Диққат, Ўзбекистон: Амалдорлар сони кўпаймоқда, бундан халқ фойда кўрадими ё зарар? Янгиликлар

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда амалдорлар сони кўпаймоқда. Энди уларнинг қаторига ҳудудларда фаолият юритадиган Президент девони ёрдамчилари ҳам қўшилади. Собиқ Адлия вазири Руслан Давлетов бошқарув идоралари ихчамлашмаса бу бюджетга катта юк бўлишини айтганди.

Ўзбекистон нега амалдорлар сонини қисқартириш ўрнига уларни кўпайтирмоқда?

"Диққат, Ўзбекистон" дастуримизнинг бу галги сонида ана шу мавзу кўтарилди.

Унда бу борада кўплаб мақолалар чоп қилиб келаётган Рост24 нашри бош муҳаррири Анора Содиқова, сиёсатчи социолог Кобул Дусов ва Германиядан журналист Бобомурод Абдулла қатнашди.

Биз амалдорлар сони нега қисқармаяпти, деб Президент девони ва Вазирлар маҳкамасига мурожаат қилдик. Би-би-си айни мавзуда барча томонларнинг фикр ва мулоҳазалари учун очиқ.

Дастурни Би-би-си мухбири Шодиёр Сайф олиб борди.

Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда вазирлик ва идоралар сони икки баробар ошган. 48 та давлат бошқарув идораси 2022 йилга келиб 96 тага етган.

Уларнинг сони ортишда давом этмоқда. Сўнгги ҳафталарда Президент администрациясида амалдорлар сони кескин ошиши кузатилмоқда.

Энди Президент девони раҳбарининг ҳудудларда ҳам ёрдамчилари бўлади.

ЎзАда чоп қилинган, бироқ кейинчалик оммага кўринмай қолган Президент қарори ҳақидаги мақолада айтилишича, ўзгартиришлардан кўзланган мақсад "давлат ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги тизимини йўлга қўйиш, давлат органларида мурожаатларни кўриб чиқишга замонавий ёндашувларни жорий этиш, жойлардаги муаммоларнинг ҳал этилиши устидан самарали назорат ўрнатишдан иборат".

Собиқ Адлия вазири Руслан Давлетов шу йилнинг феврал ойида ҳали вазир бўлиб турган вақти қилган чиқишида, амалдорларнинг кўпайётгани, бу бюджетга оғирлик қилаётгани ва яхши эмаслиги борасида куюниб гапирди.

Вазирга кўра, айрим ҳолатларда ҳатто бир бошлиққа атига битта ижрочи тўғри келмоқда. Давлетов уларнинг сонини ихчамлаштириш кераклигини таъкидлаганди.

Рост24 нашрининг ёзишича, Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлигига қўшиб юборилиши натижасида тизимда республика даражасидаги раҳбарлар сони икки баробарга қисқарган, бошқарув ходимлари сони 110 тага камайди, вазирлик тизимидаги бошқарув тузилмалари 666 тадан 222 тага, бир-бирини такрорловчи вазифалар 34 фоизга, функциялар 46 фоизга қисқартирилди. Натижада 84,5 миллиард сўм иқтисод қилинган.

Давлат идоралари сонини оптималлаштириш тўғрисидаги ҳужжат билан танишиб чиққан Анора Содиқованинг айтишича, айрим вазирликларда ўринбосарларни камайтириш борасида айрим ишлар қилинган. Иш ўринлари нисбатан камайтирилган.

"Лекин шунга қарамасдан яна қўшимча вазирликлар, ташкилотлар ёки Президент администрациясининг ўзида штатларнинг очилиши билан яна кенгайиб кетяпти", дейди Содиқова.

Журналист Бобомурод Абдулланинг айтишича, парламентда мухолифат партияси ҳам ўтириб бошқарувдагиларнинг ҳаракатларини савол-жавобга олмагунча юқоридагилар ўзларини ҳисобдор ҳис қилмайди.

"Ҳукумат идораларининг самарадорлигини ошириш учун мухолифати бор парламентда уларнинг ҳисоб беришини кучайтириш керак. Норасмий назоратни блогер ва журналистлар қилиши керак", дейди Бобомурод Абдулла.

Давлат бошқарув идоралари ва раҳбарлар сони кўпайётгани борасида Би-би-нинг ижтимоий тармоқлардаги мухлислари фикрларини ҳам сўрадик.

"Пора оладиган инсонларни купайтиряпди. Бунака бошлиқларни кўпайтиргандан кўра қонунбузарлардан битта районда бештасини қамаб қолганларни қўрқитиб қўйса эди ҳаммаси жойига тушиб кетган бўлар эди. Афсуски судя прокурорларнинг ўзлари порахўр. Корочи ботқоққа шунчалик ботиб бўлганмизки бу ботқоқдан чиққинимизгача ер сайёрасининг срок годности тугаб қолади. Кеч энди", дейди Акмал Саидов исмли фойдаланувчи.

"Бундай текинхуўр бошлиқларни бизга кераги йўқ. Бошлиқ бўлишдан олдин оддий халкни ичига кириб далада ер чопсин пешана тери қилсин, ундан кейин билади халқни дардини. Халқини ҳурмат қилмаганларни бизга умуман кераги йўқ", деб ёзади Ирода Баймурадова.

LUNA LUNA эса "Ана холос. Чўпон кўп бўлса, қўй харом ўлади, деганларидек. Бу яхшилик аломати эмас", дейди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek