"Муҳаббат жиҳоди" Ҳиндистон суди муҳокамасида

Сурат манбаси, Hindustan Times
Кераладаги юқори маҳкама никоҳини бекор қилган Ҳинду аёлнинг ишига Ҳиндистон Олий Суди аралашди.
Қиз Ҳинду оиласида туғилган ва Аҳила Асокан исми-шарифи билан маълум бўлган.
У Мусулмон йигит Шафин Жаҳон билан танишиб, бир-бирларига кўнгил қўйганларидан кейин Шафин Жаҳонга турмушга чиққан ва ўз исми-шарифини Ҳадия Жаҳон деб ўзгартиришга қарор қилган.
Бироқ шу йилнинг май ойида Керала Юқори маҳкамаси Шафин билан Ҳадиянинг исломий никоҳини бекор қилиш ва Ҳадиянинг отасини унинг қўриқчиси этиб тайинлаш ҳақида қарор чиқарган.
Шафин ва Ҳадия ушбу маҳкама қарори устидан Ҳиндистон Олий Судига шикоят билан мурожаат қилганлар.
Олий Суд ушбу масала юзасидан мустақил тергов ўтказишга буйруқ берган.
Олий Суд Керала Юқори суди қарорини бекор қилган, Ҳадиянинг ўқишини давом эттиришига рухсат берган ва унинг коллеждаги деканини қўриқчиси этиб тайинлаган.
Олий Судга кўрсатма бериш учун 23 ёшли Ҳадиянинг ўзи чақирилган.
Маҳкамада у ўзига қўриқчи қилиб турмуш ўртоғи Шафинни тайинлашни сўраган.
Шафин ва Ҳадиянинг иши бутун Ҳиндистоннинг эътиборини ўзига жалб қилди.
Радикал Ҳинду гуруҳлари буни "Муҳаббат жиҳоди"нинг энг яққол кўриниши деб таърифлайдилар.
Бу гуруҳлар даъво қилишича, Ҳиндистондаги мусулмон эркаклар Ҳинду аёлларини йўлдан оздириб, ўз динидан воз кечиш ва Ислом динини қабул қилдириш мақсадини кўзлаганлар.
Уларнинг таъбирича бу, "Муҳаббат жиҳоди".
Олий Судда Ҳадиядан ўз динидан воз кечишга мажбур этилгани ёки этилмагани ҳақида сўрашган.
У Ислом динига ўз ихтиёри билан ўтганини айтган.
Олий Суднинг уч кишилик ҳакамлар ҳайъатига Дипак Мисра раислик қилган.
Ҳадия маҳкамада 11 ойдан буён ота-онаси уни "қонунга зид равишда тутқунлик"да ушлаб турганидан шикоят қилган.
У ўзининг ўқишини давом эттирмоқчи эканини, таҳсили тугагунча коллеж ётоқхонасида яшашини, эри уни молиявий таъминлашини айтган ва Шафинни ўзининг қўриқчиси этиб тайинлашни сўраган.
Маҳкама Ҳадияни отасининг ҳибсидан қутқариш, полицияни уни қўриқлаш қарорини чиқарган.
Ушбу иш келгуси йил январида яна давом этиши хабар қилинган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002













