Россия, мигрантлар: 200 дан ортиқ ўзбекистонлик масжид ертўласига қандай тушиб қолди? O'zbekiston Rossiya yangiliklar

Уйга қайтиш илинжидаги муҳожирлар

Сурат манбаси, courtesy

Ўзбекистонлик муҳожирларни махсус поездларда ватанга қайтариш давом этаяпти.

Ўтган хафтада Россиянинг Жанубий федерал округида ишловчи бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари Волжский шаҳридан Ўзбекистонга жўнаб кетишди. Бундан аввал ҳам ўзбекистонликларни ватанга қайтариш учун поездлар ташкиллаштирилган.

Йўловчиларнинг кўпчилиги пандемия даври машаққатлари сабаб, уйга қайтишга қарор қилишган.

Волгограддан қулай эди

Ўзбекистонлик муҳожирлар билан "Кавказский узел" сайти мухбири Вячеслав Яшенко суҳбатлашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Вячеслав билан боғланиб, ҳудуддаги ўзбекистонликлар ҳақида сўради. Мухбирнинг айтишича, муҳожирлар поезднинг Волжскийдан жўнаши улар учун қиммат ва ноқулайлигидан нолишган.

Нашр муҳожирларнинг ватанга қайтарилиши ҳақида аввал ҳам бир неча бор ёритган эди.

"Ўтган йилдан бери ўндан ортиқ поездлар жўнаб кетишди, уларда мингга яқин йўловчи бор эди. Аммо ўз ватанига қайтишни истаганлар сони кўплигича қолмоқда", дейди Вячеслав Яшенко.

Март ойида Курскда ишлаган ўзбекистонликлардан бири коронавирусга чалингани, аммо касалхонага тушиб қолиш қўрқуви туфайли тиббий ёрдамга мурожаат қилмаганини айтган.

"Қиммат, менда бунча пул йўқ"

Уйга қайтиш илинжидаги муҳожирлар

Сурат манбаси, courtesy

28 май куни куннинг иккинчи ярмида Россиянинг турли шаҳарларидан келган Ўзбекистон фуқаролари Волгоград марказий бекатида такси ва микроавтобуслар тўхташ жойида тўпланишни бошлашган. Барча келганларнинг катта-катта сумкалари ва жомадонлари бор эди.

Такси ҳайдовчилари вазиятдан фойдаланиб, нархни бир неча баробар оширишгани муҳожирларга оғир келган.

"40 ёшли Сония Очилова уч яшар қизини бағрига босиб, бекат панжараси ёнида тўпланган юкларини айланиб ўтди. Унинг кўзларида ёш бор эди", тасвирлайди мухбир.

- Учинчи такси ҳам мени олишни истамади. Бу ердан Волжскийга етказишга икки минг рубль сўрашади. Бу жуда қиммат, менда бунча пул йўқ,- дейди Сония.

Муҳожир аёл Тошкентда туғилгани ва уйда лаваш сотганини айтди. Унинг сўзларига кўра, эри уни икки боласи билан ташлаб кетган. Ўғли Пермда туғилган, аммо ҳозирда ота-онаси билан Ўзбекистонда, мактабда ўқийди. Аёл эса кафеда ошпаз бўлиб ишлаб, қизчаси билан бирга яшайди.

- Боламни давлат боғчасига олиб боришмайди. Хусусий болалар боғчаси жуда қиммат. Мен энага ёлладим, аммо ҳозир унинг хизматлари қимматлашди, тўлай олмай қолдим", - дейди Сония.

Россияга яна қайтамиз

Эр-хотин Аҳмедовлар

Сурат манбаси, courtesy

Бухоролик эр-хотин Зиёд ва Динора Аҳмедовлар уч фарзандли экани, уларни уйда қизлари ва талаба ўғли кутишаётганини гапиради.

Зиёд болалигидан Россияга келгани, Москва вилоятида армияда хизмат қилгани ва саноат техникумини тугатгандан сўнг металлургия заводларида пайвандчи ва ўймакор бўлиб ишлаганини айтади. Сўнгги уч йил давомида у Самарадаги металлургия заводида пайвандчи бўлиб ишлаган. Мигрантнинг сўзларига кўра, хотини Россияга ўтган йили келган ва фаррош бўлиб ишлаган.

"Ота касал. Ўғлим Ўзбекистондаги педагогика институтини тамомламоқда. У ҳозир отасиз ва онасиз яшай олмайди", - дея Ўзбекистонга кетиш сабабларини тушунтирди у.

Аҳмедовлар оилавий муаммоларни ҳал қилгандан сўнг, улар Россияга қайтиб келишмоқчи.

"Ковидга чалиниб, уйга қайтаяпмиз"

"Поездларнинг ташкиллаштирилгани яхши, лекин Волгограддан қулай эди. Кўп юк билан Волжскийга етиб бориш қийин, - шикоят қилишди муҳожирлар.

Наманганлик Азизнинг айтишича, рафиқаси билан бир йил давомида Орел вилоятидаги омборда ишлаган.

"Февраль ойида ковид билан касалланиб қолдик. Бизни касалхонага ётқизишди, даволандик", дейди Азиз.

"Ўзбекистонда иқлим яхши. Россияда Ковиддан кейин ўзимизни ёмон ҳис қиляпмиз", - дея у ватанини тарк этиш сабабларини тушунтирди.

- "У ерда қовун, тарвуз, хурмо бор. Биз дарҳол ўша ерда тикланиб оламиз", - деб кулди Азиз.

Ертўлада жой етмаган

Қайтиш

Сурат манбаси, courtesy

Тошкентга жўнаётган махсус поезднинг бу галги йўловчиларининг кўпчилиги Волжскийдан кетиш жуда қийинлигини гапиришган. Бу гал тирбандлик ҳам юзага келмаган.

Мухбирга кўра, ўтган йили кузда ватанга қайтишни истаб вокзалга тўпланган ўзбекистонликлар сони 1500 дан ошиб кетганди.

Волжский мэрияси поездга сиғмаганларни жойлаштиришни ташкиллаштирган. Янги қурилаётган масжид ертўласида жой ҳозирланган, аммо жой ҳаммага етмай, ҳовлига 5 та чодир ҳам тикилган.

- 230 кишини жойладик. Дарров уларнинг орасидан ошпаз, навбатчиларни ташкиллаштирдик, ходимларимиз одамларнинг эҳтиёжи бўлган нарсалар билан таъминлашга киришдилар, - дейди Волгоград Диний ишлар бошқармаси раҳбари, муфтий Абдулла ҳожи.

Мусулмонлар жамияти фаоллари ва маҳаллий аҳоли ўзбекистонликларга кўрпа-тўшак, кровать, озиқ-овқат маҳсулотлари келтиришган.

Наманганлик Хўжа Акромов Чеченистонда қурилишда ишлаган, улар уйга қайтиш учун вокзалга гуруҳ бўлиб келишган.

- Яхши жойлаштиришди. Ҳаммаси жойида. Шароитлар бор. Унча совуқ эмас. Озроқ совуқ бор, унчамас. Чидаса бўлади, дейди наманганлик муҳожир Хўжа Акромов.

Қозонда 100 кишилик ош

Ош пишириш

Сурат манбаси, courtesy

Муҳожирлар учун овқат умумий қозонда тайёрланаяпти. Ставрополь далаларида ишлаб қайтаётган нукуслик Фаррух ош қилаётганини айтади.

- Ўртача 100 кишилик овқат қилинаяпти. Ҳаммага етаяпти, - дейди Фаррух.

Муҳожирлар орасида аёллар ва ёш болалар ҳам бор. Улар масжид ертўласида ва ҳовлисидаги чодирларда вақтинчалик яшаб туришганидан норози эмас.

- Учинчи кунки бу ердамиз, шароитлар жуда яхши. Самовар, чой бор. 3 маҳал овқат бор. Ҳаммаси аъло, - дейди урганчлик Гулора.

Урганчлик муҳожирлар

Сурат манбаси, courtesy

Иш яхши, аммо кетишаяпти

Махсус поезд кечки пайт жўнашидан 6 соат олдин келган. Мигрантлар вокзалга автобусларда етказилган.

"Аввалгилари сингари тирбандлик юзага келмади", дейди "Кавказский узел" мухбири.

Шунингдек, ватанга қайтаётган ўзбекистонликлар Россияда ишлари яхши бўлганлигини айтишган.

- Мана, хўжайинимни ўзи бугун мени жўнатаяпти. Поездга чипта олиб берди, телефон қилди. Хўжайин билан муносабатларимиз яхши, - дейди самарқандлик Олмос.

- Иш ҳақларимизни вақтида беришади. Ҳамма яхши, жойида. Мен Краснодарни севаман. Чиройли, иссиқ. Ўзбекистонга жуда ўхшайди, - дейди наманганлик Иброҳим.

- Бизни машинамиз бор эди, у ёқдан бу ёққа ташийдиган такси. Йўллар очиқ пайтда танишимиз қатнарди. Бизни бу ерга олиб келишди, - йўл қийинчиликлари ҳақида гапиради нукуслик Роза.

Геленжикда ишлаган Фарход эса муҳожирликдаги ҳаёти яхши кечганини айтади.

- Қурилишда, ҳар хил ишларда эдим. Мен ишладим, аёлим ёш бола билан уйда. Денгизда дам ҳам олдик. Бизга Геленжик ёқди, - дейди тошкентлик мигрант.

Кимдир келолмаяпти, кимдир кетаяпти

Айни дамда Ўзбекистондан Россияга ишлашга келувчилар сони кўпайиб бораяпти. Самолетга чипталар қимматлиги боис кела олмаётган ўзбекистонликлар эса йўлларнинг тўлиқ очилишини кутишмоқда.

Аммо Россияда карантин чекловлари ҳали тугагани йўқ. Пандемия даври машаққатлари сабаб, уйга қайтишга қарор қилаётган мигрантлар ҳам кўп.

28 май куни Волгоградда тумонат одам тўпланди. Таксилар нархи одатдагидан қимматроқ, мигрантлар катта-катта сумкалар, юклар билан Волжский вокзалига отланишди.

Йўловчилар Волгограддан Волжскийга келиш қийинлиги, поезд чиптаси нархи 12 минг рубль атрофида эканини айтишди.

Айни пайтда Россиядан Ўзбекистонга самолетда қайтиш нархи ўртача 8 минг рубль атрофида.

Махсус поезд 28 май куни соат 20:50 да Волжскаядан Тошкентга жўнаб кетди.

Аммо Россия Ўзбекистон орасидаги доимий темирйўллар қатнови ҳанузгача тиклангани йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek