Латифа, Шамса - Дубай маликалари қаерда? Янги хавотирлар, Dubay, dunyo, yangiliklar

Malika Shamsa

Сурат манбаси, SUPPLIED

Сурат тагсўзи, Малика Шамса 2000 йил ёзида отасининг Британиядаги мулкидан олиб қочилган, аммо орадан бир неча ой ўтиб, мажбуран Дубайга қайтарилган
    • Author, Жейн МакМаллен
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Дубай ҳукмдорининг ўзи ҳам тутқунликдаги қизи малика Латифа бундан 20 йил аввал ўғирлаб кетилган опасининг тақдиридан хавотирда. Малика Шамса Британияда пайти олиб қочилган. Синглиси Латифа Британ полициясига мурожаат қилган ва опасининг ишини қайта очишни сўраган.

Би-би-сига келиб тушган хатда Латифа Кембрижшир полициясига ишнинг қайта очилиши отасининг буйруғи билан тутиб кетилган малика Шамсанинг озод бўлишига ёрдам бериши мумкинлигини айтган.

Ўша вақтда 18 ёшда бўлган Шамса ҳозир 39да, ҳали бирор марта жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

Дубай раҳбарияти Би-би-сининг изоҳ сўраб йўллаган саволларига жавоб бермади.

2019 йили Британия Олий суди Шайх Муҳаммад бин Рашид Oл-Мактум икки қизини ўз хоҳишларига қарши ўғирлаб кетгани ва қамоқда сақлаётгани ҳақида ҳукм чиқарди.

Ўтган ҳафта Би-би-сининг Panorama дастури Латифа телефон орқали яширинча ёзиб юборган видеони намойиш қилди. У

Унда Латифа 2018 йилдаги муваффақиятсиз қочишга уринишидан сўнг отаси уни "асирликда" сақлаб келаётгани ҳақида гапирган.

Ўшандан бери БМТ Бирлашган Араб Амирликларидан Латифанинг тириклиги ҳақида далил кўрсатишини сўраб келади.

Аммо деярли 20 йил муқаддам унинг опаси оиласидан қочиб кетишга уринганда қўлга олиниб, қамаб қўйилган.

2000 йил августида Суррейдаги отасига қарашди Лонгкросс мулкидан қочиб кетганидан икки ой ўтиб, Шамса Кембриждан вертолётда мажбуран Францияга ва у ердан хусусий учоқда Дубайга олиб борилган.

Латифанинг қўлда ёзилган хати унинг дўстлари орқали чоршанба куни Кембрижшир полициясига етказилган бўлиб, унда Британия расмийларидан дарҳол чора кўриш сўралган. Хат 2019 йили - у "қамоқ вилла"да ёлғиз сақланаётганда ёзилган.

"Сиздан сўрайдиганим шу, - деб ёзади Латифа, - унинг ишига эътибор беришингизни сўрайман, чунки бу уни озодликка чиқариши мумкин... сизнинг ёрдамингиз ва эътиборингиз уни озод қилиши мумкин."

"Уни Англия билан кучли ришталар боғлаб туради... у Англияни севади. Унинг энг азиз хотиралари ҳам ўша ерда ўтган кунларидан", деб қўшимча қилади Латифа.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Латифа хатга 2018 йил февраль деб сана қўйган. Бу сана унинг қочишга уринишидан аввал бўлиб, шу билан ҳозирги тутқун аҳволида дунё билан алоқа қила олишини яшириш учун шундай қилган. Унда опасининг Дубайга қайтарилгач, бошдан кечирганлари тасвирланади.

"У дунёдан узилган ҳолда, ҳеч қандай айблов айтилмай, судсиз, озод бўлиш санаси ҳам номаълум ҳолда сақланяпти. Унинг оёғига таёқ билан уриб азоблашган..."

2001 йили Шамса иммиграция юристи орқали алоқага чиққач, Кембрижшир полицияси одам ўғрилиги бўйича тергов бошлаган.

Аммо полиция офицерлари Дубайга боришига рухсат берилмагач, иш боши берк кўчага кириб қолган.

Кейинроқ маълум бўлишича, шайхнинг ёрдамчилари тергов кетаётган вақтда Британия Tашқи ишлар вазирлиги билан гаплашган.

Полиция 2018 йили ўша вақтдаги тергов ҳужжатларини қайта кўздан кечирган. Бир терговчи ишда "анчагина нозик жойлар" бўлганини тан олганини Би-би-си ҳозир маълум қилиши мумкин.

2020 йил Олий суд ҳукми эълон қилингач, ишни яна қайта кўриш бошланган.

Би-би-си Ньюзга берилган баёнотда айтилишича, Кембрижшир полицияси Латифанинг хатини олган ва у ҳам терговнинг қайта кўриб чиқилиши доирасида ўрганилади.

"Бу жуда мураккаб ва жиддий масала ва унинг айрим тафсилотларини оммага ошкор қилиш мақбул эмас", деб қўшимча қилинади унда.

Қудратли иттифоқчи давлатдан олинган баёнотлар юзасидан саволга тутилган Ташқи ишлар вазирлигининг Би-би-сига айтишича, бу икки шахс ўртасидаги шахсий масала ва вазирлик Кембрижшир полицияси ўтказган текширув ёки унинг натижасига ҳеч қандай таъсир ўтказмаган.

Вазирлик, шунингдек, шайхнинг девони билан мазкур иш юзасидан музокара бўлгани ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди.

Малика Латифа юборган видео намойиш қилингач, Tашқи ишлар вазири Доминик Рааб видео "жуда хавотирли" экани ва Британия "бу ишни яқиндан кузатиши"ни билдирди.

2018 йили Дубай Қироллик маҳкамаси Би-би-сига Шамса "ҳурмат-иззатда ва ҳимояда" эканини айтган эди.

Шайхнинг иш юзасидан Олий судга берган ягона баёнотида унинг Шамса йўқолиб қолгач, "ожиза" қизининг топилганидан "ҳаловат" топгани ҳақида гапирилади, холос.

Шамсанинг бошига тушганлар орадан 18 йил ўтиб Латифада ҳам қайтарилди, унинг хорижда янги ҳаёт бошлашга қарор қилишига сабаб бўлди.

Латифанинг Ҳинд океани орқали қочишга уриниши муваффақиятсиз чиқди.

2018 йилда, қочишидан сал олдин "YouTube"га қўйган видео постида Латифа опасига нима бўлгани ва унинг оғир оқибатлари ҳақида гапириб берган.

Би-би-си Шамса билан Дубайда яқин алоқада бўлган киши билан гаплашди. "Унга доимий тарзда тинчлантирувчи дори беришларини билишингиз учун доктор бўлишингиз шарт эмас", дейди у.

Ёш Шамсанинг омадсиз қочиши

Малика Шамса қисман Британияда улғайган ва ғарбона таълим олган.

"Шамсани кўрсангиз "малика" демасдингиз", дейди унинг амакиваччаси Маркус Эссабрий. У Дубайда бу оила билан икки йил яшаган ва Шамсага анча яқин бўлган. "У бетгачопар, жўшқин ҳаёт ва саргузаштталаб қиз эди."

Yosh malika Shamsa

Сурат манбаси, SUPPLIED

Сурат тагсўзи, Қисман Буюк Британияда тарбияланган малика Шамсанинг имконли бўлган суратлари кўп эмас

"У, айниқса, араб дунёсида аёллар мавқеини ўзгартиришни истарди. У чегараларни бузсам дерди... ана шунда муаммо бошланди", дейди Эссабрий.

Шамса 1999 йили, қочишидан тўққиз ой аввал Лондондан Эссабрийга ёзади. Ўшанда отаси Дубай валиаҳд шаҳзодаси эди. У қизининг ўқишларини давом эттириб, университетга киришига рухсат бермаётган эди.

"Давом эттиришимга рухсат беришмаяпти. Биласан, у мендан ҳатто нимани исташимни ҳам сўрамасди. У шунчаки "йўқ" дейди."

У қочиш режасини амакиваччасига ишониб айтади.

"Мени қўрқитадиган нарса умрим ўтиб кетиши ва 18 ёшимда уриниб ҳам кўрмаганимдан пушаймон қилишимдир. Нимага уриниш? Билмайман. Шунчаки имкониятдан фойдаланиб қолиш."

Longkross

Сурат манбаси, FRANK BARON/THE GUARDIAN

Сурат тагсўзи, Лонгкроссдаги кўчмас мулк, Суррей

Сўнг, 2000 йил ёзида уриниб кўрди. У "Range Rover"ини миниб шайхнинг Суррейдаги 75 миллион фунтлик Лонгкросс мулки чегарасига борди ва секингина жуфтакни ростлади. Шайх унинг изига тушиш учун бир гуруҳ агентларни ёллади.

2000 йил 19 августида бир киши Шамсани Кембрижга олиб келиб, "University Arms Hotel"га жойлаштиради. Бу вақтда отасининг тўрт агенти етиб келиб, уни кўчада қўлга олади.

Шамсани отасининг Ньюмаркетдаги мулкига олиб боришади. Келаси куни уни ўша ердан вертолётда шимолий Францияга, у ердан эса шахсий учоқда олиб кетадилар.

Соатлар ўтиб, у Дубайда эди. Унинг эркинлик ва таълим тўғрисидаги хаёллари шу билан битади.

Британияликларнинг тергови қандай тўхтаб қолди?

Одам ўғирлаш айблови Кембриж марказий полициясидаги детектив инспектор Дэвид Бекка етиб боргунча етти ой ўтиб кетди.

"Давлат раҳбари аралашган иш доим ҳам полиция офицери столига келиб тушавермайди", дейди у Би-би-сига 2018 йил "Дубайдан қочиш" номли ҳужжатли фильмда.

Шамса хали Лондондалигида иммиграция юристига мактуб етказишга муваффақ бўлади: "Батафсил ёзишга вақтим йўқ. Мени доимий кузатишади ва шунинг учун асосий масалага ўтаман. Отам тутиб олди. У изимни топишга муваффақ бўлди. Бугунгача мени қамаб қўйишди... ҳозир, буларни дарҳол ҳаммага хабар беришингизни эмас, ёрдамингизни, бу ишга расмийларни аралаштиришингизни (ҳаммани аралаштиришингизни) сўраяпман."

"Ўша пайтдаги мавжуд далиллар ушбу даъвода жон борлигини кўрсатаётганди. Агар даъво тўғри бўлса, у ҳолда Британия қонунлари бузилгани аниқ", деган эди детектив инспектор Бек 2018 йили Би-би-сига.

Олий суд ўтган йили ишни оммага очиш ҳақидаги қароридан кейингина Кембрижшир полицияси терговнинг кўпроқ тафсилотларини ошкор қилди.

Инспектор ўшанда Шамса билан гаплашишга муваффақ бўлган, унинг бошидан кечирганлари ҳақида муҳим маълумотларни олган.

Аммо суриштирув давом этиши учун у билан кўришиб, гаплашиш учун Дубайга бориши керак бўлган.

Қироллик прокуратура хизматига ариза берганда рад жавоби олган.

"Нима учун рад қилганликларига бирор асос келтиришмади."

2018 йили - Шамсадан яна бир хабар келиб, қайта очилгунга қадар иш токчага ташлаб қўйилди.

"Суриштирувни давом эттириш учун далиллар етарли бўлмагани боис", у тўхтатилган эди.

Шайх Олий судга берган баёнотида Шамса "ўз тенгдоши бўлган бошқа қизларга нисбатан ўз мавқеи боис, ўғирлаб кетилиши хавфи" бўлганини айтган.

Malika Latifa
Сурат тагсўзи, Дубай маликаси Латифа 2018 йилда қочишга уринишдан олдин

Латифанинг хати опасининг ўғирланиши ишини қайта очиш учун сўраб қилинган учинчи мурожаат бўлди.

Шайхнинг Британиядаги алоқалари анча қалин. У қироличанинг дўсти ва мамлакатдаги энг катта хусусий ер эгаларидан биридир.

Британия ҳукумати Дубай бир қисми бўлган Бирлашган Араб Амирликларини минтақадаги муҳим стратегик ва бизнес ҳамкор сифатида кўради.

2000 ёки 2001 йилда Шайхнинг Лондондаги офиси Ташқи ишлар вазирлиги билан Шамса иши бўйича гаплашган.

Вазирлик кейинчалик парламентдаги сўроқларда буни тасдиқлаб, уларга бу полиция иши эканини айтганмиз, деди.

Би-би-сининг тушунишича, Ташқи ишлар вазирлигида қизнинг ўғирланиши бўйича сукут сақланган.

Ўша пайтдаги Бош вазир Тони Блейр сўзчиси орқали бизга бу масала унгача етиб келганини мутлақо эслай олмаслигини айтди.

Би-би-сининг БАА билан бўлган музокара борасида берган саволига Ташқи ишлар вазирлиги "БАА ҳукумати билан муносабатларимиз тафсилотларини очиқлаш Британия ва БАА ўртасидаги икки томонлама муносабатларга зарар бериши мумкин", деб жавоб қайтарди.

Шамсанинг ҳозирги "зомбича" ҳаёти

Латифанинг айтишича, Шамса ўғирлаб кетилгач, саккиз йил қамоқда бўлган.

Dubay amiri

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Иккала маликанинг отаси шайх Муҳаммад бин Рашид Ол-Мактум Буюк Британия билан жуда яқин алоқаларга эга

2008 йили озод қилингандагина Латифа у билан кўришган.

"Уни қўлидан тутиб етаклаб юриш керак эди. У кўзларини очолмай қолганди... Уни назорат қилиш учун бир талай дори берилганди. Бу дорилар уни зомбига ўхшатиб қўйганди."

Шамса билан таниш бўлган киши у чиққандан кейин деди: "Уни шунчаки... овозини ўчиришган. У нима қилса, ҳаммаси назоратда бўлган. У курашишни ҳам тўхтатган. Ҳеч нарса қолмаган. Шунчаки сурати қолган."

"У шунчаки бу ўз ҳаёти эканига кўниккан. Бу жуда қайғули."

2019 йили Латифа яна Шамса билан кўришди. Бу вақтга келиб Латифанинг ўзи қочаман деб, қамоққа тушган эди. У бу учрашувни амакиваччасига махфий телефон орқали гапириб берган.

"Латифа менга "уни кўрсанг таний олмайсан" деб айтди. У бутунлай дорига ўтказиб қўйилган. У тирик. Аммо Шамса Шамса эмас энди", дейди Эссабрий.

Шамсани танийдиган киши қўшимча қилади: "Буни шунчаки бемалол айтиб беролмайсиз. Ким ҳам сизга ишонарди. Ҳаётда бўлмайдиган ишдек кўринади. Аммо, афсуски, бу ҳақиқат. Одамлар буни тушунмайди, улар шунчаки бир бой қизни кўришади. Аммо ундай эмас. Бу жуда даҳшатли".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek