Исломий ибодат жиноятчиликка қарши курашда иш бериши тан олинмоқда - dunyo, musulmonlar, yangiliklar

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Мусулмон уламолари Кейптаунда зикр билан жиноятчиликка қарши курашишмоқда. Жинсий зўравонликни ҳам зикр билан жиловлашга уринишмоқда. Зикрда Аллоҳнинг исм ва сифатлари тўхтовсиз ёд этилади. Зикр иш бераётгани учун уламолар ҳатто полиция томонидан мукофотланган.
Жанубий Африкада бир гуруҳ исломий уламолар Кейптауннинг Маненберг ва бошқа мавзеларида кенг тарқалган жиноий тўдалар ва гиёҳвандликка қарши курашиш учун уч йилдан бери ҳаракат қилиб келади.
Суратчи Шероз Муҳаммад уларга турли сафарларида ҳамроҳлик қилди.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Асосан пайшанба оқшомларида уламолар Кейптауннинг жиноятчилар олами ичига кириб, улар билан "зикр" деб аталадиган маросим ўтказади.
Бу маросимларда Xудонинг исмлари ва сифатлари ритм асосида айтиб такрорланади.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Ташкилотчиларнинг айтишича, ўтган уч йил мобайнида бир ярим соатлик ибодат вақтида бирор марта ҳам жиноий тўдалар ўртасида тўқнашув кузатилмаган.
Одатда бу маросимларда 100-400 одам қатнашади. Жинсий зўравонликка қарши ҳам ибодат маросими ўтказилган, унда нақ 2000 одам иштирок этган. Жинсий зўравонлик Жанубий Африкада жиддий муаммо саналади.
"Гап сонда ҳам эмас. Муҳими шундаки, шароит қандай бўлмасин, биз зикр маросимларини уч йилдирки, бирор марта канда қилмадик", дейди ташкилотчи Шайх Муҳаммад Салиғ.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Маненберг 1960 йилларда апартеид ҳукумат томонидан камбағал рангли одамлар учун ташкил қилинган. Келиб чиқиши турли ирқларга мансуб одамлар мамлакатда ранглилар, деб аталади.
Ўша вақтда оқ танли озчилик режими жамиятни ирқига кўра бир-биридан ажратган ва оқ танлиларни шаҳарнинг бой туманларида яшашига имконият яратиб берган эди.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Шаҳарчада асосан насроний бўлган 52 000дан зиёд одам яшайди, ишсизлик, қашшоқлик, жиноят ва гуруҳий зўравонлик илдиз отган.
Жиноий тўдалар ўртасидаги аёвсиз тўқнашувдан сўнг Маненбергда улар ҳозирча ўзаро сулҳ тузди, ваҳоланки, зикр бошланишидан сал аввал худди шу жойда отишмалар бўлганди. Ҳафта охирида яқин орадаги Митчеллс текислигидаги тўдалар отишувида тўрт одам ўлди.
Зикр ташкилотчилари агар ҳукумат керакли чорани кўрмаса, бу зўравонликларнинг кети узилмаслигини ҳис қилиб туришибди.
Шайх Айзекснинг фикрича, жамоадаги турли диний гуруҳлар раҳнамолари мулоқотни бошлаб бериши керак. "Жиноят чегара билмайди ва дин фарқламайди", дейди у.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Шунингдек, унинг айтишича, расмийлар бу ерларда аҳоли зичлигини камайтиришлари керак. Шаҳарчада янада кўпроқ турар-жой қуриш ўрнига, одамларга бошқа жойларга кўчиб кетишларига ёрдам бериш керак. Хавфсизлик кучлари ҳар қадамда кўзга ташланиб туриши керак.
Зикр бутун дунёда мусулмонлар томонидан ижро қилинади ва ҳатто унинг ўз оҳанглари шаклланган. У тонг отишидан аввал ва xуфтон намозидан аввал амалга оширилади.
Кейптаундаги малайлар келиб чиқиши Осиёдан бўлган аралаш ирқ бўлиб, бир неча авлод давомида Жанубий Африкада яшаб келадилар. Улар айтадиган зикрнинг ҳам ўзига хос оҳанги бор.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Шаҳарчада яшовчи айрим насронийлар ҳам зикрларда қатнашади ёки ён-атрофдаги квартираларидан маросимни тамошо қилади.
Маненберг зикр маросимларининг яна бир ташкилотчиси Шайх Самиғ Нуридин иштирокчиларга идишларда овқат тайёрлайди. Кейптаунда йиғилишлардан сўнг одамларга турли ширинликлар тарқатиш - бу ерда "ниёз" дейишади - одат ҳисобланади.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Аммо Маненбергда асосан камбағал аҳоли яшагани учун зикрдан кейин иштирокчиларга иссиқ овқат тарқатилади.
Маненбергни расмийлар "қизил хавфли ҳудуд" деб эълон қилган ва ҳатто бир неча ой давомида "Tез ёрдам" машиналари ҳам, агар полиция ҳамроҳлиги бўлмаса, ҳудудга кира олмаган.
Шунга қарамай, баъзи жойларда жиноий тўдалар аъзолари ҳам уламоларга маросим бошланишидан аввал жойни ҳозирлашга ёрдам беради, дейди Шайх Айзекс.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
"2018 ва 2018 йил оралиғида шундай вақтлар ҳам бўлди, Маненбергда биз зикр ўтказаётганда жиноятлар камайди", дейди у.
Зикр маросимларининг ижтимоий таъсири ижобий бўлаётгани учун ташкилотчилар полиция томонидан ҳам мукофотланди.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Ташкилотчилар учун қисқа муддатли мақсад шаҳарчада тинчлик, сокинлик, хотиржамликни сақлашдир, узоқ муддатли мақсад эса, расмийларга гиёҳвандлик ва жиноий гуруҳбозликни йўқотишга кўмак беришдир.
Болалар наркотикнинг зараридан огоҳлантирилади, улар наркодилерлар ва гангстерларнинг таъсирига тушиб қолмаслиги учун зикр маросимларига жалб қилинади.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Айтишларича, насроний жамоаси ҳам зикр маросимларига ҳурмат билан қарайди, ташкилотчилар эса мусулмонларни тинч ва безарар эканини кўрсатишга умид қилади.
Ҳар пайшанба куни мавъиза қилиш учун бирор уламо таклиф қилинади. Мана, Шайх Ҳасан Панди оналарни эъзозлаш ҳақида гапирмоқда.
Меҳмон нотиқлар овоз кучайтиргичдан фойдаланади, гендер тенгликдан тортиб, гиёҳвандликкача бўлган мавзулардаги ваъзларни бошқалар ҳам эшитади.

Сурат манбаси, BBC/SHIRAAZ MOHAMED
Ташкилотчилар баъзида насроний воизларни ҳам таклиф қилиб туради.
"Зикр Маненбергга сокинлик олиб кирди", дейди Шайх Айзекс.
"Ҳафтада бир марта ўтказамиз. Агар ҳар куни ўтказа олганимизда эди самараси ҳам катта бўларди, аммо ташкилий сабабларга кўра ундай қилолмаймиз."
Барча фотосуратлар муаллифлик ҳуқуқига эга.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













