Covid-19: Нега коронавирус бу қадар қаттол чиқиб қолди? O'zbekiston koronavirus yangiliklar

Коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Жеймс Галлаҳер
    • Role, Би-би-сининг саломатлик ва илм-фан масалалари бўйича мухбири

Оддийгина бир вирус биз билган ҳаётни буткул тўхтатиб қўйди.

Аввал ҳам вирусларга, шу жумладан, пандемияга дуч келганмиз, аммо дунё ҳар бир янги инфекция ёки грипп мавсумида бунчалик ёпилиб қолмаган.

Хўш, коронавируснинг нимаси ўзгача? Унинг қайси инжиқлиги танамиз ва ҳаётимизга ўзгача таҳдид қилмоқда?

Алдов устаси

Инфекция юққач, илк босқичларда вирус танани алдаши мумкин.

Коронавирус ўпкаларимизда, нафас йўлларида эркин, бетизгин кезади, иммун тизимимиз эса, ҳаммаси жойида деб "ўйлайди".

"Бу вирус жуда ҳайратланарли, у бурнингизда бутун бошли вирус фабрикасини яратган ҳолда, сизнинг ўзингизни буткул яхши ҳис қилиб юришингизга имкон беради," дейди Кэмбриж университетидан профессор Пол Ленер.

Танамизни вирус эгаллаганда у интерферон деб аталган молекулаларни ишлаб чиқара бошлайди. Бу эса тананинг бошқа қисмлари ва иммун тизими учун огоҳлантирувчи сигналдир.

Аммо коронавирус ана шу кимёвий сигнални ўчириб қўя оладиган "ажойиб қобилиятга" эга, дейди профессор Ленер. "У буни шундай уддалайдики, ўзингизнинг касал эканингизни билмай қоласиз."

Унинг айтишича, лабораторияда инфекция тушган ҳужайраларга қарасангиз, уларда вирус борлигини аниқлай олмайсиз. Аммо тест улар "вирусдан дод деётганини" кўрсатади ва бу вирус ўйнай оладиган "масҳарабоз қарталаридан" бири холос.

У ўзини "уриб қочар" қотилдек тутади

Танамиздаги вирус миқдори кўпайиб, ҳадди аълосига чиққандан кейингина ўзимизни касалдек сеза бошлаймиз.

Аммо одамлар касалхонага тушгунига қадар камида яна бир ҳафта давомида Ковид ўсиб боради.

"Бу жуда ажойиб эволюцион тактика - кўрпа тўшак қилиб ётволмайсиз, кўчага чиқасиз, вақтичоғлик қиласиз," дейди профессор Ленер.

Демак, вирус қочиб кўздан ғойиб бўлаётган хавфли ҳайдовчига ўхшайди - биз касалликдан тузалиб ёки ўлиб бўлгунимизча вирус кейинги қурбонига ўтиб улгуради.

Дангал айтганда, агар ўлсангиз, "вирусга фарқи йўқ, - дейди профессор Ленер. - Бу уриб қочадиган вирус."

Бу 2002 йилдаги Sars коронавирусдан асосий фарқидир. Ўшанда одамлар касал бўлгандаёқ ўзини бетоб ҳис қилар, дарров ўз-ўзини изоляция қила оларди.

Коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

Янги вирусга танамиз тайёр эмас

Охирги пандемияни эслайсизми? 2009 йилда H1N1 вируси - чўчқа гриппи тарқалганда роса хавотирлар бўлганди.

Шунга қарамай, бу вирус ўйлаганимизчалик қаттол эмас экан, чунки кекса одамларда аллақачон бу вирусдан ҳимоя бор эди. Вируснинг янги штамми биз аввал йўлиққанларига етарли даражада ўхшар экан.

Шамоллаш симптомларини намоён қиладиган тўрт хил инсон коронавируси бор.

Манчестер университетидан профессор Трейси Ҳасселлнинг айтишича, "Бу вирус янги, унга қарши аввалдан шаклланган иммунитет бор дея олмаймиз."

Расмий номи билан Sars-CoV-2нинг янгилиги "бизнинг иммун тизимимиз учун тамоман кутилмаган" бўлиши мумкин, дейди у.

Аввалдан ҳимоянинг мавжуд бўлмаслиги европаликлар ўзлари билан Америкага чечак касалини олиб борганда келиб чиққан даҳшатли оқибатларга ўхшайди.

Иммунитет ҳимоясини бошдан шакллантириш кексалар учун чинакам муаммодир, чунки уларда иммунитет секин ишлайди.

Янги инфекцияга қарши курашиш иммун тизимидан жуда кўп синов ва хатолар қилишни талаб чилади.

Аммо ёш ўтгани сари танамиз иммун тизимининг ўзак таркиби бўлмиш T-ҳужайраларнинг жуда оз миқдордаги турларини ишлаб чиқаради. Шу боис, коронавирусдан ҳимоя қиладиган бирортасининг чиқиши қийинлашади.

У ноёб ва кутилмагандир

Covid-19 ўпка касали сифатида бошланади, (ҳатто шу ерда ҳам ғалати, ноодатий ишлар қилади) сўнг бутун танага таъсир ўтказади.

Лондон Қироллик коллежидан профессор Мауро Жакканинг айтишича, Ковиднинг аксар хусусиятлари "ноёб", ҳақиқатан, "у бошқа исталган кенг тарқалган вирусли касалликдан фарқ қилади".

Вирус шунчаки ўпка ҳужайраларини ўлдирибгина қолмай, уларни бузади ҳам, дейди у. Ҳужайралар бир-бирига қўшилиб, катта, нотўғри ишловчи, синцитий деб аталадиган ҳужайраларга айланади.

Профессор Жакканинг айтишича, ўткир гриппдан сўнг ўпкангиз "тўлиқ қайта тикланиши" мумкин, аммо Ковид билан "бундай бўлмайди".

"Бу тамоман ўзига хос инфекция," дейди у.

Қон қуюлиши ҳам Ковидда жуда ғалати тарзда кечади. Шифокорлар қон тез қотгани учун беморга катетер ўтказишга қийналишади.

Айрим Ковид беморларида қонни қуюлтирувчи моддалар меъёрдагидан "200, 300, 400 фоиздан ортиқ" бўлади, дейди Лондон Қироллик коллежидан профессор Беверли Ҳант.

У Би-би-сига шундай дейди: "Очиғи, узоқ йиллик профессионал фаолиятим мобайнида, бирор марта ҳам бу қадар қони ёпишқоқ бўлиб қолганларни кўрмаган эдим."

Бунинг сабаби вирус ҳужайраларимиз ичига кириш учун фойдаланадиган йўлак - ACE2 рецепторидир. Бу рецептор бутун танамизда - қон томирларда, жигар ва буйракларда, шунингдек, ўпкамизда бор.

Бу вирус айрим беморларда зўрайиб борувчи яллиқланишни пайдо қилиб, иммун тизимини керагидан ортиқ фаоллаштиради, натижада эса тананинг бошқа қисмларига зарар етади.

Биз керагидан ортиқ семизмизми?

Агар семиз бўлсангиз, Covid-19 янада баттар бўлади. Қориннинг катта бўлиши фавқулодда ёрдамга муҳтожлик ва ўлим хавфини оширади.

Бу ноодатий ҳолат.

"Унинг семизлик билан бу қадар кучли алоқасини бошқа вирусли касалликларда кўрмаймиз. Бошқа ўпка касалликларида семиз одамлар яхшироқ енгиб ўтади," дейди Кэмбриж университетидан профессор Сэр Стефен О'Раҳили.

"Афтидан бу [Ковидга] хос ҳолат. Балки пандемик гриппда кузатилар, аммо одатий гриппда йўқ.

Бутун танадаги, жигар каби органлардаги ёғ қатлами метаболик жараённи бузади ва бу коронавирус билан қўшилиб зўраяди.

Семиз одамларда яллиғланиш кўпроқ бўлиши ва оқсиллар қон қуюлишига олиб келиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek