Коронавирус: Карантинда қачон жинсий алоқа қилиб бўлмайди?

Сурат манбаси, Getty Images
Жинсий алоқа орқали коронавирус юқтириш мумкинми?
Бу саволни кўпчилик ўзига беради. Аммо мутахассисдан сўрашга уялиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳам карантин бошланаркан, ижтимоий тармоқларда ҳазилнамо сурат ва постлар тарқалганди:
Гўё карантиндан кейин кўпчилик кўпаяди деган маънода.
Лекин мутахассислар ижтимоий масофаланиш, яъни одамлар билан орада икки метр масофа сақлашни маслаҳат беришади.
Агар сизда ёки бирон оила аъзонгизда коронавирус аломатлари кўринса, ҳаттоки уйдагилар билан ҳам ўртада масофа сақлаш, бир хонада турмаслик, бир дастурхондан овқатланмаслик ва идиш-товоқни ҳам ажратиш маслаҳат берилади.
Шундай экан, карантин вақти жинсий алоқа қилиш ҳақида гап бўлиши мумкинми?
Би-би-си журналисти Селестина Олулоди бу борада доктор Алекс Жорж ва секс журналист Аликс Фокс жавобларини ўрганган.
Уларнинг айримлари билан танишинг.
Коронавирус пайти секс хавфсизми?

Сурат манбаси, Paul Cochrane/Jesse Whealey
Алекс Жорж:
Агар ёстиқдошингиз билан бир жойда яшасангиз, жинсий муносабат вазиятни ўзгартирмайди.
Аммо биттангизда коронавирус аломатлари пайдо бўлса, ҳатто уй ичида ҳам ўзингизни иҳоталашингиз керак.
Орада икки метр масофа сақлаш зўр бўларди-ку, аммо кўпинча бир том остида бу имконсиз.
Аликс Фокс:
Агар сизда коронавирус белгилари енгил ўтса, ёстиқдошингиз ҳам уни енгил ўтказади дегани эмас.
Хуллас, вирус аломати кўриндими, ёқстиқдошингиздан узоқ туринг.
Учрашувга чиқманг

Алекс Жорж:
Бунақа пайтда янги ишқий муносабатлар қуриш хавфли, сиз вирусни у одамга юқтирасиз.
Аликс Фокс:
Унутманг, баъзи одмларда вирус бўлсаям, уларда ҳеч бир аломати кўринмаслиги мумкин.
Ўзингизни буткул соғлом ҳис қилсангиз ҳам, сиз вирусни бошқалар билан яқин муносабат пайти ёки бўса орқали юқтиришингиз мумкин.
Ҳалокатли бўса
Алекс Жорж:
Агар сиз ўпишган ё яқин муносабатда бўлган одамда коронавирус аломатлари пайдо бўлса, сиз ҳам ўзингизни ҳаммадан ажратиб, иҳоталанг.
Ўзингизда қандай белгилар пайдо бўлишини кузатиб боринг.
Аликс Фокс:
Биз ўзаро муносабатларда ҳам масъулиятли бўлишимиз, бошқаларни ҳам, ўзимизни ҳам ўйлашимиз керак.
Агар сизда коронавирус аломатлари пайдо бўлса, албатта, сиз яқин муносабатда бўлган инсонга ҳам бу ҳақида айтинг.
Аксинча, у одамда аломатлар пайдо бўлиб, сиз соғлом бўлсангиз ҳам, барибир, сиз ўзигизни барчадан ажратиб, иҳоталашингиз керак.
Баъзида ёстиқдошларнинг бири секс истаса, бошқаси истамайди.
Бу масалани соғлом ақл ва одоб-ҳурмат доирасида ҳал этиш муҳим.
Ёстиқдошлик бу - истаган пайтда жинсий алоқа қила оламан, дегани эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












