эканини билганимда болаларимни топиш имконсизлигини англадим, ҳатто қайтганимда ҳам", дейди у менга.
"Болаларим мен уларни ташлаб кетмаганимни билишини истайман. Менда уларни қолдиришдан бошқа йўл йўқ эди, агар кетмасам, уларнинг хали туғилмаган синглиси яшамасди."
Қалбинурнинг кечмиши Би-би-сининг Туркия ва Қозоғистондаги уйғур ва қозоқлардан олган, йўқолган болалар ҳақидаги кўплаб ўхшаш ҳолатлардан биридир.
Аввал уларнинг розилигини олиб, биз элчи Лю Сиаоминга суҳбатлашганларимизнинг олти нафари ҳақидаги маълумотларни паспорт нусхалари, Хитой ID карталари ва охирги маълум манзиллари билан бердик.
Уларнинг учтасида ота-она болалари Хитой давлати қарамоғида эканига ишонади.
Гарчи элчининг 2019 йилдаги ТВда кўриниши Хитойнинг текширишга илк ваъдаси деб кўрилган бўлса ҳам, бу каби ваъдалар Би-би-си Шинжонга ҳукумат ташкил қилган бир турда қатнашганида бир неча ой илгари шахсий суҳбатларда ҳам айтилган эди.
Дастлабки махфийлик ўрнини янги стратегия эгаллади, Хитой бу лагерлар аслида касбга ўргатувчи мактаблар экани, у ерда экстремист ва сепаратист мафкура таъсирига тушганлар ўз ихтиёрлари билан "ўзгартирилаётгани"ни таъкидлай бошлади.
Шинжон Тарғибот департаменти директори ўринбосари Сюй Гуйсян уйғур ва қозоқ ота-оналар қамоқда ёки чет элларда сарсон эканида болалари етимхонага тиқилаётганини рад қилди.
"Агар барча оила аъзолар таълим марказларига жўнатилган бўлса, у оилада қандайдир жиддий муаммо бўлса керак", деди у менга.
"Бунақа ҳолатни хали кўрганим йўқ."
Аммо қўлимиздаги айрим ҳужжатларни берганимизда - яна эгалари розилиги билан, албатта - расмийлар уни текширишларини айтишди.
Шинжондаги расмийлар ва элчи Люга топширилган ишлардан бирида нафақат йўқолган болалар, балки 14 нафар йўқолган набира ҳам бор эди.
Асли Шинжон шимолидаги Кунес тумани, Бестобе қишлоғидан бўлган 66 ёшли Холида Оқитхон қизининг ҳам бошқа этник қозоқлар сингари Қозоғистон чегараси бўйлаб оилавий алоқалари бор.
2006 йили у ва унинг эри кенжа ўғилларини ўзлари билан олиб, оилали бўлган ва ўз болалари бўлган уч ўғлини қолдириб, муҳожиротга кетишга аҳд қилишади.
Аммо 2018 йилда оммавий қамаш машинаси уларни ҳам домига тортди.
Холида уч ўғли ва келинлари "сиёсий таълим учун" қамоққа тиқилгани ҳақида хабар эшитди.
У ахборот олиш учун роса уринди, қишлоғидаги Коммунистик партия расмийсига ҳам қўнғироқ қилди, аммо ҳеч ким унинг набираларига ким қараб тургани ҳақида маълумот бермади.
Хитой сепаратизм ва террорчиликка қарши муваффақиятли курашишда лагерлар катта хизмат қилгани ва ҳар бир одам у ерни "тамомлагани"ни даъво қилган 2019 йилгача Холида учун хабарлар баттар ёмонроқ бўлиб борди.
Шинжоннинг расмий қамоқхоналарида маҳбуслар сони параллел равишда тўхтовсиз ўсиши билан унинг икки катта ўғли - Сотиволди ва Ўрозжон ҳар бири 22 йилга, учинчи ўғли Аҳмаджон 10 йилга қамоққа ҳукм қилинди.
Қишлоқ расмийси унга ўғиллари "ибодат қилгани учун" ҳукм қилинган.
Уларнинг қамалиши учун бошқа сабаблар бўлганда ҳам, расмийлар тафсилотларини бермаган.
Хитойнинг Британиядаги элчилиги биз элчи Люга юборган мактуб ва ҳужжатлар қабул қилинганини тасдиқлади. Гарчи 2019 йил ноябрида ва 2020 йил февралида яна мактублар жўнатилган бўлса ҳам, саволлар жавобсиз қолмоқда.
Шинжондаги расмийларнинг бизга биз уларга йўллаган ҳужжатларда "номувофиқликлар" бўлгани, суҳбатдошларимиз ўзларига яқин бўлган Хитой элчихоналарига мурожаат қилиши кераклигини айтишди.
2020 йил июлида элчи Лю айни ўша жонли теледастурга чиқди ва унга бир йил аввалги берган ваъдасига нима бўлгани ҳақида савол берилди.
"Ўшандан бери бирорта ҳам исмни айтишмади менга", деди у Эндрю Маррга.
"Умид қиламан сиз менга исмларни берасиз, биз албатта сиз билан боғланамиз."
Элчи Шинжондаги расмийлар бундай сўровларни осон ҳал қилишини қўшимча қилди - "улар бизга тезда жавоб беришади", деди у.
Шундай қилиб, ишни давом эттирди, 2020 йил август ва сентябри, 2021 йил январида мактублар йўлладик.
Элчиликдаги расмийлардан бири охирги марта "Мактублар қабул қилинди. Афсуски ҳозирча бу борада бирор илгарилаш бўлмади", деб жавоб берди.
Шу кунларда Холида эрта туриб, бир нечта автобусга миниб, Олма-отадаги Хитой консуллигига боради, расмийлар бизга улар нима қилиши кераклигини айтган бўлса, шуни қилади.
Уч ўғлининг суратларини олиб борса ҳам, унинг жавоб олишга кундалик уринишларига полиция халал бериб келади.
"Бунақаси фақат мен билан бўлмаяпти", дейди у видео интервьюда.
"Кўпинча мен билан 10 -15 нафар бошқа одамлар ҳам бўлади, Хитой консуллиги ҳеч кимга ҳеч қандай маълумот бермайди."
Туркияда Қалбинур ҳам эри Абдураҳим Розий, беш нафар йўқолган фарзанди - Абдухолиқ, Субинур, Абдусалом, Ойша ва Абдуллоҳ ҳақида маълумот олишга уриниб ётибди
У яқиндагина бошқа уйғур оналари билан бирга Хитой расмийларининг ўз қариндошлари ҳақида сукутини бузиш учун Истанбулдан Анқарага 400 км.лик йўл юрди.
Унинг бу иши Шинжон Тарғибот департаменти раҳбари ўринбосари Сюй Гуйсянни матбуот анжуманида бу ҳақда гапиришга мажбур қилди, у Қалбинурнинг қизи интернатда эканини рад қилди ва болаларига қариндошлари қараётганини таъкидлади.
Аммо Қалбинур ҳануз улар билан гаплаша олмаган ва Хитойнинг даъволарини текшириш ҳам имконсиз.
"Мен расмийлар болаларимни кўришимга изн беришини истайман", деди у менга видео қўнғироқ орқали, норозилик юришидан бироз танаффус қилиб, катта йўл четига чиққанча.
"Ахборот замонида, нега болаларим билан гаплаша олмаслигим керак?"
Элчи Люга юборилган ишлардан бирида йўқолган бола эмас, она тилга олинган.
Хитой давлат компаниясида узоқ вақт ишлаган 68 ёшдаги муҳандис Сямуйнуэр Пида 2017 йилда лагерга жўнатилди, ўша ерда 18 ой тутқунликда қолди.
Унинг 2002 йилдан бери Британияда яшаётган қизи Рейила Абулайдининг айтишича, расмийлар унинг онасига бошқа лагер маҳбуслари каби паспорт бермаяпти, у уйида қаттиқ назоратда ушлаб турилибди.
2019 йили Шинжонга сафаримизда Хитой расмийлари таъкидлашдики, у мутлақо эркин, фақат соғлиғида бироз муаммоси бор, улардан бири бизга кўплаб кекса уйғурларда ошқозон ичак муаммоси борлиги - "жуда кўп гўшт ейишади ва сут ичишади", деди.
Бу Рейилани қаттиқ ранжитди ва жаҳлини чиқарди. Унинг айтишича, онаси қамоқдаги оғир шароит туфайли 15 килога озиб кетган.
"Улар қилаётган ишларини яширишга уринишмоқда", дейди у, нима учун Сямуйнуэр қайта тарбиялаш лагерига юборилганига расмийлар изоҳ бермаётганини эслар экан.
"У таълим кўрган, нафақадаги аёл, унга касб ўргатадиган курслар керакмас. Уни лагерда сақлашди, энди эса мен билан гаплашишига рухсат беришмаяпти."
Шу йил бошларида Лю Сиаомин Британиядаги элчилигини якунлади. Шу билан берган ваъдалари бажарилмай, интернет орқали британ сиёсатчилари ва нуфузли шахслари билан хайрлашди.
Бу орада, журналистик фаолиятимга расмийларнинг босими ортиб боргани, хусусан, Шинжон борасидаги хабарларим боис, жавобгарликка тортиш ҳақидаги таҳдидлари сабабли Хитойдан кетишга мажбур бўлдим.
Бундай таҳдидларнинг айримлари Сюй Гуйсяндан келди. У билан икки йил аввал Шинжонда суҳбатлашган эдим.
У Коммунистик партия ОАВсига Би-би-си "ёлғон хабарлар"ни тарқатиб, профессионал этикани бузяпти, деганди.
Хитой расмийлари агар исмларини берсак, оилалар бўлиб ташланаётгани ҳақидаги даъволарни осонгина ёлғонлигини кўрсатиш мумкин, деб доимий таъкидлашига қарамай, улар бу борада фақат сукут сақлаяпти.
Аввал зикр қилганимиз одамлардан ташқари, бошқа яна бир қанча боланинг қаердалигини билишга қизиқяпмиз. Улар орасида Ясин Зунуннинг болалари Муслима, Фотима, Фарҳод, Нубия ва Асмолар бўлиб, улар ҳам интернатга жойлаштирилган, деб гумон қилинмоқда.
Мербет Маърифат ҳам тўрт боласи - Абдураҳмон, Муҳаммад, Одила ва Мардондан 2017 йилдан бери хабар ололмайди. У ҳам болалари давлат қарамоғида эканига ишонади.
Биз Хитой Ташқи ишлар вазирлигидан нега бирорта ҳам давлат идораси йўқолганлар ҳақида маълумот бермаётгани ҳақида сўрадик.
Аммо шу кунгача бунга ҳам жавоб олинмади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek