Ўзбеклар Грузияда бизнес қилиши осонми? Ўзбекистон ва Гуржистон. Ўзбеклар ва дунё Video Dunyo Yangiliklar

Умида Мамаражабова Тбилисидаги «Дастурхон» ошхонаси соҳибаси.
Гуржистонда ўзбек таомларига талаб борми? Ўзбек ошхонаси у қадар таниқли бўлмаган юртда бу бизнесни юритиш қандай кечаяпти?
Ва хўжандлик ўқитувчи Тбилисида қандай қилиб тадбиркорга айланди?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
- Бошида очганимизда одам бўладими-йўқми, деб хавотирландик. Бизнинг таомларимиз асосан ўзбеклар ва руслар билишади. Грузинлар деярли билишмайди. Шунга одамлар кирармикин, деб ўйлангандик. Кейин қарасак, йўқ, келишаяпти, - дейди Умида.
Ошхонанинг очилганига энди 1 йилдан ошганига қарамай, хўрандалар билан гавжум.
Тадбиркорнинг айтишича, ошхонанинг асосий мижозлари - қозоғистонликлар, руслар ва сайёҳлар. Яъни, ўзбек таомлари билан таниш бўлганлар келишади.
Алоқадор мавзулар:
40 ёшли Умида олий маълумотли, тил-адабиёт ўқитувчиси. Кўп йиллар Хўжандда муаллималик қилган.
- Ўша пайтлар ҳам торт ва бошқа пишириқлар қилардим, курс сифатида хотин-қизларга ўргатиб, сертификат берардим, - гапириб беради ошпаз.
2 йил олдин турмуш ўртоғининг иши сабаб оиласи билан Гуржистонга кўчишади. Бу ерда ўзбек ошхонасини очиш фикри унинг уйда ўтириб қолганидан бошланганини айтади.

- 6-7 ой ишламадим. Болаларни мактабга бердик, бу ерни ўргандик. Уйда зерикдим. Уйда овқатлар қилардим. Хўжайним "Кел, шуларни интернетга қўямиз», дедилар. Майли, қилиб кўрайлик, дедим. Шу билан манти, чучвара, сомса қилиб фейсбукка қўя бошладим. Аста-секин мижозлар чиқа бошлади", - гапириб беради Умида.
3 ой давомида уйда буюртмага таомлар тайёрлаган Умидага ошхона очиш таклифини мижозларнинг ўзи берганини айтади.
"Кафе қилинглар, бориб ўтириб овқатланайлик", дейишарди, дейди у.

Умида бу таклифни турмуш ўртоғига билдиради, эри қўллаб қувватлайди.
- Мен умримда тадбиркорлик қилмаганман, ошхона юритиш ишларидан ҳам хабарим йўқ эди. Хўжайним юрист, халқаро ташкилотда ишлайдилар. Хужжат ишларини у киши зиммаларига олди, - дейди у.
Шу тариқа эр-хотин маслаҳатлашиб, Тифлиснинг Эски шаҳаридан жой ижарага олишди ва "Дастурхон" номли кафени очишди.
Аввалига унга қизлари қарашишди (Умиданинг 3 қизи, 1 ўғли бор). Аста-секин ёрдамчилар олинди.
- Ҳозир ҳар куни 10 хил овқат қиламиз. Овқатларни ўзим қиламан, ишчилар фақат масаллиқларни тўғраш, тайёрлаш жараёнларига ёрдам беришади, дейди Умида.
Гуржистонда тадбиркорлик қилиш, ўзбек таомлари яхши таниш бўлмаган юртда бу ошхонани юритиш имкониятлари ҳақида кўпроқ билиш учун мазкур видеолавҳамизни кўринг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













