You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: газ ва свет йўқ, ўлим кўпаймоқда. Чекловларнинг чеки борми? O‘zbekiston Yangiliklar
- Яна бир вилоятда газ «заправка»лари фаолияти чекланди
- Газ-свет инқирози қурбонлари сони ошаяпти
- Газ ва электр муаммоси бўйича қамалганлар кимлар?
- Омбудсман Бош прокуратурани очиқликка чақирди.
- Мигрантларнинг урушга тарғиботига нега жиддий қаралмаяпти?
Номаълум муддатли чекловлар
Сурхондарёда ҳам газ «заправка»лар фаолиятига вақтинчалик чекловлар ўрнатилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
«Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида жойлашган автомобилларга газ қўйиш компрессор шаҳобчалари (АГТКШ)га етказиб берилаётган табиий газ таъминотини вақтинчалик чеклаш бўйича режа-жадвал тасдиқланди. Режага кўра, белгиланган АГТКШ жуфт кунларида соат 7-00дан 15-00 га қадар, айримлари эса тоқ кунларида соат 7-00дан 15-00га қадар табиий газ билан таъминланиши белгиланган», дейилади хабарда.
Аввалроқ, Тошкент ва Фарғона водийси (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари)да заправкалар фаолияти номаълум муддатга чекланиши маълум қилинган.
Ўзбекистонда шундоқ ҳам газ заправкалари фаолиятига 9 ноябрдан бошлаб чекловлар киритилган эди. Бу қарор газ тўлдиришга келган автомобилларнинг чақиримлаб навбатлари ҳосил бўлишига сабаб бўлган.
Алоқадор мавзулар:
- Газ қаерда? Унга ким эгалик қилади? Нега инқироз такрорланаверади? Ўзбекистон энергетика вазири билан суҳбат - Видео
- Ўзбекистон: Аёз ва қор бор муаммоларни очиб ташлади
- Ўзбекистон, Фарғона водийси: Газ заправкалар ёпилдими ё фаолияти чекланди? (видео)
- Ўзбекистон гази тугамоқда - атиги 15 фоиз қолган. Ерости сувлари ҳам қурияптими? Янгиликлар
Бир оилада уч авлод вафот этди
Ўзбекистонда энергия инқирози инсонлар ҳаётига хавф солмоқда. Декабр ойи бошидан буён айнан ис газидан вафот этганлар хақидаги хабарлар маҳаллий нашрларда тез-тез қайд этила бошланди.
Жумладан, Қашқадарё вилояти Қарши туманида бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди, деб ёзди «Газета.uz» Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб.
Хабарга кўра, 77 ёшли фуқаро, унинг келини ва набирасининг ўлимига яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган.
«10 декабрь куни соат 20:20 да Қарши тумани «Дашт» маҳалласида яшовчи 1955 йилда туғилган аёл П. Р., келини 1991 йилда туғилган Н. Б. ва 2014 йилда туғилган 8 ёшли набираси Л. О. яшаш хонадонида қўлбола усулда ясалган иситиш печидан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этган», дейилади «Газета.uz» хабарида.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилади.
«Аввалроқ Хоразмда фуқаро ва унинг невараси, Бухоро вилоятида 5 кишилик оила, Тошкент вилоятида эр-хотин ва уларнинг 3 ойлик чақалоғи, Наманганда қайнона, келин ва набира, Фарғонада эр-хотин, Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Хоразмда ижарада турган икки йигит, Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ҳамда Бухорода 2-синф ўқувчиси ис газидан ҳалок бўлганди», - таъкидлайди нашр.
Қамалганлар кимлар?
Ўзбек матбуотида газ ва электр муаммоси бўйича қонунбузилишга йўл қўйган айрим раҳбарлар қамоққа олингани ҳақида хабарлар ёритилмоқда.
УзА ахборот агентлиги «Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалалари бўйича Республика штабининг йиғилишида Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков раҳбарлигида танқидий руҳда ўтказгани, қонун бузилишмга ҳамда масъулиятсизликка йўл қўйган соҳа раҳбарларидан айримларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва қамоққа олингани маълум қилингани»ни ёзган.
Кейинроқ тафсилотлар очиқланиб, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдашев «Ҳудудгаз Тошкент» филиали директори Музаффар Алиевга нисбатан жиноят иши очилган ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини маълум қилгани ёзилган.
Шунингдек, йиғилишда Бош прокурор «Янгийўл тумангаз» раҳбари Умид Тўйчиев ва «Гулистон туман электр тармоқлари корхонаси» собиқ раҳбари Фурқат Шодмонқуловга ҳам жиноят иши очилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини билдирган.
«Агар бошқа ҳудудлардаги масъуллар ҳам бундан тўғри хулоса чиқармаса ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйса, уларга ҳам албатта худди шундай жиноий иш қўзғатилади», — Сардор Умурзаковдан иқтибос келтиради агентлик.
Комиссиянинг талаби нима?
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати Нукус воқеалари бўйича комиссия Бош прокуратурани жамоатчилик қизиқаётган маълумотларни очиқлашга чақирганини маълум қилди.
Хабарга кўра, Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзоларининг йиғилишида суд жараёнларининг очиқ шаклда ўтказилаётгани, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари таҳлил қилинган ва уларнинг Комиссия аъзоларига билдирган фикрлари билан солиштирилган.
Шунингдек, мустақил комиссия аъзоларининг Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича бўлиб ўтаётган суд жараёнларида иштирок этиши давомида бу борада юзага келаётган ва кенг аҳоли вакилларини хавотирга солаётган ҳолатлар ўрганиб чиқилгани ҳамда уларга ойдинлик киритилишини сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилингани маълум қилинган.
«Мурожаатда оммавий тартибсизликларни содир бўлишида айбдор сифатида ҳибсга олинган 516 нафар фуқаро, ҳозирда иши судда кўриб чиқилаётган 22 нафар айбланувчи, ёпиқ муассасаларда вақтинча ушлаб турилган бошқа шахслар, маъмурий жавобгарликка тортилганлар, шунингдек, тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан ортиқча куч-восита ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ахборот бериш сўралди», - дейилади хабарда.
Омбудсман ахборот хизмати суд-тергов жараёнлари иштирокчиларига оид якуний статистик ва таҳлилий маълумотлар очиқланиши билан, бу хақда Мустақил комиссия томонидан жамоатчилик хабардор этилишини билдирган.
Автобусдаги ташвиқот
Москвада автобуслардан ўзбек тилида рус армиясига чақириқлар олиб ташланди.
Ўтган хафтада ижтимоий тармоқларда Москва автобуси пешлавҳасида ўзбек тилида Россия армияси сафига қўшилиш чақириғи эълони тарқалган эди. Бундай чақирув қирғиз ва тожик тилларида ҳам эфирга узатилган. https://t.me/rusbrief/74747
Эълонда «Россия Қуролли Кучларида шартнома бўйича ҳарбий хизматга кирганингизда, сиз Россия Федерацияси Президентининг фармонига мувофиқ соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишингиз мумкин», — деб ёзилган.
Ижтимоий тармоқлардаги кескин муносабатлардан сўнг «Мосгортранс» Давлат унитар корхонаси Россия ОАВларига чақирув хабарлари эфирдан олиб ташланганини билдирди.
«Мосгортранс» матбуот хизматининг маълумотига кўра, ўзбек, қирғиз ва тожик тилларидаги эълонлар «Сахарова» миграция маркази раҳбариятининг илтимосига биноан МЦ1, МЦ2 ва МЦ3 йўналишларидаги автобусларда икки ой муддатга жойлаштирилган. Аммо аллақачон олиб ташланди», — деб ёзади ТАСС ахборот агентлиги.
Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён Марказий осиёликларни Россия фуқаролиги ёки катта миқдорда пул ваъдаси билан сафарбарликка кўнгилли қўшилиш, шартнома асосидаги ҳарбий хизматга даъватлар турли кўринишларда акс этиб келмоқда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда кўнгилли жангчи сифатида уруш майдонига борган ва Украинада асирга тушган, ўзбекистонлик эканлиги, мажбуран келганини айтган фуқароларнинг ҳам видеотасвирлари тарқалди. Ўзбекистонлик муҳожирлар алдов йўли билан ҳарбий шартномага қўл қўйдирилаётгани ҳам айтилди.
Ўзбекистон расмийлари Россиядаги ўз фуқароларини қуролли кучлар сафига қўшилмаслик ва жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка чақириб келади ҳамда бунинг учун жиноий жавобгарлик мавжудлигидан огоҳлантиришган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek