Нью-Йорк коронавирус юқтирганлар бўйича жаҳоннинг барча давлатларидан ўзиб кетди, дунё ва Ўзбекистон янгиликлари

Сурат манбаси, Reuters
Сўнгги рақамларга кўра, биргина Нью-Йоркда коронавирусга чалинганлар сони дунёнинг бошқа давлатлардаги қурбонлар сонидан кўпроқ.
Нью-Йорк штатида пайшанба куни вирус юқтириб олганлар сони 159937 киши бўлса, ундан кейин дунё бўйлаб давлатлар орасида Испания (153000) ва Италия (143000) келади.
Коронавирус пайдо бўлган Хитойда эса вирусга чалинган сони 82000 киши.
Америка бўйлаб 462 минг вирус юқтирган, 16500 одам қурбон бўлган.
Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 1 миллион 600 мингга етган.
Қурбонлар сони ҳам 100 мингга яқинлашган - 95000 одам вафот этган.
Нью-Йоркда оммавий қабрлар суратлари пайдо бўлган.
Бу штатда 7000 киши вирус қурбони бўлган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат манбаси, Reuters
Дунё бўйлаб коронавирус қурбонлари сони 100 мингга яқинлашди
Дам олиш кунлари жаҳонда коронавирус қурбонлари сони 100 мингдан ортиши кутилмоқда.
Қурбонлар сони:
Италия -18279
АҚШ - 16684
Испания - 15447
Франция - 12228
Буюк Британия - 8114
Аммо бу рақамлар ҳақиқий вазиятни акс эттирмаслиги мумкин. Чунки аксар давлатлар уйда вафот этганларнинг ўлим сабабини коронавирусга текшириб кўрмайдилар.
Ўзбекистон ва коронавирус
Ўзбекистонда коронавирусга 624 киши чалингани расман хабар қилинган.

Сурат манбаси, official
Соғайганлар сони 38 нафар.
Бугунга қадар мамлакатда 3 киши бу вирус қурбони бўлган.
Мамлакат бўйлаб карантин эълон қилинган.
Америка Қўшма Штатларида ҳам уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусдан вафот этгани расман ўзининг тасдиғини топган. Ўзбекистон четдаги фуқаролари коронавирус сабаб ҳаётдан кўз юмган биринчи минтақа давлатига ҳам айланган.
Минтақадаги вазият:
Марказий Осиёда коронавирус илк бор Қозоғистон мисолида шу йилнинг 13 март куни аниқланган - ҳозирга келиб, минтақада коронавирусга чалинганлар сони расман жаъми бир ярим минг кишидан ортган - 1599 кишига етган. Уларнинг юздан ортиқроғи соғайган. 14 нафари ҳаётдан кўз юмган. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон жорий пайтда коронавирус расман қайд этилган учта Марказий Осиё давлати бўлиб туришибди.
Ҳар уч кўрсаткич бўйича ҳам энг кўп ҳоллар Қозоғистон ҳисобига тўғри келиб турибди. Қозоғистонда жаъми коронавирус ҳоллари бугун, 9 апрель ҳолатига 764 кишига етган. Қирғизистонда эса, бу рақамлар 280 тани ташкил этган.
Ўзбекистонда кучайтирилган тартиб, Қозоғистонда фавқулодда вазият, Қирғизистонда эса, бунга қўшимча комендантлик соати ҳам амалда. Қозоғистон икки шаҳрида фавқулодда вазият ҳолатида хавфсизликни таъминлаш учун яна юзлаб ярим ҳарбийларни жаб этганига оид хабарлар ҳам олинган.
Қирғизистон эса, пандемиянинг ўз иқтисодларига салбий оқибатларини юмшатиш масаласига эътибор қаратган. Уч ойлик махсус режа қабул қилган. Аммо унинг ижроси учун четдан молиявий кўмакка эҳтиёжлари борлиги кўрилган. Ҳукумати бу борада халқаро донор давлатлар билан аллақачон музокараларга киришгани маълум бўлган. Нейтрал ва халқаро таҳлилчилар таъбирида "ёпиқ" Туркманистонда ҳам коронавирус билан боғлиқ воқеалар ривожланишда давом этган.
Кўрилишича, Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов боғчадан тортиб, мактаб, унивеситетгача - ҳаммани тиббий текширувдан ўтказишни буюрган. Бунинг учун махсус шифокорлар гуруҳи тузилиши айтилган. Аммо текширувнинг қандай асосда олиб борилиши тафсилотлари ноаён қолган. Туркманистонда ҳозир қанча тест-тизими борлиги маълум эмас.
Би-би-си ҳам яқинда бу саволига аниқ жавоб ола билмаган. Яна айрим бошқа хабарларга кўра, коронавирус боис, Туркманистон тўйларни ихчамлаштиришга ҳам қарор қилган. Бундан буёғига меҳмонлар сони 200 тадан ошмаслиги айтилган.
Маълум бўлишича, Тожикистон коронавирус кириб келишининг олдини олиш учун Сўғддан Қирғизистонга элтувчи барча йўлларни ҳам вақтинча ёпган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












