You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Қор ҳам, совуқ ташвишлари ҳам биринчиси эмас. Сенатнинг шоҳона дастурхони қанчага тушди? Нукус ғалаёни: қийноқлар қўлланилганми? Янгиликлар O'zbekiston Dunyo Yangiliklar
- Нукус воқеалари айбланувчисига қийноқ қўлланилганмиди?
- Биринчи қор - биринчи ташвишлар эмас
- Сенат меҳмонларини қандай сийлади?
- Энергетика вазирлиги аҳолидан тўғри тушунишни сўради
Суд қандай давом этаяпти?
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида 1−2 июл кунлари Нукусда (Қорақалпоғистон) содир бўлган воқеалар юзасидан ўтказилаётган суд жараёни давом этмоқда.
Суд жараёнида иштирок этаётган Ўзбекистон ОАВ ходимлари 22 нафар киши судланаётгани ва уларнинг деярли барчаси Ўзбекистон ЖК нинг 244-моддаси 3-қисми (оммавий тартибсизликлар) ва 244−1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандлари (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбланишаётганини маълум қилди.
Алоқадор мавзулар:
- Қорақалпоғистон ғалаёни маҳкамаси - қандай айбловлар қўйилди? Қозоғистон ва Ўзбекистон бир-бирини нега қўлламоқчи?
- Ўзбекистон гази тизгини Россия қўлидами - Ўзбек ҳукумати жиловни оладими?
- Россия Ўзбекистонни АЭС қуришга нега шошираяпти? Ўзбекистонда нархлар яна қанчага ошди? Мигрантлар Москвага қанча пул келтирди?
- Диққат, Ўзбекистон: Амалдорлар сони кўпаймоқда, бундан халқ фойда кўрадими ё зарар?
Суднинг 6-кунига келиб, жараённи жонли эфирда узатиш тўхтатилган. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов душанба куни судда жабрланувчилар ва фуқаровий даъвогарлар сўроқ қилинаётганини маълум қилган, аммо сўроқ тафсилотларини очиқламаган.
Аввалроқ Нукус воқеаларида асосий фигурант ҳисобланаётган Даулетмурат Тажимуратов кўрсатмасининг якуний қисми ва сўроқ вақтида Нукусда тазйиққа учрагани, Урганчда эса қийноққа солинмагани, танқид "унинг йўналишию" экани ҳамда Ўзбекистон учун юраги оғриётганини айтганди.
Суд жараёнида иштирок этаётган «Газета.uz» мухбири 2 декабрда Тажимуратов судья, прокурор ва адвокатларнинг саволларига жавоб берганини хабар қилган.
Нашрга кўра, судя Елубай Абибуллаев Тажимуратов дастлабки тергов пайтида қийноқлар ҳақида мурожаат қилгани ҳақида сўради. Айбланувчи ижобий жавоб берган ва унга қўйилган айбловларни қисман тан олишини айтган.
"Тажимуратов 4 июль куни Қорақалпоғистон ДХХ бошқармаси ходимлари уни урганида, ДДХ тергов бўлими бошлиғи Қўчқоров Ихтиёр уларни тўхтатгани, 5 июль куни терговда ким урди деб сўрашгани, бироқ бошларига қоп кийғизилгани, қўлларига кишан урилгани учун кимлигини билолмагани, лекин исмлари қорақалпоқча бўлганини айтди. "Мени урди деб айтишим учун мана бу, мана бу урди, деб айтиш керак-ку. Мен ким эканлигин ёза олмадим", — деди у», деб ёзади "Газета.uz".
Шунингдек, судланувчи "адвокатлар саволларига жавоб берар экан, Тажимуратов "озодлик нуқтасигача бориш" ёки ҳукуматни ағдариш режаси йўқлигини, мамлакат раҳбариятининг эътиборини жалб қилишга умид қилганини айтди. У президентни севишини ва унга содиқ эканини таъкидлади", дейилади мақолада.
Сенатнинг шоҳона дастурхони
"Сенат 2 кунлик саммит меҳмонларини овқатлантиришга 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган", деб ёзади «Kun.uz» сайти.
Нашрга кўра, Олий Мажлис Сенати 8-9 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитига келган меҳмонларни овқатлантиришга 1 млрд 56 млн сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган.
"Сенатнинг саммитга келган меҳмонларни овқатлантириш харажатлари сметасига кўра, 8 сентябр кунги тушлик ва кечки овқат учун 608 млн 120 минг сўм, 9 сентябр кунги кофе брейк ва тушлик учун 448 млн 500 минг сўм, умумий 1 млрд 56 млн 620 минг сўм маблағ сарфланган", - дейилади "Kun.uz" мақоласида.
Нашрнинг ўрганишича, Сенатнинг Бинолардан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси овқатлантиришни ташкил этиш учун тўғридан-тўғри шартнома орқали "Sky Events" МЧЖ билан 1 056 620 000 сўмлик шартнома тузган.
Сенат ахборот хизматининг Kun.uz саволига жавобан маълум қилишича, саммитни ўтказиш харажатлари бўйича қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган.
"Sky Events шу йил баҳорда ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам асосий хизмат кўрсатувчилар қаторида бўлганди. Ўшанда 1 порция ош 130 минг сўмдан, 1 дона сомса 70 минг сўмдан, 1,5 литрли Coca-Cola 32 минг сўмдан ҳисоблангани муҳокамаларга сабаб бўлганди", эслатади «Kun.uz».
Биринчи қор - биринчи ташвишлар эмас
Тошкент яна биринчи қор ва қаттиқ совуққа тайёр эмаслиги кўринди.
Пойтахтда газ билан боғлиқ муаммолар бошланди, йўллардаги музликлар, таксига буюртма беришнинг имконсизлиги ва жамоат транспортидаги ортиқча юкламалар устига-устак бўлди, деб ёзмоқда «Подробно.уз» нашри.
Нашр пойтахт ободонлаштириш хизмати йўлларни тунги вақтда тозалаш, махсус эритмалар билан ишлов бериш, туз ва қум сепиш ишларини бошлаганига қарамай, эрталабдан вазият яхшиланмаганини ёзади. Йўллар музлаб сирпанчиқ ҳосил қилгани натижасида вазиятни мураккаблаштирадиган кўплаб кичик бахтсиз ҳодисалар қайд этилгани айтилади.
"Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шохобчалари тўлиқ ёпилгани маълум бўлгач, тонгда шаҳар деярли таксисиз қолиб кетди ва ишлаётган ҳайдовчилар нархларни деярли икки баравар оширди. Натижада транспортнинг бутун юки жамоат транспорти зиммасига тушди. Бекатларда одам кўп, автобуслар тирбанд", деб ёзади нашр.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг ўзбекзабон қатлами ҳам Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида кун совиши баробарида кўплаб хонадонлар ва уйлар совиб кетгани, газ босими пасайганидан шикоятлар билан тўлиб-тошди.
Газ қазиш камаймоқда
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати Ўзбекистондаги газ конларида табиий газ қазиб чиқариш ҳажми камайиб бораётганини маълум қилди.
Вазирлик баёнотига кўра, "Ўзбекнефтгаз" АЖ газ конларида табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари йилдан-йилга камайиб бораётгани кузатилмоқда ва унинг ҳажмларини ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
"Мисол учун, 2021 йилда белгиланган режага нисбатан 200 млн метр куб кам табиий газ қазиб чиқарилган, 2022 йилнинг 11 ойида режага нисбатан 5 фоизга кам табиий газ қазиб чиқарилди.
Жамиятга қарашли газ конларида режага нисбатан суткасига ўртача 7,1 фоизга кам табиий газ қазиб чиқарилмоқда. Бунинг асосий сабаблари газ конларида табиий газ захираларининг камайиб бораётганлиги ва конларда авариялар келиб чиқаётганлигидир», - деб ёзади Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати.
Вазирлик кўрилаётган чораларга қарамасдан ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши сабабли қувурларда газ босимининг пасаяётганини билдиради.
"Қазиб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ички истеъмол учун, хусусан аҳоли ва ижтимоий соҳа обектлари ҳамда иссиқлик электр станцияларига йўналтирилмоқда», дейилади баёнотда.
Шунингдек, вазрилик аҳолидан ушбу ҳолатни тўғри тушунишни ва «энергия ресурсларидан имкон қадар оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишлари»ни сўраган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek