Тошкент кинофестивали қайтди Toshkent kino

Тошкент кинофестивали

Сурат манбаси, tiffest.com

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Тошкент кинофестивалини жуда яхши эслашади.

Ўзбекистоннинг атоқли сиёсий арбоби Шароф Рашидов ташкиллаштиришда бош-қош бўлган "Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали" узоқ йиллар давомида нафақат Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун, балки дунё кино санъати, маданияти учун муҳим тадбирлардан бўлган.

Илк бор Тошкент кинофестивали 1968 йили ўтказилган, сўнг ҳар икки йилда Ўзбекистон пойтахтига машҳур кино санъаткорлар тўпланардилар.

Бугунги Болливуд аталмиш Ҳиндистон кино индустриясининг бутун дунёга машҳурлашишида Тошкент кинофестивалининг ҳам ўрни муҳим бўлган, ўзбекистонликлар ўз телеэкранларида Раж Капурдек юлдузларнинг пайдо бўлишини интиқлик билан кутишарди.

Тошкент халқаро кинофестивали ташкилотчилари таъкидлашларича, 24 йиллик танаффусдан сўнг ушбу фестивал Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта тикланди ва энди у "Ипак йўли дурдонаси" номи билан ўтказилади.

Митхун Чакраборти 1980 йиллари ҳам Ўзбекистонда бўлган

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Митхун Чакраборти 1980 йиллари ҳам Ўзбекистонда бўлган

Тошкент халқаро кинофестивали 29 сентябрдан 3 октябргача давом этади.

Унда дунёнинг 37 мамлакатидан 400 га яқин кино ижодкор қатнашмоқда.

Кинофестивал доирасида 14 мамлакат - Озарбайжон, Беларус, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Полша, Россия, Тожикистон, Туркия, Ўзбекистон киноларининг кунларини ўтказиш кўзда тутилган.

Шу кунлари Ўзбекистондаги барча кинотеатрларда бепул бадиий филмлар намойишларини ташкиллаштириш режаланган.

Ўзбекистонда ҳали СССР замонида бадиий филмда рол ижро этиш учун келган, машҳур "Диско раққоси" номи билан танилган ҳиндистонлик актёр Митхун Чакраборти мамлакатдаги ўзгаришлардан ҳайратда эканини яширмади.

Тошкент халқаро кинофестивали

Сурат манбаси, BBC Uzbek

"Биринчи марта Тошкентга ҳамкорликда филм ишлаганимизда келгандим, бир ой давомида бу ерда бўлгандик. Бугун Тошкентга келиб ҳайратимни беркита олмадим. Аэропортнинг ўзидаёқ улкан ўзгаришларни кўриб, худдики ўзимни Европанинг қайсидир шаҳрига келиб қолгандек ҳис қилдим.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида азалдан яқин дўстона алоқалар бўлган ва бугун ҳам бу алоқалар нафақат кино ва сериаллар, балки барча соҳаларда давом этаяпти. Айтишим мумкинки, Тошкентга келиб, Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига чиқиб, янада ривожланиб чирой очганига гувоҳ бўлдим.

Тадбир доирасида ўтказилган суҳбатда бир режиссёр яқинда суратга олиниши кутилаётган филмида роль ижро этишимни сўради. Мен ўзбек филмида рол ижро этишга тайёрман. Албатта, сценарий билан танишиб чиқаман ва ижобий жавоб беришга ҳаракат қиламан" - деди Болливуд юлдузи.

Россиялик таниқли актёр ва режиссёр, Оскар мукофоти соҳиби Никита Михалков Тошкент кинофестивалининг давомий бўлишига умид билдирди.

"Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивали тиклангани жуда қувонарли ҳодиса. Вақтида бу фестивал ўз даврининг ноёб ва ўзгача байрами эди. Ҳозир бу қадриятлар қайта тикланаётгани, ўзбек киносига янги руҳият ва куч бағишлаётганига ишонаман. Умид қиламанки, энди ҳар йили шу пайт сизлар билан Ўзбекистонда, халқаро кинофестивалда учрашамиз", - деди Никита Михалков.

Олқишлар ва танқидлар

Халқаро кинофестивал олқишлар билан бирга танқидларга ҳам учрамоқда.

Россиялик режиссиёр Никита Михалков "Ўзбек киносининг қайта туғилиши - бу ҳам табиий ҳам керакли жараёндир. Ахир бу ҳудуддаги бирини кино... Мен бугунги кинематографининг даржаси ҳам замонга ва унинг собиқ шуҳратига мос бўлади деб умид қиламан... Шунинг учун мен сизга ҳавас қиламан ва табриклайман. Ўзбекистонлик ҳамкасабаларим учун жуда хурсандман ", деб лутф қилар экан, ўзбекистонлик таниқли блогер ва журналист Шаҳноза Соатовага кўра, фестивалда маҳаллий кино юлдузларининг ўрни билинган.

" Кинофестивалда Зулфиқор Мусоқов, Аюб Шаҳобиддинов, Жаҳонгир Қосимов, Ёлқин Тўйчиев каби режиссерлар кўринмади. Бу ўзбек киносидаги бўлиниш нақадар катта, муносабатлардаги инқироз нақадар чуқурлигини кўрсатди. Ҳатто халқаро миқёсдаги тадбирлар учун, Ўзбекистон имижи учун ҳам муроса нуқтасига кела олишмаётган экан, ўзбек киноси истиқболи ўйлантиради. Кеча мендан "Ренессанс ТВ" журналисти бу фестивалдан кейин бизнинг киноюлдузлар ҳам масалан беш йил ё ўн йилдан кейин халқаро майдонда порлаши мумкинми деб сўраганида, албатта, имконият бор, Ўзбекистон истеъдодларга бой мамлакат деб жавоб бердим. Бизникиларнинг истеъдодига шубҳам йўқ. Шу сабабли кеча хорижлик, катта эҳтимол билан салмоқли гонорарларга чақирилган дунёвий миқёсдаги юлдузлардан кейинга навбати қўйилган, бир чеккада тик оёқда турган санъатимиз усталари, тирик афсоналаримиз - Ёқуб Аҳмедов, Хайрулла Саъдиев, Мукамбар Раҳимова, Фарҳод Абдуллаев, Саида Раметовалар билан суратга тушарканмиз, улар бундай туриши керак эмас, улар ҳам ўша жаҳоншумул юлдузлар каби қиммат машиналардан тушиб келиб, тенг мақомда йўлакдан ўтиши керак эди, деб ўйладим. Фестивал учун катта меҳнат қилингани кўриниб турибди. Меҳнаткашларга миннатдорчилик билдираман, бу осон иш эмас. Пала-партишликларга кўз юмамиз, тўйчилик. Лекин приоритетлар тўғри қўйилиши керак, биз қўйган урғулар билан жаҳон бизга баҳо беради. Қизил йўлакдан битта Митхун ўтганда, битта Ёқуб ака ўтмас экан, ўзимизникиларни қадрламас эканмиз, бизни тан олишмайди ҳали бери. Ахир мақсад халқаро миқёсдаги юлдузлар шоуси эмас, ўзимизни ҳам кўрсатиш, унақамасми ё?

Ижобий жиҳатларга кўз юмиш адолатданмас. Катта миқёс, оммавийлик, шунча халқаро профессионалларни олиб келиб тадбир қилиш - биз учун янги марра, у забт этилди. Люк Бессон, Стивен Сигал, Никита Михалков… улар билан мулоқот, тажриба алмашиш бизни бойитади, янги марралар, вазифалар қўяди, ривожлантиради, шубҳасиз. Асосийси, фестивал бардавомлиги ва галдан-галга ташкилотчилик пишиб, мазмун ўсиб бориши. Умид қиламанки, қолган олти кун бизни ижобий хулосалар билан қувонтиради", деб ёзган у ўзининг Facebook даги саҳифасида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek