Эри Ризагулнинг бурнини кесиб ташлади

Сурат манбаси, Social Media

Бу машъум ҳодиса қўшни Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарадош шимолий Фарёб вилоятида юз берган.

Навбатдаги оилавий жанжал ортидан, эри Муҳаммад Хон ёшгина хотинининг бурнини пичоқ билан кесиб ташлаган.

Ўзи эса, қилган қилмиши ортидан, Толибон назорати остидаги ҳудудларга қочиб кетган.

Пуштун қавмига мансуб ёшгина эр-хотин Фарёб вилоятининг Ғўрмоч туманидаги Шарар қишлоғида яшаб келишган.

20 яшар Ризагул ўзидан 5 ёш катта эркакка турмушга чиққан бўлган.

Эрининг тайинли иши бўлмаган, Эронда мавсумий меҳнат муҳожирлигида банд бўлган.

Фарёб вилоят кенгаши раҳбари Ҳожи Абдул Боқийнинг Шарар қишлоғидагиларга таяниб айтишича, жанжалга Муҳаммад Хоннинг иккинчи бор уйланиш истаги сабаб бўлган.

Унинг ёшгина қизчага унашилиши ортидан, Риза Гул ота-онасиникига қочиб кетган.

Муҳаммад Хон эса, биринчи хотинини толиблар воситасида ортга қайтаришга кўндирган ва йўлда бурнини кесиб ташлаган, дейди суҳбатдошимиз.

Ризагулнинг Муҳаммад Хон билан турмушидан 1 ёшлар чамали қизчаси бор.

Юз берган ҳодисадан сўнг, уни Ризагулнинг қариндошлари ўзлари билан бирга олиб кетишган.

Маҳаллий масъулларга кўра, улар яшаб келган минтақа узоқ йиллардан бери Толибон назорати остида бўлган.

Хабарларда айтилишича, ҳозир толиблар ҳам Муҳаммад Хоннинг ортидан тушишган.

Афғонистон Инсон Ҳақларини ҳимоя қилиш мустақил ҳайъати раҳбари Воҳидуддин Арғуннинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, айби исботланса, бу каби жиноятни содир этган шахс 4 йилдан ортиқроққа қамоқ жазосига ҳукм этилади.

Ўз аёлининг даволаниши учун кетган сарф-харажатларни ҳам ўз чўнтагидан тўлаши шарт кўрилади.

Аммо, маҳаллий фаолларга кўра, чуқур илдиз отган коррупция, қонунларнинг тузук-қуруқ ишламаслиги ва хавсфизлик билан боғлиқ вазият сабаб, жавобгарлар аксарият ҳолларда жазодан қутулиб қолишади.

Зўравон эр

Сурат манбаси, bbc

Уларнинг Би-би-сига айтишларича, куёвлари ўзининг зўравонлиги билан бутун туманда ном чиқарган бўлган.

Ризагулни тинимсиз калтаклаб келган, унга тинимсиз жабру ситам ўтказган ва алал-оқибат ўтган шанба куни тушдан сўнг унинг бурнини пичоқ билан кесиб ташлаган.

Ғўрмоч тумани ва Фарёб вилояти маркази Маймана орасидаги йўлнинг узоқлиги эса, қарийб 300 чақиримча келади.

Худди шу боис ҳам, яқинлари Ризагулни фақат якшанба куни эрталаб вилоят марказий касалхонасига элтишга муваффақ бўлишган.

Орада юз берган машъум ҳодисадан Фарёб вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳам хабар топган.

Бошқарма масъулларига кўра, вилоят марказий касалхонасида Ризагулга лозим тиббий муолажа кўрсатилган ва ҳозир унинг аҳволи у қадар оғир эмас.

Аммо, уларга кўра, зўравон эри бурнининг 80 фоиз қисмини кесиб ташлагани боис, Ризагулга махсус пластик жарроҳлик амалиёти зарур.

Маймананинг ўзида бу каби имконият йўқлигини эътироф этган Фарёб вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи Маъруф Самарнинг Би-би-сига айтишича, Афғонистонда тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган турк ширкатларидан бири жонларига оро кирган.

Ширкат Ризагулни пластик жарроҳлик амалиёти учун Туркияга юборишга ваъда берган.

Ғўрмоч тумани полиция масъулларининг айтишларича, Ризагулни шу куйга солган эрини топиш учун аллақачон махсус қидирув амалиётларини ҳам бошлаб юборишган.

Ва зўравонликлар...

Афғонистонда хотин-қизларга қарши бу каби шафқатсиз кўринишдаги зўравонликлар илк бор кузатилаётгани йўқ.

Сўнгги йилларда марказий Дайкунди ва ғарбий Ҳирот вилоятларидан ҳам худди шунга ўхшаш хабарлар олинган.

Жумладан, 2013 йилда Ҳиротда банги эри Ситора исмли ёшгина хотинининг бурни билан бирга лабларини ҳам кесиб ташлаганди.

Аммо, маҳаллий фаоллар ўзларининг эътироф этишларича, бу яқин йиллар ичида Афғонистон шимолида бу каби воқеа кузатилмаган.

Ўзининг ўта анъанадор мавқеи билан танилган Толибон тузуми қулатилиб, янги афғон ҳукумати қудратга келганига ўн беш йил бўлган эса-да, маиший зўравонликлар – афғон хотин-қизлари тўқнаш келиб турган энг асосий муаммолигича қолмоқда.

Афғонистондаги мухбиримиз Ҳумоюн Ҳадиднинг айтишича, қатор давлат ва нодавлат ташкилотларининг, йилларки, бу йўлда олиб бораётган саъй-ҳаракатлари деярли самара бермаган.

Сурат манбаси, epa

Аксинча, бутун Афғонистон бўйлаб хотин-қизларга қарши турли кўринишдаги маиший зўравонлик ҳоллари ортиб бормоқда.

Афғонистонлик фаолларга кўра, бугун айнан маиший зўравонлик ҳоллари афғон хотин-қизларини ўз жонларига қасд қилишга ундаётган асосий омиллардан бирига айланган.

Агар, уларнинг сўзларига таянилса, ҳатто, янги афғон ҳукумати томонидан 2009 йилда қабул қилинган махсус қонун ҳам уларнинг ҳимояси йўлида ҳеч бир иш қила олмаган.

Ўзларининг бошларига тушган даҳшатли кўргуликлардан яна ҳаётга қайтишлари осон кечмайдиган бу каби аёллар эса, ҳозир енгиб ўтиши керак бўлган яна бир мушкулот қаршисида қолишган.

Афғонистонда Толибонга ўхшаш ўта анъанадор гуруҳларнинг таъсирлари яна кучая бошларкан, Ризагулу Ситора ва бошқа афғон аёлларининг тақдирларидан хавотирлар ҳам кучайиб бормоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio