You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Тошкентда катта янгилик, бунақаси мамлакат тарихида бўлмаган O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar
Бойкотлар иш бермади...
Алоқадор мавзулар:
Ўзбекистон илк бор катталар ўртасидаги ҳаваскор бокс бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Чемпионат бугун, 30 апрель куни пойтахт Тошкентда старт олади. Бунақаси мамлакат тарихида бўлмаган.
Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал боксда дунёда ўз ўрнига эга давлатлардан бири бўлади.
Жаҳонда ўзининг бокс мактаби билан ном қозона олган саноқли мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилади.
Расмий хабарларга кўра, Тошкентдаги жаҳон биринчилигини афсонавий BONEY M гуруҳи очиб беради.
Келаси икки ҳафта давомида дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан келган 600 дан зиёд боксчи жаҳон чемпионлиги учун ўз жангларини ўтказишади.
13 вазн тоифасида Тошкент рингларига кўтарилишади.
Уларнинг орасида етти нафар амалдаги жаҳон чемпионларининг ҳам борлиги айтилади.
Тошкентдаги жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармаси рекорд сумма - $5.200.000 долларни ташкил этади.
IBA томонидан тарихда илк бор совриндорлар учун мана шундай мукофот жамғармаси жорий этилади:
- Олтин медаль: 200 000 АҚШ доллари
- Кумуш медаль: 100 000 АҚШ доллари
- Бронза медали: 50 000 АҚШ доллари
Халқаро Бокс Уюшмаси президенти Умар Кремлевнинг айтишича, "кўплаб давлатлар ўз боксчиларини Ўзбекистонга юборишаётгани бокс спорт турининг жаҳон миқёсида жадал ривожланиб бораётганининг ижобий белгиси ва далолати бўлади".
Аммо дунёнинг 10 дан ортиқ давлати Тошкентдаги жаҳон чемпионатини бойкот қилишларини эълон қилишган. Шу йил февраль ойида уларнинг сафига Украина ҳам қўшилганди.
Бунга Халқаро Бокс Уюшмасининг ўтган йил октябрь ойида Россия ва Беларуслик боксчиларга қўйилган тақиқни бекор қилиш қарори сабаб бўлган.
Халқаро Олимпия қўмитаси Украина ишғоли сабаб, бу икки давлат спортчиларининг ўз байроқлари остида беллашишларини тақиқлаб қўйганди.
Тошкентдаги жаҳон чемпионати 2024 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинлари учун саралаш босқичи вазифасини ҳам бажариши маълум бўлиши эса, Халқаро Бокс Уюшмаси ва бойкотчи давлатлар ўртасидаги зиддиятни кучайтирган.
Шу йил март ойида уюшма бойкот режалари устидан Америка Қўшма Штатлари илова дунёнинг қатор давлатларига нисбатан интизомий иш очгани хабар қилинган.
Улар уюшма ахлоқ кодексига зид иш тутганликларини баён қилган.
АҚШ томони 2024 йилги Париж Ўйинларига саралашни Халқаро Олимпия қўмитаси қилаётганини айтиб, IBA нинг айни мазмундаги баёнотларини "қабул қилиб бўлмас", деб атаган.
Шу йил февраль бошидаги матбуот анжуманида IBA президенти сиёсатчилар спортчиларни "жаҳон чемпиони бўлиш орзусидан маҳрум этишга ҳаққи йўқлиги" тўғрисида гапирган ҳам гапирган эди.
Орада Тошкентда ўтадиган жаҳон чемпионати ҳақида тарқалаётган хабарлар юзасидан Ўзбекистон Бокс Федерацияси ҳам расман ўзининг муносабатини билдириб чиққан.
Федерация бу хабарларни "нохолис", деб атаган.
"Ўзбекистон томони мусобақада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган мамлакатларнинг қатнашиш ёки қатнашмаслигини белгилаш ваколатига эга эмас"лигини таъкидлаган.
Мамлакат "мусобақани қабул қилиш ҳуқуқини қўлга киритган вақтда терма жамоалар ёки спортчиларнинг халқаро турнирлардаги иштироки бўйича бугунги чекловлар йўқ бўлган"ини ҳам эслатган.
"Ўзбекистон халқаро спорт нормаларига риоя қилувчи давлат бўлиб, спорт сиёсатдан ҳоли тамойилини қўллаб-қувватлаши"ни баён қилган.
Ҳаваскор бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.
Халқаро Бокс уюшмаси президенти эса, Ўзбекистон Бокс Федерацияси билан яқин ҳамкорликда Тошкентда унутилмас тадбир ўтказишга кўз тикиб қолган.
У мазкур чемпионат "тарихдаги энг зўрларидан бири" бўлишига ишонч билдирган.
Пойтахт Тошкент мезбонлик қилаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни жаҳон, Олимпиада Ўйинлари, Осиё чемпионлари, совриндорлари ва бошқа турли нуфузли халқаро мусобақалар ғолиблари бўлган ҳаваскор боксчилари намоён этишади.
Ўзбекистоннинг ҳаваскор бокс бўйича эркаклар терма жамоаси дунёдаги энг номдор ва совриндорларидан, қўлга киритган совринлари бўйича рекордчиларидан бири бўлишади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002