Дунё, янгиликлар: Иван Голунов иши - «Ҳаммаси энди бошланди»
Россия: "Голунов озод этилди, аммо бу тўлиқ ғалаба эмас"

Сурат манбаси, Reuters
6 июнь куни Москвада қўлга олиниб, катта миқдордаги наркотик моддаларни тарқатишга уринишда айбланган журналист ва Медуза нашрининг махсус мухбири Иван Голунов сешанба куни, ундан барча айбловлар олиб ташланган ҳолда, озод этилди.
У айрим юқори лавозимли мансабдорлар алоқадор бўлиши мумкин бўлган коррупция схемаларини тадқиқ қилиши ортидан қўлга олингани тахмин этилади.
Жаноб Голуновнинг ҳибсга олиниши Россия журналистлар ҳамжамиятининг мисли кўрилмаган норозилигига сабаб бўлди. Унинг ҳимоясига, ҳатто, федерал телеканаллар, сиёсатчилар ва санъаткорлар ҳам чиқди.
Журналистнинг атиги беш кун ичида барча айблардан фориғ ҳолда озодликка чиқиши россиялик ОАВ вакилларининг бирдамлиги ва қатъияти ғалабаси ўлароқ кўрилмоқда.
Россия ички ишлар вазирлиги ўз баёнотида Иван Голуновга қарши очилган ишнинг ҳеч қандай асосга эга эмаслиги ва сохталаштирилганини билвосита тан олган. Унинг иши билан шуғулланган ходимлар хизматдан четлаштирилган, ҳуқуқ тартибот органларининг айрим мансабдорларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Жаноб Голуновдан айбловларни олиб ташлаш қарорини олиш жараёнида шахсан президент Владимир Путиннинг ўзи ҳам иштирок этгани айтилади.
Ведомости нашрининг ёзишича, жаноб Голуновга қарши очилган иш ёпилди, лекин бундай қонунсизлик яна юзага келиши мумкин бўлган тизимга қарши кураш энди бошланмоқда ва ҳар ким қонунга бўйсунишни бошлагандагина тўлиқ ғалабага эришилади.
Гонгконгда минглаб намойишчилар ҳукумат биноларини ўраб олди

Сурат манбаси, Reuters
Хитой Халқ Республикасининг жиноятга қўл уришда гумонланган шахсларни экстрадиция қилиш бўйича сўровларини қондириш юзасидан Гонгконг Қонунчилик Кенгаши томонидан тайёрланаётган қонун лойиҳаси юз минглаб одамнинг ғазабига учраган.
Чоршанба куни эрталаб ўн минглаб норозилар ҳукумат биноларини ўраб олган ва полиция билан тўқнашган. Мухолифат якшанба куни намойишга чиққан одамлар сони бир миллионга етганини иддао қилади.
Юзлаб компаниялар ўз ходимларининг намойишларда иштирок этишини таъминлаш мақсадида фаолиятини вақтинча тўхтатган.
Мухолифатга кўра, агар ушбу қонун қабул қилинса, кўплаб бегуноҳ одамлар Хитой талаби билан Гонгконгдан олиб кетилиб, қийноққа солиниши мумкин.
1841 йилдан 1997 йилга қадар Буюк Британия мустамлакаси бўлган Гонгконг «бир мамлакат, икки тизим» тамойили асосида Хитойдан мустақил қонунчилик ва иқтисодий тизим ҳамда ўз валютасига эга. Шунингдек, Гонгконг фуқароларининг маълум ҳуқуқ ва эркинликлари, жумладан, сўз эркинлиги ва митинглар ўтказиш ҳуқуқи кафолатланган.
Бироқ сўнгги вақтларда Хитой Гонгконг устидан ўз назоратини кучайтиришга уринмоқда.
Британия 2050 йилга қадар иссиқхона газларидан фориғ бўлмоқчи

Сурат манбаси, Getty Images
Британия ҳукумати ишлаб чиққан янги режада 2050 йилгача атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газлари миқдорининг деярли ноль даражага туширилиши айтилади.
Бу аҳоли турар-жойлари, транспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги ва саноатдан атмосферага зарарли газлар чиқишига буткул чек қўйиш ёки, энг қийин вазиятларда, дарахтлар экиш ва атмосферадаги карбонат ангидрид газини сўриб олиш эвазига асоратларни минималлаштиришни англатади.
Иқлим ўзгаришига қарши кураш ҳаракати фаоллари Британиянинг ушбу қарорини олқишлаган бўлса, бошқалар бундай ишни амалга оширишнинг имкони йўқлигини таъкидламоқда.
Россия Африкада ўз мавқейини кучайтирмоқда
Британиядаги Guardian нашрининг Михаил Ходорковскийга тегишли "Досье" маркази ҳужжатларига таяниб ёзишича, Россия Африка қитъасидаги таъсир доирасини кенгайтиришга уринмоқда.
Ҳужжатларда Москва қитъада жойлашган, камида, 13 мамлакатдаги ўз мавжудиятини оширишга интилаётгани таъкидланади.
Guardian колумнисти Люк Хардингнинг қайд этишига кўра, президент Владимир Путин Африкада янги ҳамкорлар ва бозорлар изламоқда. Бунга Ғарб томонидан Россияга қўйилган санкцияларнинг кескинлашиши сабаб бўлаётгани айтилади.
«Путин Россияни манфаатлари Собиқ Иттифоқ мамлакатларидан то Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкасига қадар кенг ёйилиб кетган буюк салтанат ўлароқ кўради,» дея ёзади жаноб Хардинг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












