Дунёдаги энг катта оила соҳиби оламдан ўтди: 38 аёл бева қолди - dunyo yangiliklar

Зиона Чана ва унинг оиласи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Зиона Чананинг оиласи дунёдаги энг каттаси, деб ҳисобланган.

Вафот этган 76 ёшли ҳиндистонлик Зиона Чана мормонизмга яқин ва кўпхотинлиликни қўлловчи диний оқим Чана Полнинг етакчиси бўлган.

У қандли диабет ва гипертония касаллигидан азоб чеккан.

Зиона Чана дунёдаги энг катта оила соҳиби саналган.

Оиласи аъзоларининг сонига оид рақамлар фарқли эса-да, унинг ортидан 38 хотини, 89 та боласи ва 36 та набираси қолгани айтилмоқда.

Зиона Чана якшанба куни кечқурун касалхонага келтирилган, шифокорлар ўша ерда унинг ҳаётдан кўз юмганини айтишган.

Чана Пол диний оқимининг аъзолари сони 2 мингга яқин экани айтилади.

Уларнинг барчаси Ҳиндистоннинг шимолий-шарқий Мизорам штати пойтахти Аижалдан 55 чақирим узоқликда жойлашган Бактавнг Тлангнуам қишлоғида яшашади.

Руҳоний етакчи ва унинг катта оиласи "Янги авлод", деб номланувчи юз хонадан иборат тўрт қаватли уйда туришган.

Уй ёрқин бинафша ранги туфайли олисдан ҳам кўзга ташланиб турган.

Аммо, маълум бўлишича, қанчалар катта эканига қарамай, уйдаги хоналар ҳар бир оила аъзосига етмаган.

Зиона Чана мебель фабрикаси ва чўчқачилик фермасига эгалик қилган, кўпчилигини иш билан таъминлагани боис, нафақат руҳоний етакчи, балки оддий инсон сифатида ҳам қишлоқдошларининг ҳурматини қозонган инсон бўлган.

У яшаган қишлоқ яқин-атрофдаги бошқаларидан ўзининг қанчалик обод ва фаровон экани билан ажралиб турган.

Зиона Чананинг хотини ва болалари боғдорчилик билан шуғулланишган.

Чана Пол оқими меҳнатни фарз, деб билиши боис, унинг ўзи ҳам эртаю кеч тинимсиз ишлаган.

Оиласида ота бош, деб билинган, қаттиқ-тартиб-интизом амал қилган.

Хабарларга кўра, у ва оила аъзолари бир ўтиришда 30 та товуқ, 60 кг картошка ёки 50 кг гуручни еб битиришган.

Зиона Чана оммавий-ахборот воситаларида ҳам тез-тез кўриниш бериб турган, уйи эса, сайёҳларнинг диққатига сазовор жой бўлиб келган.

Зиона Чана ва унинг оиласи яшовчи юз хонали уй

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Зиона Чана ва унинг оиласи яшовчи юз хонали уй

У яшаган қишлоқ маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг ҳисобидан ҳам даромад кўрган.

Зиона Чана дунёдаги энг катта оила соҳиби, деб айтилса-да, аммо бу номга даъвогарлик қилувчи бошқалари ҳам йўқ эмас.

Бундан ташқари, унинг оила аъзолари сонига оид рақамлар ҳам зиддиятли.

Айрим маълумотларга кўра, унинг 39 та хотини, 94 та ўғли ва қизи, 33 та набираси ва битта эвараси бор - оиласи жами 181 кишидан иборат бўлган.

Зиона Чана ўзидан уч ёш катта бўлган биринчи хотини билан 17 ёшида танишган.

Бир йилнинг ўзида 10 та хотинга уйланган ҳоллар ҳам бўлган.

Чана Пол оқимига 1942 йилда унинг бобоси асос солган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek