Зикр аҳли: Қозоғистонга сургун қилинган чеченлар авлоди қандай ҳаёт кечирмоқда?

Қозоғистондаги кичик "Чеченистон"

Сурат манбаси, Maxim Lomakin

Сурат тагсўзи, Қозоғистондаги кичик "Чеченистон"

Қозоғистон даштига чеченлар ва ингушлар 1944 йил қишининг ўртасида юк поездларининг музлаб қолган вагонларида мажбуран кўчирилади. Қозоғистон сари илдамлаётган поезд ортидан кўплаб жасадларни қолдирар, уларни ҳеч ким йўлдан четга олмас эди. Орадан 70 йилдан зиёдроқ вақт ўтиб, сургун қилинган чеченлар авлодлари Қозоғистонни ўз ватани, деб атайди. Улар даштнинг ўртасида янги ҳаёт қуришдан ташқари миллий қадриятларини ҳам сақлаб қола олганлар.

«Бугунги зикрни депортация кунлари совуқдан, касалликдан ва очликдан ҳалок бўлиб, кафансиз қордан қўним топганлар ва ҳозирги ватанимизда боқий дунёга риҳлат қилган аждодларимизга бағишлаймиз. Аллоҳ номи ила! Дўмбираларни олиб келинг!»

Красная Поляна қишлоғида масжидлар йўқ. Ҳар йили Чеченистондан сургунни хотирлаш мақсадида оддий уйларнинг бирида маросим ташкилланади.

Хонадан барча жиҳозлар чиқариб ташланиб, полга гилам тўшалади.

Оқ қалпоқ, узун чакмон ва оқ пайпоқлар кийган бир қанча эркаклар эндигина намозни адо қилиб бўлдилар. Зикр бошланишига қадар газ плиталар устида дўмбираларни қиздирадилар - дўмбиранинг юзасига қопланган эчки териси қуруқ бўлиши лозим, шунда унинг овози янада жарангдор чиқади.

Ҳеч ким «Бошладик», деб имо бермайди. Ҳаммаси кутилмаганда бошланади. Маросим бошида имом авлиёлар ҳаётидан қўшиқ куйлайди. Унинг атрофини ўраб олган юз чоғли эркак қўлларини тутганча тебрана бошлайдилар. Бир неча дақиқадан сўнг чўзиқ, баланд бўлмаган овоз билан имомга жўр бўладилар. Шундан сўнг ҳар дақиқада ибодат қўшиғи янада баландлаша боради ва эркаклар ички ва ташқи икки айлана ҳосил қиладилар.

Агар ҳаёлингизда дўмбира ва қўшиқ овозини бир зумга «ўчириб» турсангиз, бу эркаклар боғчада доира бўлиб, сакраб рақсга тушаётган болажонлар каби кўринади. Улар оёқларини алмаштириб, ўзларини уёнга, буёнга ташлаб сакрайдилар ва бир вақтда дўмбира овози ҳам тинмайди.

Ибодат мусиқаси ва қўшиғи маросимнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу вақтда ибодатчилар на рақс на товушлар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиладилар. Таъкидланишича, бу вақтда улар юракларида Яратганни ҳис этар ва унга хитоб қилишар экан. Бироқ ҳар бир иштирокчи Яратганга яқинлашишга интилсада, зикрнинг яхлитлиги бузилмайди - ҳамма унда бир жону бир танга айланади.

Красная поляналик авлиё

Зикр

Сурат манбаси, Maxim Lomakin

Сурат тагсўзи, Зикр

Шимолий Кавказда эътиқод қилинадиган анъанавий Исломда зикр - бу ибодат ифодаларини кўплаб марта тилга олиш маросимидир. Бироқ Красная Поляна аҳолиси мансуб ушбу оқим вакиллари ибодат вақтида қўлбола дўмбира ва уч торли мусиқа асбоблари овозини ҳам жўр қиладилар.

Мусиқа асбобларидан фойдаланиш анъанаси 1944 йилда сургун қилинганлар ичида бўлган Висхожи Загаев томонидан жорий қилинган. Унинг издошлари ўз диний раҳномалари тўғрисида тўлқинланиб сўзлайдилар, ҳурмат юзасидан унинг исмини тилга олмасликка интиладилар.

«У бизни бу ерда бирлаштирган, жамоат тузган; бизни меҳнатни севишга, елкама-елка туришга, мол-дунёга ружу қўймасликка, яхшилик ҳар доим ёвузликдан устун бўлишини англашга ўргатган. Айнан унинг шарофати билан биз ўзлигимиз, қонунларимиз ва кийиниш маданиятимизни сақлаб қола олганмиз,» дейди қишлоқ ҳокими Ансор Ибаев.

Красная Поляна Қозоғистон шимолидаги уч чечен қишлоғидан бири. У пойтахт Остонадан 300 километр узоқликда жойлашган. Бугунги кунда у ерда 1028 та чечен, 15 та рус ва 3 нафар немис истиқомат қилади. Уларнинг бари сургун қилинганлар авлодларидир.

Чечен жамоати ўз қобиғига ўралганча ҳаёт кечиради, лекин бунинг сабаби 150 километр радиусда бирор шаҳар ёки аҳоли маскани йўқлигида эмас.

Висхожи Загаев издошлари ўз раҳнамоси ўгитларига амал қилиб яшайдилар: улар меҳмондўстликни қадрлайдилар, лекин ёпиқ турмуш тарзи кечиришга интиладилар, ҳаётларини жамоат тараққиётига бағишлайдилар, тарки дунёчиликни қадрлашга ҳаракат қиладилар, ўндан ортиқ оқимга бўлиниб кетган сўфийликнинг бошқа вакиллари билан қиз олди-берди қилмайдилар.

Сургун вақтида келганлардан қишлоқда деярли ҳеч ким қолмаган. Янги авлод Чеченистонда деярли бўлмагани сабабли ота ватан билан ҳам алоқани сақлаб қолиш анчайин мушкул.

Дашт бағрида вояга етган ушбу инсонлар Кавказдаги ҳаёт ўзларига тўғри келмаслигини тан оладилар. Чеченистонга бориб кўрганлар у ердаги ҳаёт умуман бошқа эканлигини таъкидлайди.

«Оч, совуқда қотган, қашшоқ ва нобуд бўлган халқ»

Ҳаммаси 1943 йили кутилмаганда бошланган эди.

Люнки номли чечен қишлоғида полковник формасини кийган номаълум шахс пайдо бўлади.

Ҳозир унинг кўриниши, ёши ва исмини ҳеч ким эслолмайди. У шунчаки қишлоққа келади ва қишлоқ оқсоқоли Иброҳим чечен қадриятларига кўра уни уйга олиб кириб, олдига дастурхон ёзади.

Иброҳимнинг аёли Ҳаво ўша пайтда учинчи фарзандини дунёга келтириш арафасида эди. Ёруғ дунёга келган қизалоқни полковник билан бирга келган ва туғруқ пайти жон куйдирган ҳамшира шарафига Полина деб номлайдилар.

1944 йил 23 февралида номаълум меҳмон оилага қисқагина «Сизларни кўчиришмоқчи,» деб хабар берганида Полина атиги уч ойлик бўлган эди. Шундагина Иброҳим ва Ҳаво меҳмон сўнгги бир неча ой ичида уларникида аслида нима билан машғул бўлганини англаб етадилар.

Қишлоқдаги ҳеч ким нималар бўлаётганини тушунишга улгурмаган эди - ўша кунни ўзида қуролли ҳарбийлар ҳаммаёқни ўраб олиб, одамларни бирор нарсани ўзи билан олишига қўймай, кўчага ҳайдаб чиқаради.

Ҳавонинг ёдида қолган сўнгги нарса - бу ҳарбийлар уларнинг уйи эшигига бўр билан чизган «Х» шакли эди. Бундан ташқари икки қўлидан ҳарбийлар тутиб олган эрининг орқа томондан кўриниши ҳам хотирасида қолади - уни гўё муҳим масала билан қўшни қишлоққа олиб кетишади, лекин Ҳаво эрини бошқа кўрмайди.

Туман марказигача қишлоқдан 11 километр эди. Қишлоқликлар бу масофани пиёда босиб ўтадилар. Марказда уларни машиналар кутиб турарди. Ҳавонинг кўз ўнгида қўшниси Отби машинага ўтиришдан бош тортади. Шунда аскарлардан бири унинг бошига тўппончадан ўқ узади. Манзарага гувоҳ бўлган Ҳавонинг бутун вужудини даҳшат эгаллайди. Машинага ўтиришдан ҳам қўрқиб қолади. Шу чоқ синглиси Ҳавонинг қулоғига шивирлайди: «Кўрдингми? Қаршилик кўрсатсанг сени ҳам шундай отиб ташлайдилар…»

Полина момо

Сурат манбаси, Maksim Lomakin

Сурат тагсўзи, Полина момо

Грознийга олиб борувчи йўл жарлик бўйлаб ўтарди. Ҳавонинг қариндошларидан бири умидсизликдан машинадан сакраб тушиб, ўзини жарликка улоқтиради.

Йўлда давом этган чеченларни умид учқуни ҳали тарк этмаган эди. Уларнинг аксарияти «ҳозир ҳаммаси англашилмовчилик экани маълум бўлади ва биз уйга қайтамиз,» деб ўйларди. Бироқ мўъжиза содир бўлмади. Грознийда уларни ичига буржуйка печкалар ўрнатилган исқирт юк вагонлари кутиб турарди.

Одамларга 200-300 грамдан нон тарқатиб чиқадилар. Йўлда печкаларда сув қайнатиб, берилган нонни унда ивитиб еб, жон сақлардилар.

Жони узилганларни поезд тўхтаган вақтда ойнада тўғри қорга улоқтирар эдилар.

Манзилга озгина қолганда Ҳавонинг ўғли ҳалок бўлади. У жигарбанди танасини ойнадан улоқтирмасликлари учун унинг ўлганини билдирмасликка ҳаракат қилар, юзини рўмоли билан ёпиб, бағрига маҳкам босиб борар эди. Ҳавонинг истаги фақатгина ўғлини дафн қилиш эди, холос. Лекин ҳарбийлар поезд Костанайда тўхтаганда бундан хабар топиб, болани Ҳаводан тортиб оладилар.

Тез орада Ҳавонинг иккинчи ўғли ҳам вафот этади. Фақатгина уч ойлик Полина онаси билан қолади.

Ҳозирда Полина Иброҳимовна Ибаева 70 ёшда. У ҳасса билан зўрға ҳаракатланади, лекин ёрдамни ҳам рад этади. Айтишича, ўзи юриши анча фойдали эмиш.

«Қишлоғимиз раиси Костанай туманининг Владимировка деган жойидан эди. Унинг айтишича, бизнинг Қозоғистонга келишимиз олдидан маҳаллий аҳолини Эшик-деразаларни тамбаланг олинг, каллакесар чеченлар келмоқда!' деб огоҳлантириб чиқишган экан. Поезд келганда одамларнинг кўпи уйига яшириниб олади, лекин вагонлардан оч, совуқда қотган, қашшоқ ва нобуд бўлган халқ чиқиб келади,холос,» ҳикоя қилади Полина.

Олти кун давом этган сургун

Сургуннинг расмий сабаби сифатида чеченлар ва ингушларнинг аксил-совет фаолияти тилга олинади.

«Улуғ Ватан уруши даврида, айниқса, немис-фашист босқинчиларининг Кавказдаги фаолияти пайтида кўплаб чеченлар ва ингушлар Ватанга хоинлик қилиб, душман тарафга ўтгани сабабли Чечен-Ингушия АССР ҳудудида истиқомат қилувчи барча чечен ва ингуш миллатига мансуб шахслар СССРнинг бошқа ҳудудларига кўчирилсин, Чечен-Ингушия АССР эса тугатилсин,» дейилади СССР Олий Совети прездиумининг қарорида.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, кўчирилишга соғлиги ярамайдиганларни ўша жойнинг ўзида отиб ташлайдилар.

Тарихчи Саломат Гаевнинг «Хайбах. Текширув давом этади» китобида шундай ёзилади: «Атрофдаги қишлоқлардан бўлган одамларни Хайбах овулига йиғадилар ва уларга танлов имконияти берилади: юришга мажоли борлар пиёда кетаверсин (60 километр), қолганлар учун самолёт жўнатилади, улар самолётда кетадилар. Пиёда кетмасликка қарор қилганларга сомон билан бир саройга кириб, кутишлари айтилади. Улар саройга кириши билан эшиклар тамбаланиб, бутун бинога ўт қўйиб юборилади. Ичкаридагиларнинг бари тириклайин ёниб кул бўлган эди. Хайбахдаги операцияга бошчилик қилган давлат хавфсизлиги комиссари Михаил Гришиан юритган ҳужжатларга ишонилса, ўша пайтда саройда 700 тача одам бўлган.»

Олти кун ичида сургун амалиётлари якунланади.

Сталинга юборилган шифрограммада айтилишича: «29 февраль ҳолатига кўра, темирйўл эшелонларига жами 478,479 нафар одам, жумладан, 91,250 ингуш ва 387,229 чечен юкланди. Одамларга тўлдирилган 177 эшелондан 159 таси кўзланган манзилга жўнатилди. Махсус аҳамиятли юк ортилган сўнгги эшелон 20-март куни ўз манзилига етиб келди.»

Йўлда ва манзилга етиб келгандан сўнг ҳалок бўлганлар сонини аниқлаш имконсиз (чеченлар, асосан, Қозоғистон ва Қирғизистон ерларига кўчирилган эди). Қурбонлар сони бир неча ўндан бир неча юз минг нафаргача етиши тахмин қилинади.

«Мен кексалардан сургун қилинганларни Красная Полянага қандай олиб келганликлари ҳақида сўраганман. Уларнинг айтишича, колхоз раиси бир қанча одамни тўплайди, уларга от қўшилган чаналар бериб, Отбосарга жўнатади. Улар Отбосаргача деярли бир кун йўл босадилар. Вагонларда совуқдан музлаб қолаёзган одамларни чанага ўтқазиб, ортга қайтадилар. Қишлоқда уларни рус оиласи, немис оиласига бўладилар,» дейди қишлоқ оқсоқоли Ансор Ибаев.

«Шўра нималигини биласанми?» кутилмаганда Ансордан сўрайди онаси, Полина Иброҳимовна. "Онам биринчи марта бизга шўра овқат тайёрлаб берганда уни қайнатиб, устига чала янчилган тариқ сепиб берган эди. Биз шу билан жон сақлаганмиз. Кепакдан шўрва ҳам пишириб берарди. Картошка йиғими тугагандан сўнг биз даладан қолган-қутган картошка излардик. Бир кун давомида қурилишда ишласак, оналаримиз бўлка нон ва бир литр ёғи олинган сут берардилар. Маҳаллий аҳоли бизга ёмон муносабатда бўлганини эслолмайман, бари меҳрибон одамлар эди. Онам қўшнидан сомон қарз олиб, ундан бизга тўшак тайёрлаб берганини яхши хотирлайман. Ун сўраб, конторага борганда қоровулнинг раҳми келиб, 2-3 килограмм ун ва картошка берган эди. Меҳрибон ўрислар эди… Кейин бизга рус печкаси ўрнатилган ертўла уй беришди. Биз печкани устида ухлардик, дарс тайёрлардик."

Бундай ертўла уйлар Красная Полянада кам қолган - қишлоқнинг четида пойдеворсиз, ерга ўйиб қурилган бир қанча уйни кўриш мумкин. Уларнинг ердан юқори қисми сомон қўшилган лойдан кўтарилган ва қорга кўмилб ётибди. Сал нарида фақат ёғочдан қурилган ва мох босиб кетган русча уй ҳам қаққайиб туради. Яна бир қанча вақтдан сўнг улар чириб кетиб, майдаланган бўлакларни шамол дашт бўйлаб сочиб юбориши кўриниб турибди.

«Ҳаммаси қоғозда ҳал бўлган»

Зикр

Сурат манбаси, Maxim Lomakin

Ансор Ибаев ушбу қозоқ даштида туғилиб, ўсган. Она қишлоғини фақат Целинограддаги таҳсили пайтида кўп вақтга тарк этган (Целиноград - Остонанинг эски номи). Тарих факултетидаги ўқиши тугаши биланоқ ортга қайтган. Красная Поляна, Арбузинка ва Петриковка номли чечен қишлоқлари бир-биридан атиги уч-тўрт чақирим узоқликда жойлашган. Ансор барча уч қишлоқнинг раҳбари ёки, қозоқча айтганда, акими.

«Ташқи дунёда одамларнинг бир-бирига эътиборсиз муносабати кишини ҳайрон қолдиради. 'Бу менинг муаммойим эмас, буни менга алоқаси йўқ' қабиладаги муносабатни барча катта шаҳарларда учратасан,» дейди аким.

Унинг онаси, Полина Иброҳимовна келганлар ичида саводи чиққан озчиликдан бири бўлган. У ўғлига рус тилида китоблар ўқиб берган, таълим олишига имконият яратган.

Ансор Ибаев одамлар, кўчириш амалиётларда иштирок этганлар исмлари, саналар, кўчириб келинган қишлоқлар номи - барини ёддан айтиб бера олади, лекин бу ишларда ҳеч кимни айбламайди.

У совет даври ҳақида ижобий хотирлайди: "Саводинг чиққандан кейин комсомолга қўшиласан, кейин коммунистик партияга. Мансаб пиллапояларидан кўтарилиб борасан - бугун комсорг бўласан, эртага парторг. Бундай ҳаёт ҳамманинг орзуси эди. Менинг орзуларим ҳам, тўлиқ бўлмасада, ушалган."

Ҳаттоки, ўзи айтгандек, "ўртоқ Сталин"ни Ансор сургун ишларида айбламайди: "Унга қоғозларда ўзлари билганча маълумот беришган. Ҳаммаси қоғозда ҳал бўлган."

Лекин чеченлар уруш пайтида Гитлерни қўллаб-қувватлагани, уни Кавказда оқ от билан кутиб олмоқчи бўлганликлари ҳақидаги гап-сўзларни ҳам инкор қилади: "Бундай гапларни бизнинг чеченларга умуман алоқаси йўқ." Сўзининг исботи сифатида ўн минглаб чеченлар ўз ихтиёри билан немисларга қарши жанг қилганини яна бир бор эслатади.

Унинг онаси ҳам ота ватанни ташлаб чиқишда кимнидир айблашни истамайди. «Бизнинг қишлоқ одамларининг совет ҳукуматидан ҳеч қачон жаҳли чиқмайди. Буларнинг бари ўтмишда қолиб кетди. Мажбурий сургунга учраганлар аллақачон вафот этиб кетганлар,» дейди Полина. «Кўчириш ишларида иштирок этганларнинг ҳам гуноҳи йўқ. Улар фақат буйруқни бажарганлар, бажармасликдан бошқа иложлари бўлмаган. Ҳамма яралар ювилиб кетди, айбдорлар жазосини топди. Барчаси Парвардигор амри билан бўлди.»

Красная Поляна аҳолиси Совет Иттифоқи қулаганини қандай қабул қилган, деган саволга Ансор Ибаев афсус билан шундай жавоб беради: «Мен таълим олган, вояга етган совет даврига доим яхши муносабатда бўлганман. Мен ҳеч қачон бу тузум кун келиб қулайди, деб ўйламаганман. Бу ҳаёлимга ҳам келмаган.»

Қишлоқликлар Қозоғистон ҳукуматига ҳам яхши муносабатда. Қишлоқ эришган ютуқлар ҳақида гапирар экан, аким юқоридан берилган кўмакларни тинимсиз алқайди. Унинг айтишича, кўчаларга чироқ ўрнатилибди, кичик канализация тизими ташкил қилинибди, туғруқлар сони кўпайгани сабабли тез ёрдам машинаси совға қилишибди, интернет туширилибди.

Қозоғистон президентини ҳам аким шунчаки фамиляси билан тилга олмайди, ҳурмат билан «Нурсултон Абишевич» дейди.

«Ота ватандан хафа бўлиш ярамайди»

Тарихий ватандан янгиликларни, асосан, интернет орқали биладилар. Бу ерда чечен каналларини деярли тутиб бўлмайди.

Ансор Ибаев Чеченистонда илк марта 25 йил олдин, сўнгги бор 2015 йилда бўлган. Ота ватанга қайтиш ҳақида деярли ўйламаслигини айтади. Чеченистонда унга янги бинолар, йўллар ёққанлигини тан олади, лекин келажагини кўп қаватли уйларда кўра олмайди. Ансорга кўра, агар Россияда яшаганда аллақачон пенцияга чиққан, уйда ишсиз ётган бўларди. Ишсиз яшашни эса тасаввур ҳам қилолмайди.

Чеченистонда ўзига ёқмаган ягона нарса маърака пайти деярли ҳеч ким бўлмаслиги эканлигини айтади. "Мен марҳум чиққан уйнинг дарвозаси ёпиқлигини кўриб, сўрайман: 'Нега ҳеч ким йўқ?' 'Қўшнилар биринчи кун келиб, кетишди.' Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Масалан, қўшним нонсиз ўтирган бўлса, нон чиқараман. Гугурти тугаган бўлса, гугурт олиб чиқаман. Агар бирор яқинини йўқотса, олдида уни юпатиб ўтираман."

Чеченистонда ўтган беш кундан сўнг аким Красная Полянага қайтади.

Чеченистонда гейларнинг таҳқирланиши, одамларнинг қийноққа солиниши ва ўлдирилиши ҳақидаги янгиликларни қандай қабул қилгани ҳақидаги саволга аким шунчаки елка қисиб қўяди. Ансор Ибаев Рамзан Қодировни Петр I билан бир ўринда кўради: «У ҳам хатоларга йўл қўйган, лекин бунёдкор сифатида тарихда қолган. Бир вақтлар Чеченистон худди урушдан кейинги Сталинград аҳволида эди. Агар бугунги кунда Қодиров қандайдир хатоларга йўл қўяётган бўлса, бу ҳақда гапирмаса ҳам бўлади.»

Гейлар ҳақидаги саволни эшитган Ансорнинг атрофидаги болалари секин кулишни бошлайдилар, ўғли уялганча хонадан чиқиб кетади - бундай мавзу оила учун ноодатий эканлиги яққол сезилиб туради. Аким саволга бундай жавоб беради: «Сўз ноанъанавий жинсий ориентацияга эга одамлар ҳақида кетар экан, мен Чеченистонда бундайларга ўрин йўқ, деб ўйлайман. Бу мавзу чечен халқи учун буткул ёпилиши керак. Уни ҳатто муҳокама ҳам қилмаслик лозим.»

Умуман олганда, аким Чеченистон ҳақида илиқ фикрлар билдиради. Лекин нозик мавзуларни четлаб ўтишга ҳаракат қилади, у ерда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ёки йўқлиги ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтади. Қандайдир муаммо бўлса, бу билан Рамзан Қодиров ва Владимир Путин шуғулланиши керак, дейди.

Фақатгина суҳбат яна сургун мавзусига қайтганда Чеченистонда «Сургун қурбонларини хотирлаш куни» 10-майга - Аҳмат Қодировнинг дафн кунига кўчирилганидан «бироз норози» эканлигини маълум қилади. Бироқ «буни Россия Федерациясининг ички масаласи, деб ҳисоблайман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ота ватандан хафа бўлиш ярамайди,» дея қўшимча қилади.

«Ню-Йоркка боргим келади, лекин Лос-Анжелес яхшироқ»

Қишлоқдаги турмуш тарзи туфайли ёш авлоднинг бошқача келажак ҳақида ўйлашга ҳам имкони йўқ. Ёшлар катталарга экин-тикин, чорвани парваришлаш ва йўлларни тозалашда ёрдам беради.

Кексалар қишлоқдан деярли ҳеч ким кетиб қолмаслигидан фахрланадилар. Ёшларнинг фақат қишлоққа фойдаси тегадиган касблар бўйичагина шаҳарда ўқишига рухсат берилади. Улар қишлоққа ўқитувчи, ветеринар ва агроном бўлиб қайтадилар.

Ёшларнинг эрмагига айланган интернетнинг қишлоқда пайдо бўлганига атиги бир йил бўлди. Шундан бери кўпчилик «Вконтакте» тармоғига ўрганишни бошлаган.

Аким интернетнинг ёшларга салбий таъсир ўтказмаслигидан умид қилади. «Интернет асри - боши мониторга ёпишиб қолганлар асридир. Қишлоғимизда ҳали ҳеч кимнинг боши тўлиқ пастга эгилиб қолмади, деб умид қиламан,» кулади у.

Лекин ёшлар интернет шарофати билан дунёнинг бошқа бурчаклари ҳақида ҳам била бошлаганликларини айтадилар. Ўз навбатида, уларда янгидан-янги орзулар пайдо бўла бошлаган.

Хадижат 10-синфда ўқийди. Мактабдан сўнг Кавказдаги бирор олийгоҳга кириш ниятида. Унинг келажак учун режаларидан фақат уй юмушларини бажариш ўрин олмаган:

«Мен визажист бўлишни орзу қиламан,» ийманибгина тан олади. «Ҳозир ҳам мактабдан бўш пайтларим машқ қилиб тураман.»

«Мен эса жарроҳ бўлишни истайман,» - кутилмаганда суҳбатга қўшилади Хадижатнинг партадош дугонаси. «Грознийда ўқишни хоҳлайман.»

Муса Абуев Хадижатдан озгина каттароқ - 20 ёшда. Қўшни Арбузинка қишлоғида яшайди. У яқинда Кўкшатовдаги институтни тугаллаб қайтди, дастурчиликка ўқиган. Унинг отаси, маҳаллий меъзонларга кўра, ўзига тўқ: йилқиси, қўйлари, сигирлари кўп.

Муса кун келиб Америкага кетишни орзу қилади.

«Бу менинг орзуйим ва бир кун аниқ кетаман. Яқинда инглиз тилини ўрганишни бошлайман. Ўзи озроқ бу тилда гапираман ҳам,» дейди у.

Муса келажак учун режаларини ҳам пухталаб қўйган: ярим йил Кўкшатовда ишлайди, кейин қариндошлари яшайдиган Россия ёки Норвегияга кетади. У ердан Америкага ўтади: «Менга кўпроқ Лос-Анжелес ёқади. Ню-Ёркка боргим келади, лекин Лос-Анжелес яхшироқ. Интернетдан билишимча, у ерлар иссиқ экан. Ҳаммаёқни бориб кўришни истайман. У ерда бинолар жуда кўп.»

Мусадан нега тенгдошлари каби зикрда иштирок этмаслиги ҳақида кўп сўрашади. «Бу маросим шунчаки мен учун қизиқмас,» жавоб қайтаради у.

Муса жаҳонгашталик орзуси отасига ёқмаслигини айтади. Шунга қарамай у мендан сўрайди: «Илтимос ёзинг, 'Муса Абуев деган бола бор ва унинг орзуси - Америкага бориш'.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek