Арман Малик: Романтика шаҳзодаси поп либосини киймоқда Bollivud

Болливуд мухлислари учун Арман Малик романтика шаҳзодасидир.

Ўзининг икки миллиард марта кўрилган асарлари, ижтимоий тармоқлардаги 17 миллиондан ортиқ обуначиси ва Жастин Бибер ёки Ариана Гранденикига бўйлашадиган репертуари бўлган 25 яшар қўшиқчи ва шоирни ҳеч иккиланмай Ҳиндистоннинг поп шаҳзодаси дейиш мумкин. Болливуд бастакорлари оиласида дунёга келган Маликнинг юлдузликкача бўлган йўли болалигида ўзининг машҳур отаси Дабу Малик ижодини уйда тинглашдан бошланган.

"Отам доим уйда мусиқа чаларди, - дейди у. - Мен мусиқага муккасидан кетганлар уйида яшардим. Столни уриб ритм ҳосил қилмаётган бўлсак, демак қайсидир куйни тасмага ёзаётган бўлардик."

Бастакор бўлиб оилавий анъанани давом эттирмасликка аввалдан қарор қилган Малик қўшиқ куйлаш ва уларга шеър ёзиш билан шуғулланди.

"Мен ўзимни мусиқа басталаш учун яралган деб ўйламайман. Бу менинг ишим эмас. Бунинг ўрнига мен оиламизда биринчи қўшиқчи бўлдим", дейди у.

Малик саккиз ёшида ижодни бошлади, бир йил ўтиб, Ҳиндистон истеъдодлари шоуси "Sa Re Ga Ma Pa L'il Champs"да иштирок этиб ном чиқарди. "American Idol" ва "The Voice" каби шоуларга ўхшаб, Малик саккизинчи ўринни олди ва хали ўз устида кўп ишлаши кераклигини англади.

"Мен яхшироқ қўшиқчи бўлишим кераклигини англадим", дейди у.

Шунингдек, у саҳнада ўзига ишонч йўқолиб қолаётганини тушунди. "Студиядаги аудитория олдида куйлаш, бу умуман бошқа нарса. Мен эндигина тўққиз ёшга тўлган, бунақа нарсани аввал ҳеч ҳис қилмаган эдим", деб изоҳлайди у.

"Аммо ўша шоудан кейин мен анча ўзига ишонган ижрочига айландим. Мен анча очилдим, аудиторияга бемалол юзлана олардим, саҳнадаги қўрқувлар йўқолди".

"Бурилиш нуқтаси"

18 ёшида Малик кинофильмлар учун қўшиқ куйлашни бошлади. Унинг қўшиқлари кейинчалик фильмларда ижро этилди. Унинг ҳиндий тилидаги "Jai Ho" фильмида ижро қилинган "The song Tumko Toh Aana Hi Tha" қўшиғини унинг акаси Амал басталаган эди.

"Бу мен учун бурилиш нуқтаси бўлди, - дейди Малик. - Ана ўшанда менинг саёҳатим бошланди, профессионал қўшиқчи сифатида каръерамни бошладим."

Ўшандан бери у дунё бўйлаб 200дан ортиқ тамошаларда иштирок этди, Лондоннинг Уэмбли Аренасида чиқиш қилган келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган энг ёш қўшиқчи бўлди.

Эътиборга лойиқ жиҳати, унинг ўзи икки тилда - ҳиндий ва инглиз тилида сўзлашса ҳам, деярли ўнта турли тилда қўшиқ айта олади.

Хўш, икки тилдагина гапирадиган одам қандай қилиб 10 дан ортиқ тилда куйлай олиши мумкин?

"Билмайман", дейди у. Тўққиз ёшларимда рекламалар учун турли қўшиқлар айтаётган вақтимда бошланган ҳаммаси. Продюсер мендан ҳозир айтаётганимдек қилиб, фақат бошқа тилда куйлаб кўришимни сўраганди. Улар менга ўшандай қўшиқларни қўйиб эшиттиришди. Қулоқларим нозик товушларни яхши илғагани учун уларнинг талаффузини осон ажратардим. Сўнг қайта айтиб кўрдим."

Маликнинг энг муваффақиятли чиққан, ҳозиргача "YouTube"да 465 миллион марта кўрилган қўшиқлари ҳинди тилидаги "Bol Do Na Zara" қўшиғи, "Main Hoon Hero Tera"номли жонли шоуси ва "Butta Bomma" номли қўшиғидир.

Илдизи Болливуд маданиятида бўлса ҳам, Маликнинг инглиз мусиқасига иштиёқи баланд.

Ёшлигидан у Бруно Марс, Майкл Бубле, Фрэнк Синатра, Крис Браун каби инглиззабон қўшиқчиларни тинглаб катта бўлган. Аммо у америкалик қўшиқчи Жон Мейер ўзининг услуби шакилланишида муҳим роль ўйнаганини айтади.

"Менимча, у ҳақиқий санъаткор, - дейди Малик. - Мен унинг "Neon" номли қўшиғини, ҳеч қандай гуруҳ ёрдамисиз, мусиқачиларсиз, ёлғиз ўзи, гитарада маромига етказиб куйлагани видеосини кўргандим."

"Ўшанда ўзимга ўзим айтгандим: мен ҳам ҳеч кимга таянмайдиган, мусиқа яратиш учун ҳеч нарса талаб қилмайдиган бўлишни истайман."

Британиялик қўшиқчи Жей Шон Маликка катта таъсир ўтказган яна бир санъаткордир.

"Мен унинг ижодини у "Rishi Rich" лойиҳасида иштирок этганидан бери кузатаман, - дейди Малик. - Ғарб мусиқа саҳналарига кириб борган биринчи ҳиндистонлик санъаткорлар қаторида бўлиш кўплаб одамларни илҳомлантиради."

2011 йили Малик стипендия асосида Бостондаги Беркли мусиқа коллежида ёзги дастурни юқори муваффақият билан тамомлади. Бу ҳам унинг учун бурилиш нуқтаси бўлди.

"Берклидан уйга қайтганимда отамга инглиз тилида қўшиқ куйламоқчилигимни айттим", дейди у.

Аввалига отаси бу ғояга қаршилик қилди, Маликка инглиз тилидаги қўшиқлар учун Ҳиндистонда катта бозор йўқлигини айтди.

"У менга ҳозирча бир неча йил эътиборимни ҳинд мусиқаси ва Болливудга қаратиш, ўз мухлисларимни кўпайтириш, Ҳиндистонда ном қозониш, шундан кейингина эришган ютуқларимга таяниб инглиз мусиқасига ўтишим кераклигини маслаҳат берди."

Отасининг маслаҳатига қулоқ солган Малик ўзига садоқатли мухлисларни кўпайтирди (улар ўзларини Арманианлар деб аташарди) ва мана ҳозир глобал поп мусиқа оламига кириб келди.

"Arista Records" билан шартнома тузиб, бу йил у ўзининг инглиз тилидаги илк уч қўшиғини чиқарди. Улар орасида муваффақиятсиз муносабатларга яна қанча имконият бериш ҳақидаги "How Many" (Яна қанча) қўшиғи ҳам бор.

Мусиқадан ташқари Маликнинг дубляж актёри сифатида ҳам омади келган.

2019 йили у Диснейнинг экшн фильмининг ҳиндча версиясида Алоуддинга овоз берди. Айни шу йили у "Қирол шер" мультфилмининг ҳиндча дубляжида Симба куйлаган қўшиқни ижро этди.

У, шунингдек, "Харобадан чиққан миллионер" фильмининг Би Би Си Радио 1 тайёрлаган радио адаптацияси учун Салимга овоз берди.

Келажакдаги режаларини айтар экан, Малик Чарли Пут, Энн-Мари и DJ Зедд билан ҳамкорлик қилмоқчилигини айтади.

У мухлислари турфахилликдан, унинг мусиқий санъатининг турли қирраларидан баҳраманд бўлишини истайди.

"Мен доим ўз қўшиғининг сўзи ёзилишида ҳам, мусиқаси басталанишида ҳам, чиқарилишида ҳам ўзи иштирок этадиган санъаткор бўлишга уринганман", дейди у.

"Инглиз тилидаги поп қўшиқларим ва 2021 йили яратилажак қўшиқларимда ҳам бу менинг асосий мақсадим. Мен қўшиқларим менинг бир қисмим бўлишини истайман ва мухлисларим менинг ана шу жиҳатларимни кўра олсин."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek