Эри хотинини ураётганига хотиржам қараб туриш одатий ҳол

Women in Tehran (file photo)

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Эронда аёлларни "уйдаги гапни кўчага чиқармаслик"ка даъват кучли
    • Author, BBC Monitoring
    • Role, янгиликлари
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Марям кўчада эри калтаклаганини ҳикоя қилиб бераркан, овози қалтирайди.

"Одамлар эри хотинини ураётганини кўриб, "ҳа, бу одатий нарса" деб қараб туришарди. Бунга қарши қонун йўқ, зўравонликдан қочиб чиққан аёл учун бехавотир жой йўқ, ҳатто полициянинг ҳам қўлидан кўп нарса келмайди. Баъзи оилалар ўзини замонавий қилиб кўрсатишни хоҳлаб, "оҳ, бу шахсий масала", дейиш билан чекланишади".

Марям бу арзу-додини Эроннинг ичида ҳеч жойда айтолмайди. Аммо яқинда янги подкаст йўлга қўйилди. Унда Марямга ўхшаб оиласида зўравонликларга дуч келган аёллар ўз бошидан ўтказган аянчли ҳикояларни сўзлаб берадилар.

Подкаст асосчиси Марям(бу аёлнинг ҳақиқий исми эмас) аёлларни оилавий зўравонлик ҳақида очиқ гапиришга даъват қилади, подкастни анъанадор жамиятда табу ҳисоланиб келадиган муаммо борасидаги сукутни бузиш платформаси сифатида қўллашга чақиради.

"Келинг, Шаҳризодага айланинг", дейди Марям. Шарқ оламида машҳур "Минг бир кеча"даги афсонавий Форс маликаси Шаҳризода ўз эртагини ҳикоя қилиб бериш билан ўзини ўлимдан асраб қолганини эронликлар жуда яхши билишади.

Аммо Шаҳризодага айланиб ўз бошидан кечирганларини сўзлайдиган Эрон аёллари ҳикоялари билан "Минг бир кеча" ривоятлари ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Хотин-қизлар муаммосининг илдизи аёл хокисор бўлиши керак деб қарайдиган жамиятга бориб тақалади.

'Оилавий масала'

34 яшар Марям эри билан университетда болалар психологияси бўйича таҳсил олиб юрган йиллари танишган.

Марям йигитга кўнгил қўйган, унинг назарида бу эркак либерал қарашдаги, ишчилар ҳуқуқлари курашчиси эди. Аммо Теҳронда истиқомат қиладиган ота-онаси қизларининг бу одамга турмушга чиқишини хоҳламаган эдилар. Қизнинг кўнглига қаралди ва тўй бўлди.

Аммо тўй бўлиб ўтиши билан Марям эри ҳақидаги фикрлари нотўғри бўлганини англаган. У ўзининг подкастида тўйидан кейиноқ бу одамга турмушга чиққанидан афсусланганини айтади. Аммо "ғурур ва ўз хатосини тан олишдан қўрқиш" ота-онасига бор ҳақиқатни айтишдан тўсган, шу сабаб отаси ва онасидан ёрдам сўролмаган.

Graphic by Maria Ponomariova

Сурат манбаси, Getty Images / Maria Ponomariova

Transparent line

У бутун оилавий турмуши давомида жисмоний ва руҳий таҳқирлашларга дуч келган. Аммо бу ўзининг хатоси эканини англаш ўша хорликлардан ҳам азоблироқ эди.

Эрондаги барча аёллар сингари Марямнинг ҳам қулоғига бир ўгитни қуйишган: "Аёл эр уйига оқ келинлик либосида киради, оқ кафанда чиқади".

Марям сўзларига кўра, эридан тезроқ ажралишига тўсқинлик қилган ижтимоий нормаларни жамиятда кўпчилик қўллаб-қувватлайди.

Эронда оила масалалари ёпиқ эшик ортида қолиши керак деб кўрилади. Шунинг учун ҳам оилавий зўравонликлар кўп тарқалган, аёллардан эса оиласига содиқ бўлиш ва сабрли бўлиш талаб қилинади.

Ниҳоят эрининг калтакларидан жароҳатланиб шифохонага тушган Марям ажрашишга қарор қилди. Олган жароҳатлари туфайли ётган жойидан қимирлай олмай қолган ва оғриқнинг зўридан ҳуши бир келиб-бир кетиб турган Марям ўзига савол берган: "Мен нега бу ердаман? Нима учун бундай бўлди?"

Graphic by Olha Khorimarko

Сурат манбаси, Olha Khorimarko/GETTY IMAGES

Transparent line

Шифохонада бир неча ҳафта ётиб чиққан Марям ажрашишга ариза беради. Бахтига ота-онаси уни дастаклайдилар - аммо Эронда ҳамма ота-она ҳам қизи тарафида бўлмайдилар.

Подкастини давом эттирар экан, Марям ёнига тобора кўп аёллар қўшилишар, оиласидаги эркаклар қандай азоб-уқубатларга солганини ҳикоя қилиб беришарди.

Янги қонун?

Шахсий бошдан кечирган ҳикоялар билан бирга подкаст аёлларни зўравонликлардан, хусусан, оилавий таҳқирлашлардан ҳимоя қилиш тизими йўқлиги билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилади.

Эронда бу борадаги сўров 16 йил олдин ўтказилган. Унда Эрондаги жами аёлларнинг учдан икки қисми ҳаётида камида бир марта оилавий таҳқирга дуч келганини айтган.

Лондонда жойлашган Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг 2013 йилдаги ҳисоботида айтилишича, Эронда "хотин-қизлар турмушга чиқиш, ажрашиш, ворисликда, бола васийлигида, мамлакат ичи ва хорижга чиқиш билан боғлиқ қонунчилик ва амалиётда камситишга дучор бўладилар".

Ўсмир қизнинг аянчли ўлими Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний аралашувига сабаб бўлган эди. Отаси қизини "ор-номус қотиллиги"да ўлдириши ортидан аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш қонунини тезлик билан қайта кўриб чиқишни талаб қилди Президент Руҳоний. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганига 10 йилдан ҳам ошган.

Кучга киришидан олдин ўта анъанадор парламент томонидан маъқулланиши талаб қилинадиган бу қонун 1979 йилги Эрон Ислом инқилобидан кейин аёллар ҳуқуқларига катта ўзгартиришларни киритиши кўзда тутилган.

Қонунда аёлга нисбатан жисмоний зўравонлик қўллаш жиноят деб кўрилади ва биринчи маротаба жамоатчилик олдида ва социал медиадаги тегажоғлик учун жазо кўзда тутилган.

Марямнинг эри билан ажрашганига беш йил бўлди. У, ҳозиргидек бахтли бўлмаганман, дейди. Подкастинг билан бирга у таҳқирлаш қурбонлари бўлган аёлларга маслаҳатлар ҳам беради.

Марямнинг фикрича, инсонларга сўз эркинлигини бериш "зўравоннинг кучига куч қўшадиган" махфийлик маданиятини тугатишга ёрдам беради.

Афғон аёллари аҳволи Эрондагидан ҳам ёмонми?

Афғонистон хотин-қизлар учун яшаш осон бўлмаган бир мамлакатдир.

Ҳатто хатарнок бир ўлка...

Мамлакатда яшаётган қарийб 90 фоиз хотин-қизлар камида бир марта ё зўрланган ё калтакланган - бу БМТ Аҳоли жамғармаси ўтказилган сўровнома натижасидир.

Энг ёмон ҳолатларда эса эрлар ёки эркак қариндошлар аёлларнинг бурнилари ёки қулоқларини кесишгача боришган...

28 ёшли Зарка ана шундай ваҳшийликдан жабр чеккан ва у Би-би-сига бу ҳақда сўзлаб берган.

Бу лавҳа кўнглингизни хира қилиши мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek