Зикр одамлари: Бадарға қилинган чечен авлодлари қандай яшамоқда - Уруш ва тинчлик
- Author, Ольга Просвирова
- Role, Би-би-си рус хизмати, Красная Поляна, Қозоғистон
Чеченлар ва ингушлар қозоқ даштига 1944 йил қишининг ўрталарида музлаган юк вагонларда олиб келинган. Йўл азобини кўтара олмаганларнинг жасадлари поездларда даҳшатли из қолдирган. 70 йилдан кўпроқ вақт ўтгач, бадарға қилинган чеченларнинг авлодлари айнан Қозоғистонни ўз ватанлари деб аташмоқда. Улар чўлнинг ўртасида нафақат янги ҳаёт қуришди, балки ўзларининг миллий анъаналарини сақлай олишди.
"Бугунги зикрни хасталикдан, қувғин кунларидаги совуқ ва очликдан қурбон бўлганларга, қорда ётишга қолганларнинг ҳаммаси ва бу ерда - Қозоғистонда вафот этганларга бағишлаймиз. Аллоҳ номи билан. Ноғораларни келтиринг! "
Красная Поляна қишлоғида Чеченистондан бадарға қилинганлар хотирасини ёдлаш маросимлари учун масжид йўқ, унинг вазифасини турар жойлардан бирининг меҳмонхонаси бажаради.
Хонадан барча жиҳозлар олиб чиқилган, ерга гилам тўшалган.
Оқ бош кийим, оқ узун яктак ва оқ жунпайпоқ кийган ўнлаб эркаклар ҳозиргина намозни адо этишди. Улар зикр бошланишини кутиб, ноғораларини газ печида қиздириб олишди. Ноғорага тортилган эчки териси қуруқ бўлиши керак, шунда ибодат пайти баландроқ жаранглайди.

Ҳаммаси кутилмаганда бошланади, ҳеч ким "бошладик" демайди. Шунчаки имом авлиёлар ҳаёти ҳақида куйлайди. Унинг атрофида ерда ўтирган қарийб юзтача киши жўр бўлади. Бир неча дақиқалардан сўнг ўнлаб овозлар бирлашади - сокин ва давомли. Аммо ҳар кейинги дақиқада оҳанг ўсиб боради, ибодат юқорироқ янграйди, тез орада чеченлар ҳам бу ўзига хос масжидда икки халқа - ички ва ташқи айлана бўлиб шаклланишади.
Агар бу уйдаги овозни хаёлан "ўчириб" қўйсангиз ва четдан қарашга уринсангиз, гўёки катта кишилар болалар боғчасидаги ўйинини ўйнашаётгандек, жўр бўлиб куйлашаётгандек, фақат кўринмас нарсанинг атрофида айланишаётгандек туюлади. Шу билан бирга ғалати тарзда у томондан-бу томонга чайқалашади, худди бир оёқдан иккинчисига ўтаётгандек, ва яна ноғораларни уришади.
Аммо аслида овозни "ўчириш"ни уддалаб бўлмайди. Бу нақоратли ибодатлар барча ҳаракатларнинг ўта муҳим қисми. Шу билан бирга энг асосийси - ҳаракат ва сўзлар ҳақида ўйлашни тўхтатиш керак. Айни шу лаҳзада иймон соҳиблари худони ўз қалбида топишга муваффақ бўлади, дея ҳисобланади ва яратганга мурожаат ўз-ўзидан содир бўлади. Аммо зикр бузилмайди. Ҳар дуода бир бутун бўлиб бораверади.
Красная Поляналик авлиё
Шимолий Кавказда амал қилинувчи анъанавий исломда зикр - дуо шаклини кўп бора такрорлаб ифода этишдир. Аммо Красная Поляна аҳолисини ўз ичига олган оқим вакиллари ибодат учун бошқа овозларни - қўлбола ноғоралар ва уч торли мусиқа асбобларини ҳам қўшишади.
Бу анъаналарга оқим асосчиси, 44-йилларда Чеченистондан қувғин қилинганлардан бири Висхожи Загаев асос солган. Унинг издошлари ўзларининг диний етакчилари ҳақида эҳтиром билан гапиришади, ва айнан алоҳида ҳурмат юзасидан унинг исмини тилга олмасликка ҳаракат қилишади.
"У бизни бу ерда тўплади, жамиятни бирлаштирди, бизни меҳнатни севишга, бирга бўлишга, ҳаётга юзакироқ қарашга, яхшилик ҳамиша ёмонликдан кўра кўпроқ фойда келтиришини билиш ва англашга ўргатди ва у сабаб биз бу ерга ўрнашдик, ўз турмушимиз, қонунларимиз, кийимларимиз шаклини сақлаб қолдик", — сўзлайди қишлоқ ҳокими Ансор Ибаев.
Красная Поляна - Қозоғистон шимолидаги уч чечен қишлоғининг бири, у Астанадан 300 км узоқликда жойлашган. Бугун бу ерда 2028 га чеченлар билан бирга 15 нафар рус ва 3 немис яшайди. Уларнинг бари - қувғин қилинганларнинг авлодлари.

Чечен жамоати ёпиқ ҳаёт тарзини кечиради - фақатгина 150 километр теварагида бошқа шаҳар ёки қишлоқнинг йўқлиги учун эмас. Висхожи Загаев муридлари ўз пирларининг насиҳатларига амал қилишади: меҳмондўст бўлиш, аммо ёпиқ яшаш, фарзандларни болаликдан меҳнатга ўргатиш, ҳаётни жамоатнинг ривожланишига бағишлаш, бирлашиш ва аскетизмни қадрлаш, Шимолий Кавказ анъанавий исломидаги ўнлаб бошқа суфийлик оқими вакиллари билан турмуш қурмаслик каби.
Қувғинни эслайдиганлар қишлоқда деярли қолмаган, аждодлар ватани билан алоқаларни боғлаш ҳам мураккаб - ёшлар Чеченистонда деярли бўлишмайди.
Даштда ўсган кўчманчиларнинг авлодлари "Кавказ"га тортмаслигини тан олишади. Улар республикани шундай аташади. Чеченистонда бўлишга улгурганлар эса тушунадики, бу ерда, Қозоғистонда мутлақо бошқа ҳаётда яшашади.
"Оч, музлаган, қашшоқ, хароб халқ"
Ҳаммаси 1943 йилда тўсатдан бошланди.
Люнки чечен қишлоғида полковник либосидаги номаълум киши пайдо бўлди.
Ҳозир унинг исми нима эди, ёши нечада бўлган, қандай кўринишда эканлигини ҳеч ким эсламайди. У шунчаки келди, чечен одатларига кўра қишлоқ раиси Ибрагим очиқкўнгиллик билан уй эшигини очди, кўрпача солди, дастурхон ёзди.
Ибрагимнинг аёли Ҳаво учинчи фарзандига кўзи ёриш арафасида эди. Дунёга келган қизалоққа полковник билан бирга келган ва туғруққа ёрдамлашган тиббиёт ходими шарафига Полина дея исм қўйишди.
Полина 3 ойлик бўлаёзганида, 23 февраль 1944 йилда чақирилмаган меҳмон ҳеч қандай изоҳларсиз, оилага "сизларни кўчиришади" деди. Ибрагим ва Ҳаво шундагина бу формали киши уларнинг уйида бир неча ойдан бери нима қилиб юрганини тушунишди.
Ҳеч ким эс-ҳушини йиғиб улгурмади, шу куннинг ўзидаёқ қишлоқни қуролли ҳарбийлар босди. Ҳаммага кўчага чиқишни буюришди - ҳеч нарсасиз.
Ҳаво ўз уйи ҳақида эслайдиганларининг энг охиргиси - ҳарбийларнинг эшикка бўр билан хоч чизиб кетишгани бўлди. У яна узоқлашаётган эрининг елкасини хотирлайди, уни гўёки қўшни қишлоққа нимадир иш билан боришга мажбурлашганди, ва шу билан эрини қайтиб кўрмади.
Туман маркази - Итум-Кали қишлоғигача 11 километрдан ошиқ. Чеченлар бутун йўлни пиёда босиб ўтишди. Қишлоқда уларни машина кутарди. Ҳаво қўшниси Атби бу номаъқулчиликларни тўхтатишга охирги марта уринганини эслади - у машинага ўтиришдан қатъий бош тортди.
Шунда аскарлардан бири уни бошига ўқ узиб ўлдирди. Ҳаво даҳшатдан ўкириб йиғлади. Унга энди бошқа ҳеч нима бу машинага ўтиришга мажбурламайдигандек туюлди. Унинг ҳиссиётларини эрининг опаси ифодалади: "Кўрдингми, уни қандай ўлдиришди? Сени ҳам шундай ўлдиришади"
Грозний йўл жарлик бўйлаб борарди, Ҳавонинг яна бир қариндоши умидсизликка тушиб у ерга сакради.
Йўлда давом этаётган чеченлар балки ҳали ҳам аниқлаштиришлари мумкин, ҳарбийлар ҳаммасини ҳал қилиб уларни уйларига қайтариб юборишади, деган умидларини йўқотишмади. Аммо мўъжиза рўй бермади. Грознийда уларни печкали ифлос юк вагонлари кутарди.
Одамларга нон тарқатишди, ҳар бир кишига 200-300 граммдан.Улар йўлда сув қайнатиб, унга нон ботириб ейишди.
Йўлда ўлиб қолганлар поезд тўхтаганида вагондан тўғри қорга улоқтирилди.

Йўл охирига оз қолганида Ҳавонинг ўғилчаси оламдан ўтди. У боласини кейинги бекатда қорга улоқтирилишидан қўрқиб, жонсиз танани ўз қорнига боғлаб олди ва рўмоли билан бекитди. У бор-йўғи фарзандининг кўмилишини истарди. Аммо ҳарбийлар буни билиб қолишди. Поезд Кустанайда тўхтаганида, жонсиз болакайни тортиб олиб, олиб кетишди.
Ҳавонинг иккинчи ўғли ҳам вафот эди, фақат чақалоғи Полина қолди. Ўша пайтда, 44-йилнинг февралида у уч ойлик эди.
Ҳозир Полина Ибрагимовна Ибаева 75 ёшда. У ҳасса таяниб базўр юради, аммо бошқаларнинг кўмагини рад қилади -ҳаракат қилиши ўзига фойдали эканини айтади.
"Бизнинг қишлоқ кенгашимиз раиси Кустанай районининг Владимировка қўрғонидан эди. У бизнинг (Қозоғистонга) келишимиздан олдин ҳаммага "Эшиклар ва ойналарни ёпинглар, каллакесар чеченлар келаяпти" деб эълон қилинганини гапириб берган. Бизни шундай қўрқинчли қилиб тасвирлашган. Одамлар ҳаммаси бекинишган. Бу ёқда эса вагонлардан оч, музлаган, қашшоқ, хароб халқ чиқиб келди, — ҳикоя қилади у.
Депортацияга олти кун
Чеченлар ва ингушларнинг антисовет фаолиятлари депортациянинг расмий сабаби сифатида айтилади.
"Ватан уруши пайтида, айниқса немис-фашист кучларининг Кавказдаги ҳаракатлари пайтида кўплаб чечен ва ингушлар Ватанга хиёнат қилганлар, фашист босқинчилари томонга ўтганлар ва диверсант ва разведкачилар отрядларига қўшилганлар, — дейилади СССР Олий Совети президиуми буйруғида. - Чечен-Ингуш АССР ҳудудида яшовчи барча чечен ва ингушларни, шунингдек уларга қўшни туманлар СССРнинг бошқа ҳудудларига кўчирилсин, Чечен-ингуш АССР йўқ қилинсин".
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, саломатлиги сабабли кўчириш мумкин бўлмаганлар (масалан, ногиронлар)ни жойида ўлдиришган.
Тарихчи, "Хайбах. Суриштирув давом этади" китобининг муаллифи Саломат Гаев шундай ҳикоя қилади: "Хайбах қишлоғи ва қишлоқ атрофидаги одамларни тўплашди ва таклиф қилишди: ким 60 километр пиёда юра оладиганлар юринг, ким юра олмаса, марҳамат қилиб кутинглар, сизларга самолёт келади, самолётда олиб кетамиз. Ўзингиз билан сомон, пичан олиб, бу омборга киринг. Улар ичкарига кириб жойлашишди. Кейин эса устиларидан эшикларни мурват билан ёпишди ва уларни ёқиб юборишди. Хайбах операциясига бошчилик қилган давлат хавфсизлиги хизмати комиссари Михаил Гришиани ҳужжатларига кўра, улар ёқиб юборганларда 700 сони турибди.
Олти кун давомида депортация ниҳоясига етди.
Сталинга юборилган шифрограммада "29 февралда кўчирилган ва темирйўл эшелонларига ортилганлар 478 479 киши, жумладан 91 250 ингуш ва 387 229 чеченлар. 177 та эшелон юкланган, улардан 159 таси янги аҳоли пунктига жўнатилган. Махсус контингентли сўнгги эшелон 20 март куни ўз манзилига етиб борди" дейилган.
Йўлларда вафот этганлар, шунингдек Қозоғистон ва Қирғизистон ССРга бадарға қилинган чеченлар ва ингушлар сонини аниқлаш имконсиз. Турли баҳоларга кўра, бу рақам бир неча ўн мингдан то юз минггачани ташкил қилади.
"Мен кекса одамлар билан гаплашдим, қувғинларни Красная Полянага қандай олиб келингани ҳақида сўрадим. Улар колхоз раиси уларни чақиргани, уларга чана ва отлар бериб, "Ўзингиз билан пўстинлар, қалин кийимлар олиб Атбасарга боринглар", деганини айтди. Улар бир кеча-кундуз юриб, Атбасарга етиб келишган ва вагонлардан музлаб қолган одамларни олиб тушишган, иссиққа ўраб ортга олиб келишган. Қишлоқда рус ва немис оилаларига бўлиб жойлаштиришган, — ҳикоя қилади колхоз раҳбари Ансар Ибаев.
"Шўра нималигини биласанми? - кутилмаганда сўради унинг онаси Полина Ибрагимовна. - Дастлаб онам шўра қайнатиб, устига туйилган тариқ сепарди ва бизни шу билан боқарди. Керак қайнатарди, ундан шўрва тайёрларди. Далада картошка йиғишни тамомлашгач, биз қолдиқларини излардик. Қурилиш майдончасида ишлаган кунларимизда оналарга кунига бир буханка нон ва бир литр қаймоғи олинган сут берарди. Ҳеч ким биз билан ёмон муносабатда бўлмаган, қўшниларнинг бари меҳрибон эди. Онам қўшнилардан сомон олгани ва унда бизни ухлашга ётқизгани ҳақида гапириб берганини эслайман. Онам ун сўраб борган идорада қоровулнинг унга жуда раҳми келиб 2-3 килограмм ва баъзида картошка берган. Жуда яхши руслар эди… кейин эса бизга рус печили ертўлани беришди. Биз унда ухлардик ва дарс қилардик".
Красная Полянада бундай ертўлалардан саноқли қолган - қишлоқ четида пойдеворсиз ва усти ёпилмаган уйлар бор, ташқаридан бир қисми қорга кўмилган. Бу сомон уйлар лой-тупроқдан сомон қўшиб қурилган. Яқинроқда фақат дарахтдан ясалган, усти моҳ билан қопланган рус кулбаси ҳам сақланиб қолган. Яна бироз вақт ўтса, улар бутунлай вайрон бўлиб, дашт шамолида майда бўлакларга бўлиниб кетади.
"Қандай қоғоз олиб киришган бўлса, шундай бўлиб чиқди"
Ансар Ибаев шу ерда, қозоқ чўллари орасида туғилиб ўсди. Бу чечен ўз ерини узоқ вақтга фақат Целиноград (Астананинг аввалги номи) пединститутидаги таҳсили даврида тарк этиб турди. Тарих факультетини тамомладию, дарров қайтди.
Красная Поляна, Арбузинка ва Петриковка чечен қишлоқлари бир биридан уч-тўрт километр узоқликдаги масофада жойлашган. Ансар - бу учала аҳоли ҳудудига раҳбар, ёки қозоқчасига айтганда ҳоким.
"Катта дунёда сиз тумандан кетаётганингизда одамларнинг муносабати ҳайратланарли, шунчалик бефарқлар. "Нима ишим бор, менга дахли йўқ" — катта шаҳарларда шундай муносабат", — дейди ҳоким.
Унинг онаси Полина Ибрагимовна Красная Полянага келган кўчманчилар орасида кам сонли саводли инсонлардан бири бўлган. У ўғлига рус тилида китоблар ўқиб берган, ўқишга жўнатган ва ҳамма томонлама қўллаб-қувватлаган.
Ансар Ибаев махсус операцияда қатнашган инсонларнинг исмларини, саналари, барча қишлоқлар номларини, қаердан жўнатилганини ёддан билади, аммо айбдорларни изламайди.

Унинг ўзида совет даври ҳақида бошқача хотиралар бор: "билим олиш, комсомол сафига кириш, кейин коммунистик партияга, мавқе пиллапоясидан бориш: бугун комсорг, эртага парторг бўлиш - мана шундай, ҳаммаси орзулардагидек кечди. Балки, орзулар секин-аста амалга ошди".
Хатто "ўртоқ Сталин"ни (Ансор уни шундай атайди) бадарғада айбламайди: "унга қандай қоғозни олиб киришган бўлса, шундай бўлиб чиқди"
Аммо чеченлар Гитлер қўшинларига қўшилишмоқчи бўлгани ва унга оқ отни совға сифатида тайёрлашгани ҳақидаги тахминларни ҳоким рад этади: "Бу балки узоқ вақтдан бери Вайнах аҳолисига нисбатан бўлган адоват оқибатида 44 йил бадарғасига олиб келди" ва исбот тариқасида шоша-пиша қўшимча қилди: ўн минглаб чеченлар фронтда кўнгилли жанг қилишган.
Унинг онаси ҳам бир умрга ватанларини тарк этишларида кимнидир айблашни рад қилди. "Бизнинг қишлоғимиз одамлари ҳеч қачон совет ҳукуматини сўкишмайди. Бу аллақачон узоқ ўтмишда қолган. Унда иштирок этган одамлар ўлиб кетишган", — дейди у. ва ярашувчанлик оҳангида қўшиб қўяди: " Кўчиришда ким қатнашган бўлса, улар буйруқ бўйича иш қилишган, уларнинг бошқа чоралари бўлмаган. Ҳамма балолар аллақачон бошдан кечирилган ва айбдорлар жазоларини олишган. Бу ҳаммаси худонинг иродаси".
Красная Поляналиклар Совет Иттифоқининг парчаланишига қандай муносабат билдиришгани ҳақидаги саволга Ансар Ибаев шундай жавоб берди: "Мен ўқиган, ўсган, билим олган совет ҳукуматига яхши муносабатда эдим. Совет ҳукумати қачондир тугайди деб ҳатто ўйламаганман ҳам. Буни ҳатто кутмагандим".
Бу ерда юқори бошқарувга муносабат яхши таъкидланган. Қишлоқнинг эришган ютуқлари ҳақида гапираётиб, ҳоким тинмай ёрдам учун ҳукуматга раҳмат айтди: кўчаларни ёруғлаштиришди, санузеллар ўрнатишда кўмаклашишди, юқори туғилишлар учун қишлоққа тез ёрдам машинаси совға қилишди, интернет ўтказишди.
Чечен қишлоғи ҳокими Қозоғистон Президентини ҳеч қачон шунчаки фамилиясини айтмайди, фақат эҳтиром билан — Нурсултан Абишевич.
"Оталар ватанини койиш мумкинмас"
Тарихий ватани янгиликлари ҳақида бу ерда асосан интернетдан билишади, айримлардагина чечен телеканаллари бор.
Ансар Ибаев республикада охирги марта 2015 йилда бўлган - охирги 25 йил давомида биринчи марта - яна боришга эса шошилаётгани йўқ. Унга янги бинолар ва йўллар манзур бўлганини тан олади, аммо ўзини Грознийча янги қурилиш бинолари ичида кўра олмайди. Биринчи навбатда - иши учун. Россияда Ибаев яқин орада нафақага чиққан ва ишсиз қолган бўларди, аммо ишсиз диванда ётиш нималигини у тасаввур ҳам қила олмайди.
Ёқимсиз хотиралардан фақат уйларнинг дарвозаси ёпиқлигини эслайди: "Мен қўшнилар қани?, деб сўрадим. Менга биринчи кун келишдию дарров кетишди, дейишди. Қанақасига кетишади? Бизда, агар менинг қўшним нонсиз ўтирган бўлса, мен унга нон олиб чиқаман. Кимдадир гугурт тугаган бўлса, мен уларга гугурт билан чиқаман. Биз чўл аҳолиси каби очиқ яшаймиз. У ернинг эса ўз одатлари бор"
Чеченистонда беш кунни ўтказиб, ҳоким Красная Полянага қайтди.
Чеченистонда гейларнинг таъқиб қилиниши, одамларнинг қийноқ ва ўлдирилиши ҳақидаги гап-сўзлар ҳақидаги янгиликларни қандай қабул қилганлиги ҳақидаги саволга ҳоким хотиржам елка қисди. Ансар Ибаев Рамзан Қодировни Петр- I билан бир қаторга қўяди - бу маънодаки, "уям хатолар қилди, аммо яратувчи сифатида тарихга кирди". "Урушдан кейин Чеченистонда бўлган вазиятда… Чеченистон Сталинград каби эди. Ва ҳозирги Чеченистон… Агар Рамзан Қодиров қаердадир хатога йўл қўйса, назаримда, бу ҳақида ҳатто гапирмаслик ҳам мумкин"
Ёнимизда ўтирган Ансар Ибаевнинг болалари гейлар ҳақида эшитгач, ноқулай жилмая бошлашди, ўғли ўрнидан туриб хонадан чиқиб кетди. Кўриниб турибдики, бу мавзу улар учун ноодатий, аммо ҳокимнинг ўзи ҳижолат бўлмади: "Агар ноанъанавий жинсли одамлар ҳақида гапирадиган бўлсак, мен бундай дейман: Чеченистонда бунақалар бўлмаслиги керак. Бу мавзу Вайнах халқи учун умуман ёпиқ бўлиши лозим, ҳатто муҳокама ҳам қилинмайди. Менга ҳатто бу ҳақида ёзиш ҳам уят бўларди. Гарчи бизнинг дунёмизда ҳамма нарса бўлиши мумкин бўлса ҳам".
Чеченистон ҳақида қолганларини ҳоким эҳтиёткорона, ўткир бурчакларни айланиб ўтиб гапирди. "У ерда инсон ҳуқуқлари бузилаяптими-йўқми, билмаслиги"ни тан олди, агар шундай бўлса, буни Рамзан Қодиров ва Владимир Путин ҳал қилиши лозим.
Фақат суҳбат яна депортацияга турилгандагина Ансар Ибаев унга Чеченистонда депортация қурбонларини хотирлаш куни 10 май - Аҳмад Қодиров вафоти кунига кўчирилгани унга "унчалик ёқмагани"ни тан олди, аммо дарров қўшимча қилди: "Бу Россия Федерациясининг ички иши деб ҳисоблайман. Оталар ватанини ҳар қандай ҳолатда ҳам койиш мумкинмас"
"Нью-Йоркка мен ҳам бораман, аммо Лос-Анжелес яхшироқ"
Қишлоқдаги ҳаёт тарзи кўплаб ёшларни бошқа бир келажак ҳақида ўйлашларига имкон бермайди. Болалар катталарга экин экишга ёрдам беришади, қорамол боқишади, йўлларни тозалашади.
Катталар қишлоқдан деярли ҳеч ким кетмаслиги билан фахрланишади: болаларни қишлоққа нафи тегиши учун шаҳарга ўқитишга жўнатишади. У ердан ўқитувчилар, ветеринерлар, қишлоқ хўжалиги мутахассислари бўлиб қайтишади.
Интернет - ёшларнинг "улкан ер"даги асосий кўнгилочар нарсаси - у Красное селода бир йил олдингина пайдо бўлди. Шундан бери мактаб ўқувчилари "Вконтакте"да фаол ўтиришиб, бир бирларининг суратларига ёқдилашади.
Шу билан бирга ҳоким Wi-Fi ёшларнинг интилиши ва пойдеворини ўзгартирмаслигига умид қилади. "Интернет - боши эгилган одамлар асри. Менинг қишлоғимда ҳали бошимизни пастга эгмадик, деб умид қиламан", — жилмаяди Ансар Ибаев.
Аммо ёшлар интернет шарофати билан дунёнинг бошқа бурчакларига назар ташлаётганликларини тан олишди. Бу эса уларга янги нарсаларни орзу қилиш имконини бераяпти.
Хадижат 10-синфда ўқийди, аммо аллақачон мактабни битиргач, "Кавказда" қайсидир-бир жойга ўқишга киришга қарор қилган. Унинг режаларида нафақат уй-рўзғор ишлари, бошқа нарсалар ҳам бор, аммо у бу ҳақда умуман гапирмайди.
"Мен визажист бўлишни орзу қиламан, — тортинибгина тан олади у. - Мактабдан кейин баъзида шуғулланиб ҳам турибман".
"мен эса шифокор, жарроҳ бўлмоқчиман, — тўсатдан гапирди унинг партадоши. - Грознийда ўқишни истайман".
Муса Абуев Хадижатдан озроқ катта — 20 ёшга кирган, у Красная Полянага қўшни Арбузинка қишлоғида яшайди. Яқинда Кокшетаудаги институтни тамомлади, дастурчиликка ўқиди. Унинг отаси маҳаллий меъёрлар бўйича яхши хўжаликка эга - отлар, қўйлар, сигирлар.

Муса баъзида қишлоқдан ташқарига чиқиб туради, аммо кўпроқ кунлардан бир кун қайтиб келмасликни орзу қилади.20 ёшли йигит Америкага кетишни хоҳлайди.
"Бу менинг орзуим ва аниқ биламанки, у ерга бораман. Яқинда инглиз тилини ўрганишни бошлайман. Ҳозир ҳам озроқ гаплашишни биламан", — ғурур билан сўзлайди у.
Муса аниқ режа ишлаб чиққан: ярим йил Кокшетауда ишлайди, кейин Россия ёки қариндоши бор бўлган Норвегияга кетади. У ердан эса Америкага ўтади.
"Менга кўпроқ Лос-Анжелес ёқади. Нью-Йоркка ҳам бораман, аммо Лос-Анжелес афзалроқ. Мен интернетда кўрдим, у ер илиқ. У ер нима-қандай, кўришни истайман. У ерда бинолар кўп-ку".
Мусадан нима учун тенгдошларига ўхшаб зикрда қатнашмаслигини тез-тез сўрашади. "Шунчаки, буларнинг бари менга унчалик қизиқ эмас", — дейди жавобан.
Муса унинг дунё кезиш ҳақидаги ғояси отасига ёқмаслигини тан олади. Шунга қарамай, йигитча: "Муса Абуев деган йигит бор, унинг Америкага бориш орзуси бор, деб ёз", деб сўради.
Фото - Максим Ломакин
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













