Янгиликлар: Ўзбекистон дарё сувига пул тўлаётгани маълум бўлди - минтақа сув тақчиллигини қандай ҳал қилмоқчи? Иқлим

икки президент

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Мирзиёев ҳокимиятга келгач Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари анча илиқлашган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон бир неча йилдан бери дарё сувларидан фойдаланаётгани учун Қирғизистонга ҳақ тўлаётгани маълум бўлди. Минтақа тоғларидаги абадий музликлар эриб, сув камаяркан деҳқончилик ва зироатчилик хавф остида қолиши мумкинлиги айтилмоқда.

Қирғизистон Сув ресурслари хизмати директори Алмазбек Сокеев Қозоғистон ва Ўзбекистон Қирғизистондаги тоғлардан ҳосил бўлувчи Сирдарёдан фойдаланаётгани учун эвазига нима бераётгани ҳақида айтди.

Унга кўра, Қозоғистон сув учун ҳар йили маблағ ажратади. Лекин буни Қирғизистонга ўтказмайди, балки иш бажаради.

"Қозоғистон ҳар йили амалга ошириладиган таъмирлаш ишларига 179 миллион тенге (401,8 минг доллар) сарфлайди", деди Сокеев.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон сув учун пул тўламоқда. Ва ушбу нарх ҳар йили 30 фоиздан ошиб бормоқда.

"Ўзбекистон тўлаяпти. Улар ҳар йили пул ажратмаларини кўпайтирмоқда. 2023 йилда бу 240 минг доллар эди. Бу йил эса 280 минг доллар бўлади. 2025 йилда эса бундан ҳам кўпроқ бўлади. Улар кўпаяди, яъни ажратилаётган маблағлар ҳар йили ошиб бормоқда", деган у.

Қирғизистон ва Тожикистон ҳам аъзоси бўлган сув бўйича халқаро конвенцияларга кўра, бу давлатлар ўз ҳудудидан ўтган дарёларни ўзиники деб эълон қилиб сувни сотишга ҳаққи йўқ. Аммо дарёларни асраш ва гидроиншоатларнинг таъмирлаш ва тозалаш каби хизмат кўрсатишлар ушбу дарё сувидан фойдаланаётган барчанинг зиммасига тушиши кўрсатилган.

Шу жиҳатдан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз зиммаларига олган масъулиятни бажариш учун Қирғизистонга пул бераётган бўлиши мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Марҳум президент Ислом Каримов бир вақтлар сув учун минтақада уруш келиб чиқиши мумкинлигини айтганди.

Би-би-си Қирғиз хизматининг журналисти Ниёз Ташматов минтақа давлатлари ўртасида ҳозир муносабатлар яхшиланган бўлса-да, сиёсатчилар алмашиши, аммо сув муаммоси янада кескинлашавериши мумкинлигини айтади.

"Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ҳозир яхшиланди. Аммо сув муаммоси фақат минтақада эмас, балки бутун дунёда катта муаммога айланяпти. Муаммо бор, аммо давлат раҳбарлари алмашади. Шунинг учун нима бўлишини билмаймиз", дейди у.

iqtibos

Таги кўриниб қолаётган сув…

Ўтган йилнинг ёзида Норин дарёсидан электр ишлаб чиқариш учун етарли сув ҳажми камайиб кетгач, Қирғизистон 2026 йил охиригача энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий қилди. Президент Садир Жапаров Марказий Осиёда сув сиёсати қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади.

Аммо сўнгги ўзгаришлар минтақа давлатлари сув борасида умумий бир консенсусга эришишга ҳаракат қилаётгандек таассурот бермоқда.

Шу кунларда Қирғизистон президенти Садир Жапаров қўшни давлатларга қанча сув керак бўлса шунча сув берамиз, деб таъкидлади.

"Қамбарота-1 ГЭС қуриб битказилгач, биз ундан қишда электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланиб, суғориш мавсумида қўшниларимизга Тўхтагул ГЭСида тўпланган сувни етарли миқдорда бериш имкониятига эга бўламиз", деган у.

Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилишига тиш тирноғи билан қарши бўлиб келган Ўзбекистон Мирзиёев ҳукуматга келганидан сўнг унинг қурилишига розилик берди ва сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди.

Тожикистон раҳбарияти Роғун қуриб битказилса, у минтақанинг сув муаммосига ҳаминқалар ечим бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

Бироқ шундай бўлса-да, Амударё сувидан энди Афғонистон ҳам деҳқончиликда фойдаланиш учун Қўштепа каналини қура бошлади.

Агар ушбу канал тўлиқ ишга туширилса, ёзда шусиз ҳам қийналаётган Ўзбекистоннинг жанубий минтақаси янада мураккаб аҳволда қолиши мумкин.

Чуқурлашаётган сув тақчиллигини Ўзбекистон қандай бартараф қилмоқчи?

Минтақада энг кўп аҳолига эга Ўзбекистон, қишлоқ хўжалиги ва бошқа эҳтиёжларни қондириш учун ўзида мавжуд сув заҳираларидан кўпроқ сув истеъмол қилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, Ўзбекистон ўз сув заҳираларининг 169 фоизини истеъмол қилади. Бу Марказий Осиёда энг катта кўрсатгич.

Бу Ўзбекистон истеъмол учун қўшни давлатлардан келадиган сувга тўлиқ қарамлигини англатади. Деҳқончилик билан шуғулланадиган Ўзбекистон 75 фоиз сувини қўшниларидан олади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг сентябр ойида "Марказий Осиёда сув тақчиллиги муаммоси ўткир ва муқаррар тус олди ҳамда бундан буён у тобора чуқурлашиб бораверади", деди.

Тоғларга етарли қор ёғмаслиги, дарёлардаги шағалларнинг қурилиш учун катта миқдорда ишлатилиши натижасида Ўзбекистоннинг ички дарёларида ҳам сув сатҳи тушиб кетгани айтилади.

Мутахассислар, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши билан боғлиқ сув муаммосига қўшимча равишда сувдан самарали фойдаланмаслик муаммоси ҳам кўндаланг турганини айтишади.

Инфратузилмаларнинг эскиргани сабаб сувнинг 40 фоизи исроф бўлмоқда, деб ёзади gazeta.uz сайти.

Сув танқислигидан минтақа айни дамда ҳар йили 2 миллиард доллар зарар кўрмоқда. Бу кўрсатгич ошиб бораверади.

Ўзбекистон раҳбарияти ушбу муаммога глобал ечим қўлланиши кераклигини айтмоқда.

Ҳукумат давом этаётган сув танқислигини бартараф қилиш ва муаммонинг олдини олишга ўз имкониятлари фойдаланган ҳолда чоралар кўрмоқда.

Мирзиёев 2024 йили Ўзбекистон сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтишини маълум қилди.

Бунда биринчи муҳим вазифа - канал ва ариқларни бетонлаш эканлигини таъкидланган.

Ер ости сувлари сатҳи тушиб кетиши натижасида Ўзбекистон ҳозирча 23 та туманда қудуқ бурғулашга мароторий жорий қилди.

Орол фожеаси оқибатларини юмшатиш мақсадида минтақага экилган саксовул ва бошқа чўлга мослашган экинлар бўй чўзиб, иқлимнинг мўътадиллашишига таъсир ўтказа бошлади.

Жойларда томчилатиб суғориш йўлга қўйиш ишлари давом этмоқда. Айрим минтақаларда сизот сувлар қайтадан ишлатилмоқда.

"Ўзбекистон космос" агентлиги қишлоқ хўжалиги учун ишлатилаётган сув тўғри тақсимланиши учун космосдан кузатиш тизимини жорий қилишни таклиф қилмоқда.

Ўзбекистондаги олимлар экин учун сув тежашнинг ўзига хос усулларини жорий қилиш ҳақида таклифлар киритишмоқда.

Ерда намликни сақлаш технологияси тажриба асосида қўлланила бошлади.

Сиз яшаб турган жойда сув билан боғлиқ ҳолат қандай? Муаммони ечими сифатида бирор иш қилиняптими? Сиз бунинг ечимини нималарда кўрасиз? Шулар ҳақида бизга ёзиб юборинг. Би-би-си ҳали бу мавзуга яна қайтади.

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK