Грузия ва Ўзбекистон: ойлик, иш ва эркинлик - кимда қайси кўп? Грузияда иш борми? Video O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

тбилиси
Сурат тагсўзи, Пойтахт Тбилиси аҳолиси 1 миллион нафардан ошиқроқ
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Грузиянинг мустақилликка эришганига 31 йил тўлган. Шўролар Иттифоқидан биринчилардан бўлиб ажралиб чиққан Гуржистон халқи бугун қандай яшамоқда? Бу ерда ойликлар, иш масаласи, нарху наво қандай?

Ўзбекистонликлар бошдан кечираётган муаммоларга гуржилар ҳам тўқнаш келаяптими?

Алоқадор мавзулар:

Грузия кичик бир давлат, майдони 70 минг кв.м га яқин. Аҳолиси эса 4 млн. атрофида. Яъни, Ўзбекистондан майдон жиҳатидан ҳам, аҳоли сони жиҳатидан ҳам бир неча баробар кам. Унинг Ўзбекистон каби табиий газ, йирик олтин конлари йўқ, нефту табиий бойликлари ҳам кўп эмас. Грузия иқтисоди асосан озиқ-овқат ва енгил саноат, ҳамда металлургияга таянади.

Гуржистон халқи-чи? Бадавлат бўлмаган давлатда қандай ҳаёт кечиришмоқда?

Тбилиси кўчаларида маҳаллий аҳоли вакилларини суҳбатга тортдик.

"Энг кам ойлик 800 лари атрофида. Тбилисида осон иш топиш мумкин, чунки катта шаҳар ва катта имкониятлар. Пойтахт бўлгани учун. Мен яшайдиган Батумида эса иш топиш имкони кам, аммо ойликлар бир хил", дейди Иййя.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўртача ойлик қанча?

Бутунжаҳон банки маълумотига кўра, 2021 йилда Грузияда аҳоли жон бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми 5042 доллар (таққослаш учун: Ўзбекистонда 1983 доллар) ни ташкил этган.

Аҳолининг сотиб олиш қобилияти паритетига кўра, кўрсаткич Грузияда 16906 доллар, Ўзбекистонда эса 8585 доллар.

Iyya

Сурат манбаси, .

Инсон тараққиёти индекси рейтингида эса, собиқ иттифоқнинг 15 мамлакати орасида Грузия 7-ўринда, Ўзбекистон 13-ўринда. (Бу рейтинг БМТнинг дунёдаги барча мамлакатларда инсонларнинг яшаш шароити, сифати ва ривожланиш даражасини ифодалайдиган дастури).

Грузия Миллий статистика хизмати маълумотига кўра, мамлакатда ўртача маош 1 541.3 лари, яъни 541 доллар (Ўзбек сўмида - 6141691 сўм).

Ўзбекистонда эса ўртача иш ҳақи - 2,78 млн сўм - 246 доллар.

Аҳолининг истаъмол саватчаси ўртаҳол грузинга 247 лари (90 доллар)га тўғри келади.

Ўзбекистонда истеъмол саватчаси ўртача ҳисобда киши бошига 2 157 000 сум - 191 долларни ташкил этади.

Геостатнинг билдиришича, гуржистонликлар ўз даромадининг 44 фоизини озиқ-овқат маҳсулотларига харжлар экан.

Нарх-наволар қандай?

Россиянинг Украинага босқини ортидан Грузияга россияликлар оқимининг кескин ортгани мамлакатда нарх-наволарнинг кўтарилиб кетишига олиб келган.

Ҳамиша "арзончилик", деб таърифланадиган Гуржистонда бу ибора бугун долзарблигини йўқотгандек.

Суҳбатдошимиз талаба Иййя эса, қимматчилик озиқ-овқатларга кўп таъсир қилмаганини айтади. У егулик учун ойлик xаражатига 50 доллар атрофида пул кетишини айтди.

мевалар
Сурат тагсўзи, Гуржистон мевалари сархил ва жуда мазали

"Қаранг, ўзимдан келиб чиқиб ҳисоблайдиган бўлсак, бир ойда 100 лари, ҳатто ундан камроқ харажат қиламан. Университетда ўқийман, курсдош дугонам билан яшайман. Озиқ-овқатимизга бир ойда 50 лари атрофида пул кетади. Баъзан 60 ларига ҳам чиқади.

Жуда тежамкормиз дея олмайман. Нима егимиз келса, олиб еймиз. Бизнинг тежамкорлигимиз кўчада эмас, уйда овқат қилиб ейишимизда. Баъзан бир қилган овқатимизни 2 кун ҳам еймиз.

Шундай: егулик учун xаражатимиз ойига 100 лари, балки ундан ҳам кам".

Уйлар
Сурат тагсўзи, Қадимий ва замонавий шаҳар кўринишлари

Уй-жойлар нархлари эса бошқа ҳудудларга нисбатан Тбилиси ва Батумида баланд. Айниқса, бу ерда уйлар нархи февралдан сўнг 44 фоизга ортган. Масалан, 1-хонали уйнинг ўртача нархи 30 минг доллар атрофида.

Ижара нархлари россияликлар оқимидан кейин "кўкка сапчиган". Пойтахтда 1 хонали уйни 1 ойга 500-600 долларга ижара ололсангиз, омадингизнинг келгани.

- Ҳа, уйлар ижараси нархи ошиб кетди. Ҳозир 800 ларидан камига уй топа олмайсиз. Аввал 350 лари турарди. Қолган нарсаларда ўзгариш унчалик бўлгани йўқ, - дейди Иййя.

Чурчхело ва нафақа

Мен турган меҳмонхона ёнида кекса гуржи онахон ўзларининг миллий ширинлигини сотади. Совуқ кунда кўчада ўтирган онахонни кулиб туриши ўзига тортади.

- Бу нима? - сўрадим билсам ҳам онахонни гапга солиш учун.

гуржи онахон
Сурат тагсўзи, Чурчхелони "гуржилар сникерси" дейишади

- Чурчхело

- Нату, нату - онахон "табиий" сўзининг русчасини излаб, ширинликни таърифламоқчи бўлди.

- "Натуральный"?

- Ҳа, натуральный, - кулади онахон.

Мен бу ширинликни Тбилиси кўчаларида кўп кўрдим. Дўконларда хилма хили ва анча сифатли турларини сотишаётганди. Қутида икки хили бор.

- Буниси фундукли, буниси ёнғоқли. Уй ёнғоғидан.

- Ичида нима бор?

- Узум суви, ун ва ёнғоқлар

- Желатин йўқми?

- Йўқ, желатин йўқ, - инкор қилишда юз ифодаси жуда табиий эди онахонни.

- Хўп, қанча туради булар? - қўшилиб куламан онахоннинг позитивлигига.

- Буниси 4 лари, буниси 3 лари.

Чурчхелони татиб кўрганман, унчалик ёқмаган. Аммо совуқда кекса аёлга савдо бўлсин деб икковидан биттадан олдим.

кексалар
Сурат тагсўзи, Аҳоли кайфиятида хотиржамли сезилади

Грузияда аёллар 60, эркаклар 65 ёшда нафақага чиқишади. Кексалик нафақаси кўп эмас, ўртача 100 доллар атрофида. Аммо бу ердаги кексаларнинг кайфиятида ҳаёт қийинчилиги кўринмайди. Аксари очиқ ва табассумли.

Тил ва миллат

Гуржилар ўзларини картвелилар, Гуржистонни эса Скартвело - "картвелилар юрти", деб аташади.

Улар ўз тили ва анъаналарини жуда қадрлашади. Буни минг йиллар давомида ўзгармаган алифбосида ҳам кўриш мумкин.

Тарихи эрамиздан олдинги 430 йилларга бориб тақалувчи Грузин ёзуви 2016 йилда ЮНЕСКО томонидан номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган.

Гуржистон ўз тили давлат тили эканини амалда кўрсатади. Иккинчи тил эса - инглиз тили. Мактабларда 1-синфданоқ иккинчи тил сифатида инглиз тили ўқитилади. 30 йил давомида бу ерда рус тили деярли муомаладан чиқиб кетган. Рус тилида деярли фақат юқори авлод ва россиялик ёки собиқ Иттифоқ давлатларидан келган сайёҳлар билан гаплашишингиз мумкин.

- Инглиз тилидаги ёзувлар фақат пойтахт ва сайёҳлар гавжум жойларда, Гуржистоннинг бошқа ҳудудларида тўлиқ гуржи тили, - дейишди маҳаллий аҳоли вакиллари.

Аммо пойтахтда ҳам шундай жойлар борки, сайёҳларнинг боши қотади.

театр
Сурат тагсўзи, Гуржистонда фақат давлат тилида ёзилган жойлар жуда кўп

Масалан, муҳташам бир бинонинг театр эканлигини афишаси суратларидан тахмин қилдим. Харитадан текшириб, чиндан ҳам театр - Тбилиси опера ва балет театри эканлигини билдим. Афишаси ёзувлари ҳам гуржи тилида, инглизча таржимаси йўқ. Қандай театр қўйилаётгани, ёзилган саналарда нималар қўйилишини билиш қийин.

ёзув
Сурат тагсўзи, Бу ёзувнинг инглизчаси бўлмаса, Макдональс эканини билармидингиз?

Бу ерда одамлар эркин

Гуржистонликлар дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, сиёсий жараёнларга ўз муносабатини очиқ билдиришдан чекинишмайди.

Масалан, Руставели проспектидаги Грузия парламенти биноси олдида мунтазам равишда тинч намойишлар ўтказилади.

Gruziyalik namoyishchi

Сурат манбаси, .

- "Шу йилнинг 24 феврали, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён ҳар куни чиқамиз. Бугунги кунда Грузияда шундай эркинлик бор. Ҳукуматга айтмасдан, рухсат олмасдан ҳам тинч намойишлар ўтказиш, норозилигимизни билдириш ҳуқуқимиз бор. Бу ерда одамлар эркин, ўз ҳуқуқларини талаб қилишади. Буни бошқа мамлакатлар - Россиядан, Белaрусдан, Украинадан келган кишилар, сайёҳлар ҳам ҳис қилишади.

Сўз ва қарашларни билдириш эркинлигига тўсқинлик қилиш Собиқ Иттифоқнинг кўплаб давлатларида сақланиб қолган. Айниқса, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия ва Белaрусда. СССР гўё парчаланмагандек, худди улар алоҳида бўлиб диктатор давлатларлигича қолишган, дейиш мумкин", деди ўзини Рафаэль деб таништирган намойишчи.

кучада
Сурат тагсўзи, Шота Руставели кўчасида

Грузияда халқ ўз позициясини фақат намойишлар билангина эмас, уйи деворига, деразасига, дўкони эшигига, истаган шаклида намоён қилади.

Инсонлар эркинлиги албатта уларнинг oммавий ахборот воситаларида ҳам акс этади. Грузия дунёда матбуот эркинлиги борасидаги рўйхатда 89-қатордан жой олган (Ўзбекистон 133-қаторда).

мушук

Инсон ҳуқуқлари, ҳукуматнинг халқ эркига ҳурмати борасида ҳам Гуржистон анча илғор. Грузия инсон эркинлиги даражаси бўйича собиқ Иттифоқ мамлакатлари орасида Эстония, Латвия ва Литвадан кейинги ўринда туради (Ўзбекистон эса 13-ўринда).

Грузияда иш борми?

Гуржистон ҳақида 1-чи видеолавҳамиздан кейин ўзбекистонлик мухлисларимизнинг энг кўп қизиққан, сўраган саволларидан бири - Грузияда иш борми? деган савол бўлди.

Чет эл фуқаролари бу ерда қандай ишлашлари мумкин?

метро

Грузия ўзбекистонликлар учун визасиз давлат, бу ерда фақат паспортнинг ўзи билан 1 йилгача юриш мумкин. Бу вақт ичида визасиз давлатлар фуқароларидан на "регистрация" ё "прописка", на "патент" ёки ишга рухсатнома, ёки квота каби ҳужжатлар талаб этилмайди. Иш топсангиз, меҳнат шартномаси асосида қонуний ишлашингиз мумкин. Грузия Меҳнат Кодексига кўра, хорижлик ишчиларнинг ҳуқуқлари маҳаллий аҳолиники билан тенг.

Демак, асосий гап иш топишда. Грузияда муҳожирлар учун иш борми?

Ишсизликнинг юқори даражаси (18%)га қарамай, Грузияда иш топиш имконияти анча юқори, чунки мамлакат малакали мутахассисларга муҳтож. Айниқса, IT, веб-дизайн соҳалари усталари, молиячиларга талаб катта. Хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳалари, мавсумий ишларда ҳам ишчилар етишмовчилиги кўринади.

Аммо бу мамлакатда ишлаш грузин тилини билишни талаб қилади.

скульптура
Сурат тагсўзи, Гуржистон ҳайкалтарошлик намуналарига жуда бой ва бир бирини такрорламайди

Тошкент барибир Тошкент

Тбилиси кўчаларидан бирида тасодифан бир гуруҳ ёшлар орасида ўзбек чопонини кийиб олган қизни кўриб қолдим. Улар рус тилида ўзаро гаплашиб қаршимдан кечишаётганди. Дарров телефонимнинг камерасини ёқдим.

чопон

- Кечирасиз, бу ўзбекча чопон-ку, қаердан олгансиз?

- Ўзбекистондан, - кулди қиз

- Мен ўзбекман, кўзимга чўғдек кўринди.

- Самарқанддан, - чопонни олган ерини аниқлаштирди қиз.

- Жуда яхши, зўр. Демак, сизга ёққан?

- Ҳа, жуда чиройли, - деди ва шериклари билан йўлида давом этди.

Тбилиси кўчаларида Ўзбекистонни биладиган, у ерга борган яна бир неча кишилар билан танишдим.

Янги йил байрами учун безатилган Шота Руставели кўчасида гуржилар оқ қалпоғи ва миллий тўнини кийиб олган қорбобо ўтирарди. Ноодатий қорбобо бўлгани учун уни суратга олдим.

Мераб

- Қаерликсан? - мендан сўради гуржи қорбобо.

- Ўзбекистонликман, - дедим кулиб.

- Очиқ юзингдан қуёшли юртдан эканинг билинди

"Раҳмат", дедиму камерамни видеотасвирга тайёрладим ва отахонни суҳбатга тортдим.

- Ўзбекистонга борганмисиз, ёки шунчаки айтаяпсизми, қуёшли деб?

Гуржи қорбобо борганини айтиб, хотиралари билан бўлишди.

- Тошкенда 6 ой яшаганман. 83-84 йилларда эди. Гастролга боргандик. Мен циркнинг собиқ артистиман. Москва циркида акробат бўлиб ишлардим. Тошкент циркида манежда чиққанман. У ерда ҳам Руставели кўчаси бор эди. Жуда иссиқ эди, кўп айлана олмаганман. Аммо, Тошкент барибир Тошкент.

- Бу ерда ҳаёт қандай? Қандай яшаяпсиз? - видеолавҳам мавзуига бурдим саволни.

- Ҳозир нафақадаман, ҳаётим яхши, - деди отахон. - Бекор ўтирмай деб болалар боқчасида ишлайман. Болаларга хурсандчилик улашаман. Шундай қувноқ ишим бор.

Одам кўп, арча остидаги қорбобо билан расмга тушишга навбат кутиб қолишди. Отахоннинг кўп вақтини ололмасдим, камерани ўчириб, исмларини сўрадим.

- Мераб. Тошкентга Мерабдан салом айт, - қўл силкиди отахон.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek