Глазго фестивали Марказий осиёлик аёл режиссёрлар фильмларини намойиш этди Ўзбекистон Янгиликлар, O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, YouTube/Майрам Юсупова
- Author, Комрон Эргашев
- Role, .
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Глазгодаги "Самиздат" Шарқий Европа фильмлари кино фестивалида бу йил Марказий осиёлик беш аёл кинорежиссёр фильмлари намойиш этилди.
Глазго кино фестивали "Самиздат" деб номланади, шу ном остида Совет замонида коммунист мамлакатларда цензурага учраган ва тақиқланган асарлар яширинча тарқатилган.
Алоқадор мавзулар:
Тожикистонлик таниқли режиссёр Майрам Юсупованинг йўқолишига бир баҳя қолган "Ғалла" ҳужжатли фильми бундан 40 йил олдин тасвирга олинган. Рангларга бой этнографик фильм Тожикистоннинг тоғли Кўлоб минтақаси яшовчиларининг кундалик ҳаёти ва маданиятини намойиш этади.
Фильм илк баҳорда Наврўз байрами сумалаги учун буғдой тайёрлаш ва чақалоқни илк бор бешикка ётқизиш маросими билан бошланади, вафот этган инсон тобутини оломон қабристонга элтаётган хазонрез куз билан тугайди.
"Буғдой ҳаёт асоси" дейди бошловчи. Фильмда гўзал тоғ қишлоғи одамлари тандирда нон ёпадилар, қатиқ тайёрлайдилар, молхона устини лойсувоқлайдилар, қўй жунидан кигиз ясайдилар, Наврўз ва тўй маросимида қўшиқ куйлайдилар, рақсга тушадилар.
Ҳунармандлардан бири ёғочдан қошиқ, дутор, яна бошқаси аёлларнинг тақинчоқларини ясайди. Фильм Тожик тилида эмас, тўла рус тилида ҳикоя қилинади. Бу Совет замонида кино ишлашга қўйилган асосий талаблардан бири бўлган.

Сурат манбаси, Assel Aushakimova
Асел Аушакимованинг "Ўртоқ полициячи" қисқа метражли бадиий фильми Қозоғистон полициясидаги бюрократияни фош этишга бағишланган сатира.
У "полициянинг жамоатчилик наздидаги имиджини яхшилаш" мақсадини кўзлаган ғариб тарғибот кампанияси ҳақида ҳикоя қилади.
Фильмда журналистларга полиция ҳақида жамоатчилик вакиллари яхши фикр билдирган телевизион кўрсатув тайёрлаш топшириғи берилади. Элтиб берувчи ҳайдовчига ушбу ташаббус қанчалар зўр эканини гапириб бериш буюрилган, лекин ҳайдовчи экран қаршисида айтиши керак бўлган гапни тузук-қуруқ ёдламаган ҳам.
Полиция ходимига эса интервью пайти сохта статистик маълумот тутқазилган. Кадр ортида қорга бурканган пойтахт кўринади, фильмдан кўплаб кулгили лаҳзалар, жумладан, пойтахт номини Остонадан Нурсултонга алмаштириш ҳақидаги ҳазил ҳам ўрин олган.
Фильм қисқалигига қарамасдан, режиссёр унда ўткир ижтимоий муаммони моҳирона ёритишнинг уддасидан чиқолган. Шунинг учун ҳам "Ўртоқ полициячи" Bayqonyr ва Cottbus кинофестивалларининг энг яхши қисқа метражли фильм мукофотларига сазовор топилган, у 2023 йилги Глазго фестивалининг ҳам ғолиби бўлди.

Сурат манбаси, Ilia Ryzhenko
"Унинг ҳаққи" (Her Right) ҳужжатли фильми - бугунги кундаги Марказий Осиёнинг энг эътирофли замонавий санъат намояндаси, ўзбекистонлик кинорежиссёр Саодат Исмоилованинг сўнгги ижодий ишларидан бири.

Сурат манбаси, .
Фильм Глазго фестивалидан олдин Лондондаги Tate Modern галереяси ва Амстердамдаги Eye Film Museum ида намойиш этилди. Овозсиз ҳужжатли фильм архив кино кадрларидан ишланган, унда муаллиф 1920 йиллардаги Ўзбекистонда кечган аёлларни озод қилиш мақсадидаги "Ҳужум" кампаниясини хотирлайди.
Экспрессионизм йўлида монтаж қилинган, эски Совет ташвиқот кадрларига бугунги аёл туйғулари ифодаси сифатида боғланган оҳанглар Ўзбек аёлини европалаштириш жамиятга қанчалар қимматга тушганини савол остига олади.
Фильмда 1920 йиллардан тортиб 1980 йилларгача Ўзбекистонда тасвирга олинган кадрлардан фойдаланилган.
Бир-бирининг устига чиқиб кетадиган, кесишган кадрлар даҳшатли киноларнинг саҳналарини эслатади. Фильм Ўзбекистон тарихининг бир даврини тушуниб етишга ундайди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Сурат манбаси, Ilia Ryzhenko
"Биз кўрган ҳамма тушлар" (All the Dreams We Dream) қозоғистонлик режиссёр, рассом ва олима Асел Қадирханованинг мултипликацион фильми. У таниқли Қозоқ шоири Гафу Каирбековнинг 1930-1933 йиллардаги Қозоғистондаги очарчиликнинг икки гувоҳи хотираларини жонлантиради.
Очарчилик балоси Қозоқ халқига катта қирон келтирган.
Анимацион фильм ҳамдардлик ва қўрқув мавзусига эътибор қаратади, бугунга келиб ўша ҳалокатли кунлар ва унинг қурбонларини биз қанчалар эслаймиз, деган саволни қўяди. Агар исбот-далиллар йўқ қилинса ва воқеалар ҳақида сукут сақлашга мажбур этилса, кўпчиликнинг хотирасида нима қолади?
Анимацион фильм ғояси менинг ёдимга Япон ёзувчиси Юкио Мишиманинг "Баҳорги қор" ҳикоясини солди. Ҳикояда икки инсон, бизни 100 йилдан кейин қандай эслашади, бизни авлодимизни қандай тасаввур қиладилар, деб баҳслашадилар.
Биздек одамлар ва бизларнинг бошимиздан кечирганларимиз муқаррар унутилади, деган тўхтамга келадилар.
"Биз кўрган ҳамма тушлар" жуда содда йўлда ишланган, бироқ анимацион фильм мавзусига мос кулранг уни янада жонли қилган.

Сурат манбаси, Ilia Ryzhenko
Фестиваль Глазго Замонавий санъат марказида бўлиб ўтди. Бироқ кинематографияси дунёга кам танилган Марказий Осиё фильмлари орасидан намойишга фильмлар қандай танлаб олинди?
Фестиваль ташкилотчиларидан бири Илья Риженко ушбу саволга шундай жавоб берди: "Кўп танловлар якунида биз шундай ғояга келдик: шундай фильмларни танлайликки, улар ҳам замонавий Марказий Осиё киносини тамсил этсин ва айни вақтда минтақа билан сиёсий, тарихий таниш бўлмаган аксар томошабинларга кўрсатишга имконли бўлган фильмлар бўлсин.
Ўз тадқиқотимиз мобайнида атоқли Қозоқ кино тарихчиси ва танқидчиси Гулнара Абикееванинг Марказий Осиё киносига бағишланган китоблари ва кўп сондаги мақолалари бизга жуда асқотди. У ўз асарларида "Қозоқ Янги тўлқини"га урғу берган.
Биз фильм танловида ёрдамлашишга тожикистонлик аёл кинорежиссёр Аниса Собирийни таклиф қилдик ва якуний танловимиздан Анисанинг икки таклифи жой олди - тожикистонлик режиссёр Майрам Юсупованинг "Ғалла"(1982) ва Саодат Исмоилованинг "Унинг ҳаққи"(2020) ҳужжатли фильмлари".
Намойишга танланган фильмлари билан 2023 йилги "Самиздат" фестивали ноёб ҳодиса ва Марказий Осиё фильмларини дунёга танитиш учун яхши имконият бўлди, дейиш мумкин.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















