Трамп: Россия Суриядаги зарбаларга тайёрлансин

Сурат манбаси, Mark Wilson/Getty Images
АҚШ Президенти Доналд Трамп ўз твитида Россия Сурияга ракеталар зарбаси берилишига "тайёрланиши" кераклигини ёзди. Бу унинг Сурияда дам олиш кунларида амалга оширилгани даъво қилинган кимёвий ҳужумга жавобан кўраётган чораси бўлиши мумкин.
Россиянинг юқори даражали сиёсий арбоблари АҚШнинг ҳар қандай зарбасига жавоб берилишини айтиб таҳдид қилдилар.
Трамп аввалроқ "кучли" чора кўрилишини айтганди.
Россиядан ҳарбий ёрдам олиб келаётган Президент Башар Ассаднинг ҳукумати кимёвий ҳужумни амалга оширганини рад этади.
Ўз твитида Трамп Ассадни "газ билан ўлдирувчи ҳайвон" деб атади.
Шанба куни Суриядаги мухолифатчи фаоллар, қутқарувчилар ва тиббиёт ходимлари Шарқий Ғутада исёнчилар назорати остида бўлган Дума шаҳрига ҳукумат кучлари заҳарли моддалар тўлдирилган бомбаларни ташлаганини айтишганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












