Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири шубҳали йод мавзусига чуқур кирмасликни илтимос қилди, вазир истеъфоси сўралмоқда

Сурат манбаси, Ssv.uz
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов журналистлардан болаларнинг заҳарланишига олиб келгани айтилаётган йод препарати атрофидаги коррупцияга оид мавзуга чуқур кирмасликни сўрамоқда.
Gazeta.uz нашрининг ёзишича, ССВ раҳбари Амрилло Иноятов сешанба куни журналистлар билан учрашувда «Антиструмин» дориси мавзусига чуқур кирмасликни маслаҳат берган.
"Биринчидан, битта нарсани илтимос қиламан. Бу мавзу билан шуғулланаётган одамлар бор. Майда, бўлмағур гаплар… Нима бўлса ҳам, ўзи текширади, ўзи жавобини беради. Бу мавзуга чуқур кирманглар. Бу билан шуғулланадиган ташкилотлар бор. Улар ҳаммасини очиқ ўрганяпти. Ижтимоий тармоқларда дорихоналарда 3 баравар арзон, у-бу деган [хабарлар] нотўғри, провокацион чиқарилган…" - дея Амрилло Иноятовдан иқтибос келтиради нашр.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов 26 сентябрь куни 20:00 дан кейин вазирлик биносида журналистлар билан учрашгани айтилмоқда.
ССВ матбуот хизмати мазкур учрашувга gazeta.uz ни таклиф қилмагани англашилади. Аммо нашр вазирдан иқтибосни учрашувда қатнашган икки журналист ва кейинчалик таҳрир қилинган daryo.uz да чиққан хабарга таяниб ёзган.
Kun.uz нашри эса Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовдан иқтибос келтириб, Наманганда заҳарлангани айтилган болаларнинг барчаси соғайиб, уйига қайтарилганини хабар қилди.
"Наманганда болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилган. Тез орада барча саволларга жавоб берилади", - дея иқтибос келтирган нашр вазир Амрилло Иноятовдан.

Олдинроқ, Наманганда болаларнинг касалланиш ҳолати билан боғлиқ 450 та мурожаат келиб тушгани, уларнинг энг кўпи — 306 таси Чуст туманига тўғри келгани айтилганди.
Расмийлар Намангандаги болалар тузалиб шифохонадан уйларига кетганини айтса-да, уларга аслида нима бўлгани ва қандай касалга қарши қайси дорилар билан даволашгани маълум қилинмаган.
Кейинроқ эса Тошкентда ҳам шунга ўхшаш аломатлар билан болалар шифохонага мурожаат қилгани ҳақида хабарлар чиқди.
Ушбу воқеани ўрганган gazeta.uz нашрининг ота-оналардан иқтибос қилиб ёзишича, худди шу каби аломатлар билан ўнлаб болалар Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлимига олиб келинган.
Нашрнинг икки набираси касалланганини айтган отахон Ибодулла Нодировдан иқтибос келтиришича, марказ болаларга заҳарланиш деб эмас, ўткир респиратор вирусли инфекция деб ташхис қўйгани норозиликка сабаб бўлган.
"Ҳозир тўполон бўлди. Бу ер токсикология маркази, лекин бу препаратни қабул қилган болаларнинг маълумотномаларига ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) ташхисини ёзишяпти. Ота-оналар „Агар бу ЎРВИ бўлса, нега бизни токсикологияга олиб келишяпти? Осма укол қилдингиз, ошқозонларини ювдингиз ва ЎРВИ деб ёзяпсиз", дейишган. Шифокорлар болаларнинг томоғида қизариш, шамоллаш борлигини айтишмоқда", - таъкидлаган у.
Ўтган ҳафта Наманган вилоятида камида 71 нафар бола касалхонага ётқизилгани (жами 450 нафар бола ҳақида хабар берилган) маълум бўлгач, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22-сентябрдан "Антиструмин" №100 таблеткаларидан фойдаланишни вақтинчалик тўхтатганди.
Gazeta.uz нинг ёзишича, бироқ кўп ўтмай Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова "озиқ-овқат ёки дори-дармондан заҳарланиш гумонлари ҳали тасдиқланмаганини" айтди. У болаларда ЎРВИ бўлиши мумкинлигини урғулади.
Бироқ Тошкент шаҳридаги тез тиббий ёрдам марказининг токсикология бўлимларига ҳам ўнлаб болалар заҳарланиш белгилари, иситма, ошқозон бузилиши билан ётқизилгани ҳақида хабарлар чиқди.
Ота-оналар эса фарзандлари йод дориларини истеъмол қилганидан кейин касал бўлиб қолишганини айтишади. Шифокорлар эса бу ҳолатнинг препарат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлашмоқда.
Вазирликнинг заҳарланиш гумонларини тасдиқламаганлиги, лекин шунга қарамасдан "Антиструмин" таблеткаларига тақиқ қўйилиши фаоллар, журналистлар ва блогерларни янада шубҳалантирмоқда.
Rost24.uz сайти 26 сентябр куни чоп қилган видеода Наманган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби Феруза Атахонова журналистларга субординация, яъни кичик лавозимдаги ходимларнинг катталарга бўйсиниши кераклигини уқтирган.
"Сан кечагинда Элмира опага (Баситхонова, таҳр) ҳам ортиқча гапириб ташладинг. Санда субординация деган нарса бор. Журналистикада бизда фан бўлган, муомала маданияти. Сан манга бунақа муомала қилмагин, тушундингми?" - деган Феруза Атахонова бир журналистга қарата.
"Ҳозир администрациядан (Президент маъмурияти - таҳририят) телефон бўлди. Никаких (ҳеч қандай - таҳририят) интервю. Тўғриси. Бу одам (вазир - таҳририят) шунча иш қиляпти. Нима керак ҳозир ковлаб. Бунақа вазир йўқ" - деб айтади ўзини вазир ёрдамчиси дея таништирган шахс Рост24 видеосида.
У вазир билан фақат бир шарт остида, микрофон ва камераларсиз учрашув ташкил қилиб беришини таъкидлайди.
Кейинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ўзини вазир Иноятов ёрдамчиси, деган шахснинг "администрация айтди, вазир билан интервю бўлмайди", деган гапини рад қилиб чиқди.
"Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида болалар билан юз берган ҳолат юзасидан журналистлар саволларига "Администрациядан буйруқ бўлган, интервью берилмайди" мазмунидаги жавоб акс этган видеолавҳа тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу маълумот ҳақиқатдан йироқ эканлиги, Президент Администрациясидан бундай топшириқ бўлмаганини маълум қилади" - дейилади хабарда.
Йод дориларини етказган шахс қидирувдами?
Kun.uz нашри Соғлиқни сақлаш вазирлигига йод препаратларини етказиб берган шахс АҚШда қидирувда эканини ёзди.
Нашрнинг қайд этишича, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова имзоси билан чиқарилган хатда, Намангандаги болалар аҳволи ёмонлашишига калий дори воситалари сабаб бўлиши мумкинлиги, шу сабабли "Kaliy yodid 1 mg (0,001) tabletka №100 (Antistrumin)" дори воситаси истеъмолини дарҳол тўхтатиш топшириғи берилган.
"Айни шу кўрсатма-хатдан жамоатчилик муҳим маълумотни билиб олди: "гумондор" препаратни "SАМО" МЧЖ етказиб берган. Бу корхонадан дорини ССВ таркибидаги "Ўзмедимпекс" сотиб олган", дейилади нашр хабарида.
Kun.uz очиқ маълумотларга таяниб, Юнусовлар Samo компаниясининг таъсисчилари ҳисобланиб, улар қаторида компаниянинг қарийб 7 фоизлик улушига эгалик қилувчи Нодир Юнусов ҳам борлигини айтади.
Нашрнинг урғулашича, 2005 йилда АҚШ Божхона ва иммиграция назорати хизмати (ICE) ҳамда Ички хавфсизлик департаменти ўзбекистонликлар ва бошқа хорижлик ноқонуний муҳожирларни мажбурий ишга жойлаштириш билан шуғулланган "Giant Labor Solutions" компаниясига нисбатан суриштирув ишларини бошлаган.
"Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари - 32 ёшли Рустамжон Шукуров, 35 ёшли Санжар Аъзамов ва 30 ёшли Нодир Юнусов ҳам. Ушбу шахслар ҳозирги кунга қадар АҚШ божхона ва иммиграция назорати хизмати томонидан қидирувга берилганлар рўйхатида турибди. Улар "most wanted", яъни оғир жиноятда айблангани учун энг кўп қидираётган шахслар қаторида қайд этилган", дейилади хабарда.
Kun.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш учун "SАМО" МЧЖ директори ўринбосари Жасурбек Абдуллаев билан боғланган ва "Нодир Юнусов ҳақиқатда ҳам АҚШда қидирувга берилганми?", деб сўраган.
"Жасурбек бу масалада жавоб бериш ваколати йўқлигини ва аниқлаштириб, кейинроқ жавоб беришини билдирди. Лекин саволимиз бўйича жавоб бўлмади" - деб ёзади Kun.uz нашри.
Нашр ўз суриштируви давомида бир-биридан мустақил икки манба АҚШ қидирувга берган Нодир Юнусов Ўзбекистондаги "Samo" МЧЖ таъсисчиларидан бири эканини тасдиқлаганини таъкидлайди.
"Kun.uz масаланинг бошқа жиҳати билан ҳам қизиқиб, ССВнинг давлат харидларини амалга оширишга масъул ташкилоти "Ўзмедимпекс" билан боғланди. Ташкилот вакилига кўра, йод препаратларини сотиб олишда "Samo" МЧЖ тендер асосида танлаб олинган. Лекин ушбу харид ҳақидаги маълумотларни Давлат харидлари порталида топишнинг иложи бўлмади", - дейилади мақолада.
22 сентяр куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Чуст туманида юз берган болалар соғлиғи билан боғлиқ нохуш ҳолатдан қаттиқ ташвишда эканлигини билдириб, масалага эътибор берганди.
"Вилоят ҳокими ва масъулларга масалани алоҳида назоратга олиш, сабабларини аниқлаш ва тегишли таклифлар киритиш бўйича топшириқлар берилган", - дейилади расмий хабарда.
Шундан сўнг президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева шахсан давлат раҳбарининг топшириғи билан Наманганга етиб келганини айтди.
"Ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда, жараён назоратга олинган, натижаси ҳақида қўшимча равишда хабар қилинади. Бугунги кунда мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, иш Наманган вилоят прокуратурасидан Бош прокуратурага ўтказилди", дейди Саида Мирзиёева.
Ижтимоий тармоқдагилар вазият жиддий ўрганилиши кераклиги ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши лозимлигини талаб қилишмоқда.
Уларнинг орасида Соғлиқни сақлаш вазирининг истеъфосини сўраганлар ҳам бор.
Ўзбекзабон ижтимоий тармоқларда айни масала турли баҳс ва норози фикрларга сабаб бўлмоқда.
Айримлар вазир истеъфосини талаб қилишса, бошқалар болаларнинг касалланиш сабаблари маълум қилиниши лозимлигини айтишади.
Ўзбекистонда одамларнинг дорилар хавфсизлигидан хавотирланиши асоссиз эмас.
Олдинроқ камида 65 нафар ўзбекистонлик болакай Ҳиндистондан келтирилган йўтал дорисини ичиб, нобуд бўлган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













