Гулноранинг шериклари: савол ва жавоблар

....Рустам Мадумаров (чапда) "Дадо" гуруҳининг собиқ аъзоси

Сурат манбаси, www.dadomusic.com

Сурат тагсўзи, ....Рустам Мадумаров (чапда) "Дадо" гуруҳининг собиқ аъзоси

Тошкентда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг яқин шериклари узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянларни қатор иқтисодий жиноятлар, жумладан, солиқ ва валюта жиноятларида айблаганди.

Расмий хабарда айбланганларнинг шу йил февралида терговга мажбуран олиб келингани айтилганди. Би-би-си манбаъларига кўра, Тошкентдаги маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва Гулнора Каримова шерикларининг айнан қандай жиноий эпизодлар бўйича маҳкум этилганликлари маълум эмас. Расмийлар ҳозирга қадар маҳкама ҳукмларини тасдиқлашмаган.

Президент қизининг яқин ҳамкори - Рустам Мадумаровга 10 йиллик қамоқ жазоси берилган. Аммо суд залида умумий авф қўлланиб, жазонинг учдан бир қисми бекор қилинган ва унга 7 йиллик қамоқ жазоси белгиланган.

Гаяне Авакян эса бошида 9 йилга ҳукм этилган, аммо умумий авф қўлланилиб, унга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган. Гулнора Каримованинг бу икки киши билан аввалроқ ҳибсга олинган яна бир шериги Екатерина Клюеванинг маҳкамага тортилгани ёки ҳукм қилингани борасида бирон маълумот йўқ.

Маҳкумларга яқин манбаларга кўра, улар маҳкама қарорига қарши шикоят аризаси билан мурожаат қилишади.

Ҳукм қилинганлар қандай жиноятларда айбдор деб топилдилар?

Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянлар Ўзбекистон президенти қизига яқин бўлган 10 киши билан биргаликда шу йил 17 февралида Гулнора Каримованинг уйидан олиб кетилган эди. Рустам Мадумаров, Гаянэ Авакян ва Екатерина Клюева ҳибсга олинишлари биланоқ Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз вебсаҳифасида уларга қарши жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди.

Бу баёнотда Терра Груп, Прайм Мидия, Гамма Промоушн ва бошқа ширкатларнинг мансабдор шахслари Ўзбекистон Жиноят Кодескининг 184 моддасининг 3 қисми, яъни "Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш", ҳамда Ўзбекистон Жиноят процессуал Кодексининг 30-боби, аниқроғи 261-дан 264-моддаси, яъни "Мажбурий келтириш" моддалари бўйича ҳибсхонага олиб келингани ҳақида ёзилганди.

Гулнора Каримова уй ҳибсида экани ишонилади
Сурат тагсўзи, Гулнора Каримова уй ҳибсида экани ишонилади

Лекин, терговнинг ва маҳкама ишларининг ўта хуфёна тарзда ўтаётгани туфайли, бу чиқарилаётган ҳукмлар айнан қайси жиноятларга боғлиқ эканини билиш қийин.

Тошкентдаги бир манбанинг Би-би-сига айтишича, мазкур ҳукмлар Каримова хонимнинг собиқ бош ҳисобчиси Нурмуҳаммад Содиқовнинг ўғирлаб кетилиши ишига боғлиқ. Манба, айни дамда, иқтисодий жиноятлар бўйича маҳкама иши давом этаётганини айтади.

Би-би-си расмий маълумот олиш учун Ўзбекистон Бош Прокуратураси матбуот хизматига боғланди, лекин у ерда Би-би-сига гапиришдан бош тортишди.

Ҳозирда ҳукм қилинган шахслар ким ўзи? Гулнора Каримова учун улар қандай аҳамиятга эга?

Шахсларнинг кимлигига келсак, Рустам Мадумаров бир неча йил аввал ўзбек шоу-бизнесида ўз акаси Алишер Мадумаров билан бирга "Дадо" гуруҳи солисти сифатида ном чиқарганди. Рустам Мадумаров ўтган йиллар давомида Гулнора Каримова билан жуда яқин тижорий ва шахсий муносабатларда бўлгани айтилади. Унга яқин манба унинг Каримова хонимнинг фуқаровий эри эканини айтади.

Гаяне Авакян эса бир неча Оврўпо давлатларида бошланган пул ювишга оид терговларда номи тилга олинган шахс бўлиб, Гулнора Каримовага боғлиқ тижоратларни юритгани даъво қилинганди. Хусусан у Телиасонера мобил ширкатидан йирик миқдорда пул қабул қилиб олган Такилант ширкатининг қоғоздаги эгаси экани тасдиқланган.

Оврўпода терговлар кетаётган пайтларда Гулнора Каримова ўзи ва Гаяне Авакяннинг биргаликда тушган расмини "абадул-абад дўстлар" каби изоҳлар билан Твиттерга жойлаганди.

Гулнора Каримованинг ўзи ҳақида ҳозир нима маълум?

Ҳозирда Гулнора Каримова ўз тижоратидан айрилган ва уй қамоғида сақланмоқда, деб ишонилади. Унга нисбатан ҳалича Ўзбекистонда бирон айблов илгари сурилгани ёки унинг шериклари тортилган маҳкама ишларига алоқаси хусусида ҳеч қандай хабар йўқ.

Айни дамда унинг қаерда экани ва аҳволи ҳақидаги сўнгги хабарлар эса анча зиддиятли бўлиб қолаяпти. Ўзбекистон ҳукуматига яқин uzmetronom.com вебсаҳифасига кўра, Гулнора Каримова бир неча кун олдин Болтиқбўйидаги бир мамлакатда ўз туғилган кунини нишонлашга отланганди. Аммо, унинг Британияда яшаётган ўғли, яъни кичик Ислом Каримов ўз онаси ҳамон Ўзбекистонда уй қамоғида қолаётганини таъкидламоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02