You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар. Ўзбекистон ҳамон Афғонистонга ток беряпти, Ҳарбийлар суддан кимни кечиришни сўради? Икки миллион муҳожири бор юрт O'zbekiston
- Энергетика вазирлиги: Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр энергияси етказиб бериши тўхтамади
- Нукус воқеалари бўйича суд: Ҳарбийлар суддан айбланувчиларни кечиришини сўради
- АОКА: Ўзбекистон ҳудудида тарқатиладиган хорижий телеканаллар рўйхати кенгайтирилмоқда
- Миграция агентлиги: ўзбекистонликларнинг 1,5 млн нафари Россияда меҳнат муҳожирлигида
Афғонистонга электр тўхтатилгани йўқ
Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр энергияси етказиб бериши тўхтамаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Телеграмдаги расмий каналида маълум қилди.
- «Ҳозирда битта "Наибобод 1" электр узатиш тармоғи орқали электр энергияси етказиб берилмоқда, иккинчи "Наибобод 2" тармоғида техник носозликлар туфайли таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан Афғонистонга электр энергияси экспорти қисқарган, бироқ тўхтатилгани йўқ», дейилади вазирлик ахборотида.
Шунингдек, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги шу кунларда Афғонистонда 125 МВт электр энергияси етказиб берилаётганини қўшимча қилган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: газ ва свет йўқ, ўлим кўпаймоқда. Чекловларнинг чеки борми? Янгиликлар
- Ўзбекистон гази тугамоқда - атиги 15 фоиз қолган. Ерости сувлари ҳам қурияптими? Янгиликлар
- Янгиликлар. Ўзбекистон ва Дунё: Ўзбекистон Россия телеканаллари таъсиридан қутулмоқчими? 20 эркакка ОИТС юқтирган аёл ким?
- Ўзбекистон: Қор ҳам, совуқ ташвишлари ҳам биринчиси эмас. Сенатнинг шоҳона дастурхони қанчага тушди? Нукус ғалаёни: қийноқлар қўлланилганми?
Жабрланган ҳарбийлар кечирими
Ўзбекистонда Нукус воқеалари бўйича суд жараёни давом этмоқда.
1−2 июль кунлари Нукусда (Қорақалпоғистон) содир бўлган воқеалар юзасидан суд иши Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида кўриб чиқилмоқда.
- «Нукус воқеалари бўйича судда фуқаровий даъвогарлар ва жабрланувчилар сўзлашда давом этмоқда. Бу ҳафтада Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳарбийлари, ИИВ ходимлари ва бошқалар сўзламоқда. Бир неча судланувчи кечирим сўрагач, айрим ҳарбий хизматчилар суддан уларни кечиришни сўрашди», - деб ёзади «Газета.uz» нашри.
Нашрнинг мазкур суд ишида иштирок этаётган мухбирига кўра, 13 декабрь куни Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистондан бир қанча ҳарбийлар, ИИВ, тиббиёт ходимлари ва оддий фуқаролар сўзга чиқишган.
Хабарда самарқандлик ҳарбий хизматчилардан бирининг чиқиши чоғида судланувчи Азамат Нуратдинов ҳарбий хизматчилардан кечирим сўраб, ўзи ва ёнидагилар қилмишидан афсусда эканини айтгани, унинг ортидан яна икки айтланувчи Разбек Бекмуратов ва Байрам Сейтниязов ҳам узр сўраганиёзилади.
«Сўзга чиққан ҳарбийларнинг 10 нафарга яқини айбланувчиларнинг қилмишидан пушаймон бўлганини инобатга олиб, уларга нисбатан енгилроқ жазо қўллаш ёки кечиришларини сўради. Ҳар гал ҳарбийлар буни сўраганида айбланувчилар уларга миннатдорчилик билдириб, қарсак чалишди», дейилади хабарда.
Шунингдек, нашр Қорақалпоғистонда 1−2 июль кунлари юз берган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича жами 171 киши айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинганини ёзмоқда. Бу маълумот Бош прокуратуранинг Қорақалпоғистондаги июль воқеаларини ўрганиш бўйича ташкил этилган Мустақил парламент комиссиясининг мурожаатига жавобан тақдим этган ахбороти маълумотига таянилган.
«Газета.uz» суд жараёни 14 декабрь, чоршанба куни давом этишини билдирган.
Хорижий телеканаллар кўпаяди
«Ўзбекистон ҳудудида тарқатиладиган хорижий телеканаллар рўйхати кенгайтирилмоқда», дея хабар берди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги расмий канали.
«Фуқароларнинг тўлиқ ва холис ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш ҳамда турли манбалардан маълумот олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида мамлакатимизда тарқатилишига илгари рухсат берилган 50 та хорижий телеканаллар умумлаштирилиб, уларнинг асосида 192 та телеканалдан таркиб топган хорижий телеканаллар рўйхатининг янги таҳрири ишлаб чиқилди», дейилади агентлик. ахборотида.
Агентликнинг билдиришича, ушбу рўйхатга ижтимоий-сиёсий масалаларни ёритишга ва янгиликлар тарқатишга ихтисослашган 35 та, фильмлар ва сериаллар намойишига мўлжалланган 37 та, «National Geographic Channel» каби илм-фан ютуқларини намойиш этувчи илмий-оммабоп, маърифий йўналишдаги 34 та, болалар ва ўсмирлар аудиториясига мўлжалланган 27 та, спортга оид мавзуларни ёритишга ихтисослашган 20 та ва мусиқий-кўнгилочар контент тарқатувчи 39 та хорижий канал киритилган.
2 миллиондан зиёд ўзбекистонлик муҳожирликда
Ўзбекистоннинг 2 млндан ортиқ фуқароси ишлаш учун чет элга чиқиб кетган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Аҳматов ўзбекистонликларнинг 1,5 млн нафари Россияда меҳнат муҳожирлигида эканлигини билдирди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтган матбуот анжуманида агентлик бошқарма бошлиғи Азим Аҳматов келтирилган рақамларга кўра, бугунги кунда биринчи чорак якунигача 2 млн 346 минг нафар ўзбекистонлик чет элда ишламоқда.
13 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси вакиллари 2022 йилнинг январь-ноябрь ойида Россиядан 317 мингдан зиёд ўзбек меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга қайтиб келганини маълум қилишган.
Агентлик бошқарма бошлиғи Баҳром Абдувалиев 2022 йил бошида Украинадан 6 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилганини билдирган.
«2022 йили чет элдан қайтган мигрантларнинг салмоқли қисми Россия Федерациясидан қайтганлардан иборат. Аммо меҳнат мигрантларимизнинг Россиядан қайтиши аввалги йилларга нисбатан деярли ўзгармаган. Таҳлилларга кўра, ўтган йилнинг 11 ойида 300 мингга яқин фуқароларимиз Россиядан қайтган. Жорий йилда эса 317 мингдан зиёд мигрантларимиз қайтиб келди. Бу рақамлар ИИВнинг узоқ муддатга кетган шахслар расмий баъзасидан олинган», — дейди агентлик вакили.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek