Ўзбекистон ва Гуржистон: Грузинлар нега меҳмонни вино ва қилич билан кутиб олади? Ўзбеклар ва дунё

туристлар
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон ва Грузия ё Гуржистон бир бирига ўхшайдими? Икки собиқ Шўро давлатлари орасида қандай фарқлар бор?

Би-би-си ўзбек хизмати Қадимий ва замонавий Гуржистон ҳаёти - Ўзбекистон учун нимаси билан муҳимлиги тўғрисида туркум дастурларини эътиборингизга ҳавола қилади.

Видеолавҳаларни Би-би-си Ўзбек хизматининг bbc.com/uzbek вебсаҳифаси, YouTube kанали ва барча ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Тбилиси

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистонлик грузин йўлкўрсатувчимиз

«Гамаржоба» - гуржиларнинг саломи, яъни «ғалаба тилайман» деган маънони англатади. Ўзбеклар ўз саломида соғлик тиласа, гуржилар зафар, ғалаба тилашади. «Гамаржоба» - миллатнинг жанговор руҳини ҳам кўрсатади.

Ўзбекистон ва Грузия ё Гуржистон бир бирига ўхшайдими? Икки собиқ Шўро давлатлари орасида қандай фарқлар бор?

- Грузия - чиройли мамлакат. Ҳавоси тоза. Мен ўзим Ўзбекистонда яшаганман, Бухоро ва Навоий вилоятларида. У ерда ҳам балки ҳаво тозадир, лекин барибир бу ердагичалик эмас-да!, - дейди Давид Швилидзе.

Давид
Сурат тагсўзи, Грузин Давид ўзбек тилини бухороча шевада гапиради

Ўзбекистонлик гуржи Давид Тифлисда сайёҳликни ташкиллаштириш билан шуғулланади. У Гуржистонда сайёҳлик Ўзбекистондагидан кўра анча ривожланганини айтади.

- Одамлар келиб бир ҳафта-ўн кун айланишади. Кейин вақт ўтиб, яна қайтиб келишади, - дейди у.

- Тифлисни неча кунда айланиб чиқиш мумкин? - дея сўраймиз ундан.

- Бир кунда ҳам айланиш мумкин, аммо яқинроқдан танишиш учун Тбилисининг ўзига 3-4 кун керак.

Шундай қилиб, йўл кўрсатувчи Гуржистон билан танишишни сайёҳлар энг гавжум бўлган Эски шаҳардан бошлашни тавсия қилди.

Истанг евро ё доллар, истанг ларида

валюта пункти
Сурат тагсўзи, Тифлисда валюта алмаштириш ва картадаги пулни доллар ёки евро шаклида ечиб олишда муаммо йўқ.

Саёҳат пул алмаштиришдан бошланади.

Гуржистонда бир доллар - 2,70 грузин лариси атрофида.

Шаҳарда валюта алмаштириш шохобчалари жуда кўп, пул алмаштириш осон. Банкоматлар ишлаши ҳам шундай, фақат инглиз тилини бироз билишингизга тўғри келади.

Банк картангиздаги пулингизни исталган валюта шаклида ечиб олишингиз мумкин: евро, доллар ва гуржи ларисида.

Бу ерда банкларда хизмат кўрсатиш сифати ҳам жуда юқори экани кўринади.

Навбатларсиз, ортиқча ҳужжатларсиз, битта паспортнинг ўзи билан ҳисоб рақам очдим. Шу куннинг ўзидаёқ вақтинчалик карта беришди. Ўз номимга ёзилган банк картасини эртаси куни олдим.

Жойлашиб, пул алмаштиргач, навбат сим-картага келди.

Онлайн харитадан фойдаланишга интернет, яқинлар билан алоқа учун симкарта олиш керак. Бу ҳам муаммо бўлмади. Гуржистонда сим-карталар бепул, ўзингизга мос хизмат пакети учун тўлов қиласиз.

Бир ойлик чексиз интернетли пакетни 55 ларига олдим, яъни 20 долларга. Бу арзонми, қиммат?

Алоқа бўйича умуман муаммо бўлгани йўқ, антенна ҳамма жойда яхши олаяпти, тезлик ҳам аъло даражада.

сайёхлар
Сурат тагсўзи, Гуржистон сайёҳликдан яхшигина даромад қилади.

"Прописка"дан кечганлар

Гуржистон - сайёҳлар учун қулай мамлакат.

Бу ерга келгач, Ўзбекистон ё Россиядагидек миграция рўйхатидан ўтишингизнинг ҳожати йўқ, яъни "прописка"га қўймайсиз.

Гуржилар Совет Иттифоқидан қолган бу қоғозбозликдан кечиб юборган.

Келибоқ, хотиржам айланишингиз мумкин.

Ҳар бир давлат фуқаролари учун белгиланган муддатгача.

Бурак
Сурат тагсўзи, Туркиялик сайёҳ Гуржистонда ортиқча ҳужжатбозликнинг йўқлиги туристларни кўпроқ ташрифига олиб келишини айтди.

- Туркия билан визасиз тартиблиги бу ерга келиш-кетишимизни қулайлаштирган. Паспорт назорати, божхона бўйича ҳам муаммо йўқ. Турихий шаҳар, жуда ёқди, - дейди Бурак исмли туркиялик сайёҳ.

Туркияда ҳам «прописка» тизими йўқлиги учун Бурак бу ҳужжатни нега кераклигини тушунмади.

- Келиш-кетишдаги қулайлик сайёҳларни ўзига тортади, ташрифини орттиради, - деди у.

"Муҳит гўзал, эски уйлар гўзал"

Гуржистон - гўзал табиат, кўҳна маъморчилик намуналари, қадим ва бугунни уйғунлаштирган шаҳарлар, очиқ инсонлар ва уларнинг қулай яшашига хизмат қилаётган ҳукумат.

Туризм мамлакат иқтисодиётини ташкил этувчи муҳим тармоқларидан бири саналади. Ҳар йили бу мамлакатга миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. Гуржистон шу йилнинг ўзида 10 ой ичида 3 млн дан зиёд сайёҳга мезбонлик қилган ва туризмдан 2 млрд доллардан ошиқ даромад қилган.

Мамлакат сайёҳларни нимаси билан ўзига жалб қилаяпти?

Селчин
Сурат тагсўзи, Селчин ҳам Гуржистонга ташрифидан жуда мамнун.

- Илк келишим, жуда ёқтирдим. Шаҳар, муҳит гўзал, эски уйлар гўзал. Таомлари, ошхонаси, ҳаммаси гўзал. Жозибали, ажойиб ер, - дейди ўзини Салчин деб таништирган сайёҳ.

Шаҳар марказидаги шаршара

Тбилиси 726 метр-квадрат майдонли шаҳар. Унда 1 млндан зиёд аҳоли бор, аммо минглаб сайёҳлар ҳисобига шаҳар гавжум.

Шаҳар шовқини, гавжумлик инсонни чарчатади. Сув бўйида ўтириб дам олишни истайди киши. Шундай пайтда бу ерда сокинлик излаб шаҳардан узоққа кетиш шартмас.

Эски шаҳарнинг энг тарихий ерларидан бирида ажойиб манзара бор.

шаршара

Шаҳар ўртасидаги бу шаршара Легвтахеви - яъни «Анжир дараси» деб аталади

Шаршаранинг баландлиги 22 метр, унинг ортида Тбилисининг машҳур Ботаника боғи жойлашган. Шаршарадан ҳосил бўлган ирмоқ атрофи ва «Ошиқлар» кўприги сайёҳларнинг севимли масканлари.

Не мақсадда келсанг…

Гуржистонни ҳайкалларсиз тасаввур қилиш қийин. Бир-биридан ажойиб, оригинал ҳайкаллар, ёдгорликлар, тарихий обидаларнинг саноғи йўқ.

Уларнинг энг машҳурларидан бири - Она-Гуржистон ёдгорлигидир.

Она Гуржистон хайкали
Сурат тагсўзи, "Гуржистон она" тоғ тепасидан бутун шаҳарни кузатиб турибди.

Гуржистон она - (Картли она) тоғда, Нарикала қалъаси ёнида виқор билан турибди. Унинг баландлиги 20 метр, аммо тоғ тепасидалиги учун бутун шаҳарга кўриниб туради.

Меъмор Элгудже Амашукели бу ёдгорликда бутун гуржи халқининг борлиғини кўрсатган:

«Агар тинчлик билан келган бўлсанг, қимматли меҳмоним бўласан. Ва сен учун вино тўла қадаҳ ҳамиша топилади. Аммо агар уруш билан келган бўлсанг, унда қўлимда қилич бўлади»

Ва бунинг исботини гуржилар йиллар давомида кўрсатиб келмоқда.

Ҳаво шари, арқон йўли ва кўча мусиқачилари

манзара

Шаҳар марказида ҳаво шари, марказ билан тоғни улайдиган арқон йўли - сайёҳларни фақатгина жалб қилиш усулимас, шаҳарни тепадан томоша қилиш учун ажойиб имконият.

Шаҳарда кўплаб кўча мусиқачиларини кўрасиз.

Кўча мусиқачилари ҳар қандай шаҳарларда сайёҳларни жонлантиради, шу жойнинг руҳини беради. Афсуски, Ўзбекистонда бу йўналиш деярли оммалашмаган.

Кўча мусиқачилари ҳамма вақт ҳам тирикчилик учун чиқишган деб бўлмайди. Масалан, Шота Руставели кўчасида йигит-қизлар намойиш этаётган мусиқа-рақслари эвазига йиғилган пуллар хаста болакайнинг даволанишига сарфланишини айтишди.

мусикачи
Сурат тагсўзи, Бу кўча мусиқачиси Ўзбекистонга "Чойхона" қўшиғи билан салом йўллади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek