Россия ва Украина: Қримда аномал ёмғир, Керчни сув босди - Rossiya Ukraina Qrim dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, TASS
Кучли ёмғир Қрим шарқида сув тошқинига сабаб бўлди. Кўчалар, уйлар, машиналар - ҳамма нарса сув остида қолди. Ҳудудда фавқулодда ҳолат жорий қилингани айтилмоқда.
Украинага тегишли бўлган Қрим яримороли 2014 йилда Россия томонидан анннексия қилинган.
Қримнинг аннексияси ҳозирга қадар расмий Киев ва халқаро ҳамжамиятнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлиб келади.
Марказий ҳукуматнинг Қримдаги сўнги вазиятга муносабати ҳозирча маълум эмас.
Аммо, минтақадан олинаётган хабарларга кўра, табиий офат ортидан Керчга Қрим Республикаси раҳбарининг ўзи борган.
Сергей Аксенов сатҳдаги аҳвол билан яқиндан танишган, сув босган касалхонага ҳам кўрган.
Сувнинг кўплигидан одамлар кўчаларда қайиқларда юришга мажбур бўлишаётгани айтилмоқда.
Маълум бўлишича, Қрим шарқига ойлик миқдоридан қарийб икки баробар кўп ёғин тушган.
Масъуллар Керчни сувдан тозалаш учун камида 6 соат керак бўлишини айтишган.
Кутилмаган табиий офат 17 июнга ўтар кечаси содир бўлган.
Юзлаб уй ва хонадонни сув босган.
40 минг одам электр энергияси ва яна 20 минги сувсиз қолган.
Вести-Криманинг хабар беришича, масъуллар одамларга кўчага чиқмай туришни маслаҳат беришган.
Қувурлардан келаётган сувдан фойдаланмай туришларини тавсия қилишган.
Ахборот порталининг ёзишича, табиий офат ортидан, Қрим шарқида фавқулодда ҳолат жорий қилинган.
Инсоний талафотларга оид хабарлар ҳалича бўй кўрсатмаган.
Кучли ёмғир ва сув тошқинлари етказган моддий зарар кўлами ҳам маълум эмас.
Табиий офатдан жабр кўрганларга ёрдам масаласи қандай ҳал этилаётгани борасида россиялик масъулларнинг чиқишлари ҳозирча кўзга ташланмайди.

Сурат манбаси, TASS

Сурат манбаси, TASS

Сурат манбаси, TASS

Сурат манбаси, TASS

Сурат манбаси, TASS

Сурат манбаси, TASS

Сурат манбаси, TASS
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















