Коронавирус 1 миллиондан кўп одамни ўлдирди. Хавф ошмоқдами? O'zbekiston koronavirus yangiliklar

Дафн маросими

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Олимларга кўра, коронавирус қурбонлари сони аслида 1 миллиондан кўп бўлиши мумкин.

Дунёда коронавирус юқтириб, оламдан ўтган инсонлар сони 1 миллиондан ошди.

Олимларга кўра, қатор мамлакатларда Ковид-19 касалидан ўлаётганлар жадал ортиб бораяпти.

Жами қурбонларнинг ярмига яқини АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилия ҳиссасига тўғри келади.

Таҳлилчилар аслида қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини айтишади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳозирги вазиятни ақл бовар қилмас, деб тасвирлади.

"Аммо биз ҳеч қачон бирон инсон ҳаётини эътибордан қочирмаслигимиз керак" - деган у ўз видеомурожаатида.

"Улар кимгадир ота, она, рафиқа, эр, ака-ука, опа-сингил, дўст ва ҳамкасб эди. Бу касаллик шафқатсизлиги туфайли ғам янада кучайган".

Дунё вирус чангалида

Коронавирус илк бора Хитойнинг Уҳан шаҳрида аниқланган.

Орадан 10 ой ўтиб, дунёда камида бир миллион одамнинг ёстиғини қуритди.

Вирус жаҳондаги 188 мамлакатга ёйилди.

Ҳозиргача 32 миллион одам расман уни юқтирган.

Коронавирусни жиловлаш ва унинг тарқалишини секинлатиш учун киритилган карантин ва бошқа чекловлар кўплаб мамлакатлар иқтисодини оғир аҳволга солмоқда.

Ҳозир унга қарши зардоб ёки вакцина ишлаб чиқариш ҳаракатлари жадал кетмоқда.

Аммо ЖССТнинг таъкидлашича, вакцина ишлаб чиқилиб, аксар одамлар етиб боргунича, қурбонлар сони 2 миллионга етиши мумкин.

Энг кўп қурбон АҚШ ҳиссасига тўғри келади: Бу ерда ҳозиргача 205 минг инсон вафот этди.

Бразилияда қарийб 142 минг, Ҳиндистонда эса 95 мингдан зиёд одам вирус қурбонига айланди.

Қаерда вирус тез тарқалмоқда?

Касалхонада

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилияда коронавирус ҳоллари кўп.

АҚШда вирус юқтирганлар сони 7 миллиондан ошди.

Бу дегани - дунёдаги ҳар бешинча бемор АҚШда.

Июлдаги иккинчи тўлқин ортидан рақамлар пастга тушганди, аммо яна ортмоқда.

Вирус Ҳиндистонда ҳам тез ёйилмоқда. Ҳар куни 90 минг нафар одам касал бўлаяпти.

Ҳозир Ҳиндистонда расман вирус юқтирганлар сони 6 миллионга етган.

Лекин Ҳиндистон аҳолиси сони ҳисобга олинса, бу ерда қурбонлар сони анча паст.

Бразилияда 4 ярим миллиондан кўпроқ кишига коронавирус юққан.

Аммо турли давлатлар коронавирусдан ўлиш ҳолларини турлича ҳисоблашади, тест ўтказиш усуллари ҳам фарқланади.

Бу эса ҳақиқий аҳволни аниқ чизишга ҳалақит беради.

Таҳлилчиларга кўра, аслида вирусни юқтирган ва ундан ўлганлар сони кўпроқ бўлиши мумкин.

Вакцина топилдими?

Вакцина

Сурат манбаси, Reuters

Вакцина топишга интилиш жадал.

Дунё бўйлаб 240 жойда вакцина ишлаб чиқариш ҳаракатлари кечмоқда.

Булардан қирқтаси клиник синовлардан ўтаяпти.

Улар ичидан тўққизтаси сўнгги босқичда одамларда синалмоқда.

Одатда, вакцина ишлаб чиқариш учун йиллар кетади.

Аммо коронавирус пандемияга айланди ва дунё бўйлаб фавқулодда хавф юзага келди.

Шу сабабли олимлар кун-тун тиним билмай, вакцина топишга уринмоқдалар.

Британия Оксфорд университети олимлари яратган вакцина иммун тизимида реакция уйғотган.

Хитой эса антитаначалар яратувчи эҳтимоли мавжуд бўлган вакцинани намойиш этган.

Россия ҳам ўз вакцинаси иммун жавоб реакцияси уйғотганини айтди.

Россия маҳаллий доирада ўз вакцинасини ишлатишни ҳам лицензиялаган.

Лекин вакциналарнинг тез яратилиши олимларда хавотир ҳам уйғотмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам октябрь ойида америкаликлар вакцина олиши мумкин, деган эди.

Аммо мутахассисларга кўра, 2021 йил ўртасигача буни амалга ошириб бўлмаслиги мумкин.

ЖССТ ҳам 2021 йил ўртасигача дунё бўйлаб одамларга кенг кўламда вакцина бериш имконияти бўлишига кўзи етмаслигини айтди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek