Шимолий Корея: Бизда битта ҳам коронавирус йўқ - президент Ким Чен Ин мамнун, koronavirus

Сурат манбаси, Getty Images
Шимолий Корея: Бизда битта ҳам коронавирус йўқ - президент Ким Чен Ин мамнун. Унинг даъво қилишича, шу пайтгача ҳам коронавирусга бас келишган, мамлакатга киритишмаган.
Шимолий Корея Туркманистон каби дунёнинг коронавирус ҳоллари ҳали-ҳануз қайд этилмаган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Аксарият Марказий Осиё давлатлари каби Шимолий Корея ҳам коронавирус манбаси бўлган Хитойга бевосита чегарадош мамлакат саналади.
Хитой дунёга коронавирус топилгани ҳақида илк бор ўтган йил 31 декабрь куни расман маълум қилган.
Шимолий Кореяда коронавирус йўқми - президентининг бугунги баёноти яна шу саволни кун тартибига олиб чиққан.
Ғарбнинг нуфузли нашрлари диққат-эътиборини қайта ўзига тортган, хос таҳлилларига сабаб бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-сининг Сеулдаги мухбири Лора Бикернинг айтишича, бу саволга аниқ жавобни ҳеч ким билмайди.
Шимолий Корея 30 январдан буён буткул ёпиқ, мамлакатга деряли ҳеч ким кириб, чиқмайди.
Чегара ҳудудида Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг кўнгиллилари ишлашади, коронавируснинг олдини олиш ишлари билан шуғулланишади.
Мазкур ташкилотга кўра, Шимолий Кореядан ҳам коронавирус ҳолларига оид хабарлар олинган, аммо уларни расман тасдиқлашнинг иложи бўлмаган.
Аммо, мухбиримизга кўра, сўнгги ҳафталарда пойтахт Пхеньянда ҳаёт одатдагидек кўринган.
Ҳақиқий аҳвол қандай бўлишидан қатъиназар, ҳукумат ўзини музаффар кўрсатмоқчи, дейди у.
Мухбиримизнинг айтишича, бу мамлакат ичкарисида иш бериши, президент Ким Чен Ин кўрган кескин чора-тадбирлар ўз самарасини берди, коронавирус Шимолий Кореяга кирмади, деган кучли мужда таъсирига эга бўлиши мумкин.
Дунёнинг аксарият давлатлари пандемия гирдобида экан, президент Ким Шимолий Корея ўз халқига халоскор сифатида кўринмоқчи, дейди у.
Аммо, мухбиримизга кўра, бунинг бадали ҳам ҳам йўқ эмас.
Чегара буткул ёпиқ, ҳатто, ночорлашиб қолган бу давлатга энг зарур маҳсулотларнинг кириши ҳам имконсиз бўлиб қолган.
Дипломатик манбаларнинг мухбиримизга айтишича, чегарада вакциналар илова махсус ҳимоя либослари, дори-дармонлар тўпланиб қолган.
Пойтахт Пхеньян дўконларидаги тало-тўпларга оид ҳам кўплаб хабарлар олинган.
Уларда четдан келган маҳсулотлар хариди чеклангани боис, расталар ҳувиллаб қолгани ҳам айтилган.
Ўтган уч ой ичида Шимолий Кореядан бор-йўғи 12 киши қочиб чиқишга муваффақ бўлган, бунақаси ҳам шу пайтгача ҳеч қачон кузатилмаган, дейди мухбиримиз.
Унинг айтишича, Шимолий кореяликлар коронавирусдан азоб чекмаётган бўлишлари мумкин, аммо дунёдан янада иҳоталаниб қолишган.
Дунёнинг энг кўп сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд тўртта давлатидан биттаси бўлган Жанубий Корея эса, орада Осиёнинг коронавирусдан энг кўп зиён чеккан давлатларидан бирига айланган.
Жанубий Кореяда вирус юқтирганлар орасида Ўзбекистон фуқароларининг борликлари ҳам расман хабар берилган.

Коронавирус ва чоралар

Сурат манбаси, Getty Images
Шимолий Корея коронавирусга қарши курашни ҳали январь ойида бошлаган.
Чегараларини зудлик билан ёпган, пойтахт Пхеньяндаги юзлаб хорижликларни карантинга олган.
Ўзининг ўн минглаб фуқароларини ҳам яккалаган, барча мактабларни ёпган.
Ҳамма оммавий тадбирларни бекор қилган, жамоат жойларида ниқобсиз кўринишни маън этган.
Агар, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига таянилса, Шимолий Корея шу пайтгача бор-йўғи 922 кишини коронавирусга текширган.
Ҳозирга қадар ўзларида бирор бир коронавирус ҳолати йўқлиги, қайд этилмаганини даъво қилиб келмоқда.
Шимолий Корея дунёнинг диктатура ҳукмрон, авторитар ва ташқи дунёга энг ёпиқ саноқли давлатларидан бири бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














