Россия Ўзбекистонни АЭС қуришга нега шошираяпти? Ўзбекистонда нархлар яна қанчага ошди? Мигрантлар Москвага қанча пул келтирди? Янгиликлар

  • Мишустин: Россия-Ўзбекистон савдоси рекордга чиқди
  • Ноябрда нархлар яна қанчага ошди?
  • Пойтахтдаги шифохоналар нега сотилаяпти?
  • Мигрантлардан Москвага қанча пул тушди?

Мишустиннинг миннатдорчилиги

Россия бош вазири Михаил Мишустин Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш рекорд даражага етганини айтди. Ва Ўзбекистонда рус тилига эътибор учун миннатчилик билдирди.

Алоқадор мавзулар:

Россия ва Ўзбекистон 2022 йилнинг 10 ойи давомида савдо ҳажми бўйича рекорд ўрнатган. ТАСС ахборот агентлигининг ёзишича, бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин жума куни ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан музокарада маълум қилган.

Россия Федерацияси ҳукумати раҳбарининг фикрича, Москва ва Тошкент ўртасида саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун яхши истиқболлар мавжуд, - деб ёзади агентлик.

Мишустин жаҳон савдосидаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигимиз муттасил мустаҳкамланиб, ривожланиб, янги йўналишларни қамраб олаётганини таъкидлаган.

Россия бош вазири 2021 йил якунига кўра, Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги бўлиб, Хитойни ортда қолдириб, ўзаро товар айирбошлаш 17 фоизга ошган. Январ-октябр ойларида савдонинг 30 фоиздан ортиқ ўсиши қайд этилиб, 10 ой ичида рекорд даражага етганини маълум қилган.

Мишустин мамлакатлар тез орада товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифасини бажаришига ишончи комил эканини билдирган.

Шунингдек, Россия ҳукумати раиси Ўзбекистон раҳбариятига «рус тилига бўлган эътиборли муносабати учун» миннатдорчилик билдирган.

2 декабр куни Россия-Ўзбекистон бизнес-форумида Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш билан боғлиқ барча келишувларни амалга оширишни тезлаштириш зарурлигини айтиб ўтди.

«Биз атом энергетикаси соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳим деб биламиз. Йирик лойиҳа Россия томонидан лойиҳалаштирилган атом электр станциясини биргаликда қуриш бўлади. Эришилган барча келишувларни амалга оширишни тезлаштириш зарур», — дейди Мишустин.

Шифохоналар нега сотилаяпти?

«Тошкентда 3 та йирик онкология шифохонаси сотиб юборилаётгани жамоатчиликни жунбушга келтирмоқда ва бу бежиз эмас» деб ёзади Kun.uz ахборот сайти.

Нашрга кўра, Тошкентнинг марказий ва харидоргир нуқталарида жойлашган учта шифохонани аукцион савдосига чиқарилган ва бу ҳақидаги ҳукумат қарори очиқ манбаларда йўқ.

«Бу жараёнлар мамлакатда йилига 1 минг 300 киши онкологик хасталикка чалинаётган бир вақтда содир бўлмоқда», деб ёзади Kun.uz.

Пойтахтдаги онкологик шифохоналарнинг сотувга қўйилиши масаласини ўрганган нашр юзага келган бир неча саволларга ҳукумат даражасидаги ваколатли идоралардан жавоб кутаётгани, аммо жавоб берилмаётгани, айниқса, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам жим эканини таъкидлайди.

«Бугунги кунда 370 ўринли Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида 352 нафар, марказнинг 255 ўринли Тошкент шаҳар филиалида 250 нафар, 240 ўринли Тошкент вилояти филиалида эса 232 нафар бемор даволанмоқда. Беморлар ва уларнинг яқинлари шифохоналар кўчирилишига қарши эканини айтишмоқда», - дейилади мақолада.

Шифокор Шермуҳаммад Умиров эса нашрга айни пайтда Ўзбекистонда онкологик касалга чалинган 100 000 дан ортиқ бемор борлиги, уларнинг 30 фоиздан кўпроғи оғир аҳволдалигини айтган.

«Шундай қийин вазиятда онкологик шифохоналарни камайтириш ёки ўринлар сонини қисқартириш - фожиа», дея мутахассис сўзидан иқтибос келтиради Kun.uz.

Нашр сотувга қўйилган учта шифохонанинг умумий майдони 17 гектар экани ва уччала объект бўйича ҳам аукцион бир кунда - 12 декабрда ўтказилишини билдирган.

«Халқ билан бемаслаҳат қабул қилинаётган қарорлар муҳокамалар ортидан қайта кўриб чиқиладими, бунисини энди вақт кўрсатади», дейилади мақолада.

Нархлар қанчага ошди?

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ноябрь ойида нархларнинг йиллик ўсиши 12 фоиздан ошганини маълум қилди.

«Ноябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1,3 % га ошган», - келтирилади қўмитанинг Телеграмдаги расмий каналида.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг ноябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1,3 % га ошган. Йиллик ўсишда истеъмол нархлари индексининг ўсиш даражаси 12,3 % га етган.

«2022 йилнинг ноябрь ойида нархлар ва тарифлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 2 фоизга ошди», - дейилади хисоботда.

Шунингдек, қўмита ўтган ноябр ойида ноозиқ-овқат товарлари нархлари 0,9 % га ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш 0,8 фоизга ошганини эълон қилган.

Москва мигрантлардан қанча фойда олаяпти?

Бу йил хорижий фуқароларга бериладиган меҳнат патентларидан Москва бюджетига 30 миллиард рублдан ортиқ (500 млн долларга яқин) маблағ тушади. Бу ҳақда пойтахт мэрияси Иқтисодий сиёсат ва ривожланиш бўлими бошлиғи Мария Багреева матбуотга маълум қилган.

«Жорий йилнинг атиги ўн ойида Москвада ишлаётган чет эл фуқаролари шахсий даромад солиғи бюджетига 26,5 миллиард рубл ўтказдилар. Бу ўтган 2021 йилнинг худди шу даврига нисбатан 64 % кўп демакдир. Ҳисоб-китобларимизга кўра, 2022 йилда эса тушумларнинг йиллик ҳажми, 30 миллиарддан ортиқ бўлади», дейди Мария Багреева «Российская газета» нашрига берган интервьюсида.

Расмий келтирган маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Москва шаҳрининг ўзида хориж фуқароларига 483,9 мингта патент берилган. Ишчи мигрантларнинг катта қисми асосан, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги ва савдо соҳаларида меҳнат қилади.

Эслатиб ўтамиз, расмий рақамларга кўра, Россияда 2 млн га яқин ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида бўлиб, уларнинг 500 мингга яқини аёлларни ташкил қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek