Россия уруши манзарасида Ўзбекистон ва Италия ҳарбий ҳамкорликка урғу бермоқчими? – Янгиликлар. Видео O‘zbekiston Mirziyoyev Yangiliklar

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Сержио Маттарелла

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Сержио Маттарелла
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Президент Шавкат Мирзиёев 3 кунлик расмий ташриф билан Италияга келди. Экспертлар Россиянинг Украинага босқини манзарасида Ўзбекистон Италия билан ҳарбий соҳада ҳамкорликни кучайтираётганига эътибор қаратишган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мирзиёевни кутиб олиш учун аэропортга чиққан Италия Мудофаа вазири Гвидо Крозетто бундан бир ярим ой олдин Тошкентга борган ва бир неча юқори лавозимли мулозимлар билан учрашганидан сўнг, Президент Мирзиёев қабулига кирганди.

Алоқадор мавзулар:

Шавкат Мирзиёев Римда Италия Президенти Сержо Маттарелла ва Бош вазири Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказади.

Jamestown таҳлилий жамғармаси чоп қилган мақолада айтилишича, ушбу ташриф Италия ва Ўзбекистон ўртасида узоққа мўлжалланган ҳамкорликнинг дебочаси бўлиши мумкин.

Мақолада айтилишича, иқтисодий нуқтаи назардан қаралса ушбу ҳамкорлик аллақачон сўнгги йилларда анча яхшиланган. Ўзаро савдо ва сармоя киритиш икки баробар ортган. Логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш борасида музокаралар бошланган.

EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

"Ушбу ташриф нафақат икки мамлакат ишбилармонлари учун ва икки томонлама муносабатлар контекстидаги умумий аҳамияти билан муҳим, балки икки давлатнинг мудофаа соҳасида алоқаларни чуқурлаштириш истагидан далолат қилади", дейилади мақолада.

Jamestown таҳлилий жамғармасининг таъкидлашича, айнан Италия Мудофаа вазири Крозеттонинг Тошкентга келиши ва юқори лавозимли мулозимлар билан музокаралар олиб бориши хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича ҳамкорликка алоҳида урғу берилганини англатади.

Нашрга кўра, Италиянинг Ўзбекистон билан хавфсизлик борасида алоқаларни мустаҳкамлашга интилиши геосиёсий ва иқтисодий соҳада имкониятлар очиши мумкин.

Кузатувчилар Италия учун Марказий Осиё билан яқинлашиш минтақага кириб келишида бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Қозоғистон айрим иқтисодий лойиҳаларни айтмаганда, Италия шу вақтгача минтақада фаол бўлмаган.

36 миллион аҳолига эга Ўзбекистон геосиёсат, демографик ва ҳарбий сабаблар туфайли Марказий Осиё динамикасида муҳим ўйинчи эканлиги таъкидланади.

Jamestown таҳлилий жамғармаси минтақада катта таъсирга эга Россия ва Ўзбекистоннинг ўзига хос муносабатларига ҳам алоҳида тўхталган.

Мақолада айтилишича, Ўзбекистон иқтисодий ва энергетика нуқтаи назаридан Россияга қарамлигича қолмоқда.

"Бироқ стратегик ва ҳарбий нуқтаи назардан вазият умуман бошқача. Мирзиёев даврида Кремл билан алоқалар яхшиланган бўлса-да, Ўзбекистон 1994-1999 ва 2006-2012 йиллари бир муддат аъзо бўлишига қармасдан ҳамон Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига кирмаган. Шунингдек, Тошкент Россия "советча муҳит" ташкил қилишга уринаётган Евроосиё иқтисодий иттифоқига кўшилмади", дейилади мақолада.

Бундан ташқари Ўзбекистон Россия бостириб кирганидан сўнг Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишини айтиб Украинани қўллаб чиқди.

Таҳлилчиларга кўра, Россиянинг Украинага қарши агрессив уруши бутун собиқ совет ўлкаларига, хусусан, Марказий Осиёга ҳам сезиларли таъсир кўрсатган. Минтақадаги давлатлар Россиянинг империалистик иштаҳасидан хавотирга тушишишган.

"Бундан ташқари, Россиянинг Украинадаги қониқарсиз ҳарбий натижалари Москва энди ишончли стратегик ўйинчи эмаслигини англатади. Ришталарни бир кунда узиб бўлмаса-да, Марказий Осиёнинг кўплаб давлатлари ўз устуворликлари ва имкониятларини қайта кўриб чиқмоқда", дейилади Дарио Кристиани мақоласида.

Муаллиф Италиянинг хоҳ якка ҳолда, хоҳ Европа Иттифоқи байроғи остида Марказий Осиёга тўғридан тўғри ҳарбий иштирокини даргумонлигини таъкидлайди. Аммо Италия саноат ҳамкорлигида ва мудофаа соҳасида ишончли ҳамкор бўлиши мумкин.

Jamestown таҳлилий жамғармасига кўра, бу йўлда Италияга Хитойнинг Марказий Осиёда ортиб бораётган таъсири муаммо бўлиши мумкин.

Бу каби хавотирларга қарамасдан Тошкент Италия билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун жиддий интилиш билдиргани эътироф этилмоқда.

"Воқеаларнинг бу тарзда ривожланиши Рим учун минтақада Ўзбекистон каби айни муаммоларга дуч келаётган Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига Италия халқаро ҳамкорларни излашда қисман бўлса ҳам ечим таклиф қила олишини кўрсатишга хизмат қилиши мумкин. Бу давлатлар хавфсизлик ва ҳарбий харидлар соҳасида Россиядан мустақил бўлишга интилмоқда", дея хулоса қилинади мақолада.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002