Янгиликлар: Ўзбекистонда шамолдан электр истиқболи борми? - Видео O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Бу йилги қиш мавсуми оддий ўзбекистонликларни муқобил энергия манбаларини излашга олдинги йиллардагидан ҳам кўпроқ мажбур этди, Ўзбекистонда энергетика инқирози яқин бир-икки йилда ҳал бўлмаслиги аён бўлди.
2022-2023 йилги қиш мавсуми бутун Ўзбекистонда электр ва газ таъминотида муаммоларни пайдо қилди, мамлакат раҳбарияти ишлаб чиқариш корхоналари ва газ тарқатиш шохобчалари фаолиятини чеклаш билан аҳволни ўнглаш чораларини кўришга мажбур бўлди.
- Ўзбекистон: Энергетика инқирозининг уч асосий сабаби
- Газ қаерда? Унга ким эгалик қилади? Нега инқироз такрорланаверади? Энергетика вазири билан суҳбат
- Ўзбекистон гази тугамоқда - атиги 15 фоиз қолган. Ерости сувлари ҳам қурияптими?
- Ҳукумат Озодлик суриштирувига журналист-блогерлар орқали ёпиқ жавоб берди. Аммо бу саволларни янада кўпайтирди
Шу вақтгача ҳам "давлатнинг арзон электри" мавжудлиги сабабидан қуёш панеллари ёки шамол қувватидан электр олиш усулларига кам қизиқиш билдирган аксар оддий ўзбекистонликлар муқобил энергия оддий кундалик эҳтиёжга айланганини ҳис қилдилар.
Бугун Ўзбекистонда қуёш панелларини кўпайтириш, аҳолини агар ўз хонадони эҳтиёжидан кўпроқ муқобил қувват олишга муваффақ бўлган бўлса, ортиқчасини давлатга сотишга рағбатлантириш кучайган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Маҳаллий тадбиркорлар ҳам хусусий ёки давлат корхонаси, оддий инсонларнинг хонадонларига қуёш панелларини ўрнатиб электр олиш имкониятларидан даромад кўраяптилар.
Бироқ кўпчиликда шамол энергияси "Ўзбекистон учун қиммат", "денгиз ёки океан соҳилида жойлашган мамлакатларда бўлгани каби ўзини оқламайди" деган қараш мавжуд.

Сурат манбаси, Acwapower.com
Ўзбекистон раҳбарияти ҳам гидроэнергетика, ҳам қуёш энергияси билан бирга шамол энергиясидан фойдаланишни кўпайтириш зарурлигини урғулаб келмоқда, бу йўналишда лойиҳалар бошланган ҳам.
2022 йил ёзида Ўзбекистон Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан Қорақалпоғистонда 1,5 GW лик шамол энергияси ишлаб чиқарадиган лойиҳани ишга туширгани хабар қилинди.
Дунёдаги энг йирик шамол энергияси фермаси деб эълон қилинган ушбу лойиҳа 2,4 миллиард долларга баҳолангани хабар қилинган, унинг 2026 йили иш бошлаши кутилмоқда.
ACWA Power билан жами 10 миллиард долларлик инвестиция битимлари имзоланган, ушбу битимларга кўра, Саудия ширкати Ўзбекистонда газдан электр олиш, муқобил энергия ва "яшил" водород лойиҳаларини кўзда тутган.
Бунинг натижасида Ўзбекистон 2026 йил қуёш энергиясидан 8 GW, 2030 йилга бориб шамол энергиясидан 12 GW электр олиш имкониятига эга бўлади деб кутилмоқда.

Сурат манбаси, YouTube/Bekruz Hamzaev
Айни пайтда катта маблағ талаб қилмайдиган, оддий хонадон ёки кичик ширкат эҳтиёжини қондирадиган шамол энергияси лойиҳаларига қизиқиш кучайган, шамол турбиналари нархининг бутун дунёда арзонлашиб бораётгани кичик парракларни Ўзбекистонда ҳам ўрнатиш имкониятларини кўпайтирмоқда.
Жаҳондаги таҳлиллар 2010 йилдан 2020 йилгача шамол парраклари ишлаб чиқарадиган электр энергиясининг ўртача нархи 56 фоиз арзонлаб, киловатт соатига 8,9 АҚШ центидан 3,9 центга тушганини кўрсатмоқда.
Дунё бўйлаб улкан турбиналар эмас, кичик шабадада ҳам айланиб электр қуввати берадиган ускуналар турлари кўпаймоқда.
"Ўзбекистонда шамол энергиясининг истиқболи жуда юқори", дейди Ўзбекистонда муқобил энергияга ихтисослашган Adjacent Power стартапи асосчиси Беҳруз Ҳамзаев.
"Қайси бирини танлаган маъқул деб сўрашади: қуёшми, шамолми ёки газми? Ҳеч қайси мамлакат фақат битта энергия манбасини танламаган. Чунки шамол 24 соат эсмайди, қуёш 24 соат ёниб турмайди, газимиз ҳам бир кун тугаб қолади. Шунинг учун ҳам бизга гибрид ҳолатдаги ечим керак", дейди Беҳруз Ҳамзаев.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















