Форбеснинг янги бойлар рўйхати: Ковид пулдорни янада бойитди - дунё, янгиликлар

Тўртинчи йилдирки жаҳон бойларининг рўйхатига Амазон асосчиси Жеф Безос етакчилик қилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Тўртинчи йилдирки жаҳон бойларининг рўйхатига Амазон асосчиси Жеф Безос етакчилик қилмоқда.

Forbes журнали 2021 йилги дунёнинг энг пули кўп одамлари рўйхатини эълон қилди.

Журналга кўра, 2020 йил февралида бошланган Covid-19 пандемияси ва шу туфайли юзага келган иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан, жаҳондаги миллиардер инсонларнинг бойлиги рекорд даражада кўпайган.

2021 йилдаги дунё миллиардерларининг қўлида жамланган жами маблағ 13,1 триллион долларни ташкил этган, уларнинг бойлиги бир йилда $8 триллионга кўпайган.

Ўтган йили жаҳон миллиардерларининг сони 2095 киши бўлган.

2021 йилда уларнинг сони яна 660 тага кўпайган.

"Форбес" ҳаммадан ҳам кўра технология соҳасида банд бўлганлар охирги бир йилда роса бойишганини айтади.

Хусусан, Телеграм асосчиси Павел Дуров россиялик энг бой ўнталик рўйхатига кирган.

Бизнеси Дубайда бўлгани учун Россия бойлари эмас, БАА бойлари рўйхатига киритилган, Павел Дуров бир йилда 13,8 миллиард долларга бойиб, унинг жами давлати 17,2 миллиардни ташкил этган.

Амазон асосчиси Жефф Безос тўртинчи йилдирки, энг бойлар рўйхатининг биринчи ўрнини эгаллаган, у бугунги кунда 177 миллиард долларнинг эгаси деб кўрилади.

Илон Маск 151 миллиард билан иккинчи ўринни эгаллаган.

Дунёда энг кўп миллиардерлар АҚШда, уларнинг сони 724 нафарни ташкил этади, иккинчи энг пулдор инсонлар мамлакати Хитой ҳисобланади, у ердаги миллиардерлар сони 698 та деб кўрилади.

Россиянинг энг бой одамлари рўйхати ҳам бу йил ўзгарган.

Бу рўйхатга 123 пулдор киритилган.

Биринчи ўринни 29,1 миллиард доллар билан Алексей Мордашов эгаллаган.

Россиянинг энг бойлари рўйхатида Алишер Усмонов бу йил 18,4 миллиард доллар билан тўққизинчи ўринни эгаллаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek