Ўзбекистон: Ортиқхўжаев инвесторни шантаж қилганми? Путин Ўзбекистондан нима истамоқда?

  • Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳиндистонлик инвесторга ноқонуний талаб қўйганми?
  • ОАВ: Нукус воқеаларининг айрим судланувчилари қўйилган айбловларга иқрор бўлган.
  • Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонни қандай иттифоққа қўшмоқчи?

Ҳоким ва сармоячи - шантаж иддаоси

«Minerva City»га ер ажратишда ҳокимликлар амалдаги тартибни бузгани сабаб инвесторга берилган ҳудуд «классик» усулда - прокурор аризаси ва суд қарори билан тортиб олинган», - ёзади Kun.uz нашри.

Нашрнинг инвестор Мурали Лал Жалан билан суҳбатида сармоядор ернинг олиб қўйилишини ҳоким талабини бажармагани билан боғланган.

Алоқадор мавзулар:

«Minerva World of Knowledge компанияси асосчиси, ҳиндистонлик тадбиркор Мурари Лал Жалан Kun.uz`га берган интервьюсида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шантажда айблади», - деб ёзади Kun.uz нашри.

Нашрнинг «Ҳоким менга 2 йўл қолдирди» — Minerva City атрофида нима бўляпти?» сарлавҳали мақоласида ёзишича, 2018 йилнинг 28 сентябрь куни инвестор лойиҳаларни амалга оширадиган MJ Developers компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан 100 млн долларлик (аввалроқ 500 млн доллар ҳақида хабар берилган эди) шартнома имзолаган ва ўзининг тўртта йирик лойиҳасига сармоя киритишни бошлаган.

Мурари Лал Жалан Kun.uz га Тошкентдаги Бахт кўли негизида 100 гектар майдонда барпо этилаётган Lake сity мажмуаси ва Minerva city лойиҳасига 34 млн доллар сармоя киритганини айтган. Инвесторга кўра, лойиҳаларини амалга оширишга Тошкент шаҳар ҳокими тўсиқ бўлмоқда.

«Тадбиркорнинг сўзларига кўра, 2021 йил мартида Жаҳонгир Ортиқхўжаев уни ҳокимиятга чақириб, гўёки шантаж қилган», - деб ёзади Kun.uz.

«Менга 2 та йўл қолдиришди: ё лойиҳаларимдан бирини, масалан, Lake City`ни амалга оширишдан расман воз кечишим, ё 100 млн долларни банкка жойлашим керак эди (депозит сифатида — таҳр.). Мен ҳокимга келишувдан ташқари ҳеч ким янги талаблар қўймаслигини, тадбиркор сифатида 7 йил ичида сарфланиши керак бўлган пулни кимнингдир ҳожати учун олдиндан жойлаштириш қийинлигини тушунтирдим», - инвестордан иқтибос келтиради нашр.

Тадбиркор ҳоким агар ўз хоҳиши билан шу ишдан бирини қилмаса, Minerva city ва бошқа барча лойиҳалар ундан олиб қўйилиши, Ўзбекистонда кун кечириши қийин бўлишини айтганини таъкидлади.

«Бошида шартномани имзолаётганимизда, барча келишувга амал қилиниши ва мажбуриятлар бажарилиши ваъда қилганди, энди эса ҳоким бу мамлакатда шартномалар ҳеч қандай рол ўйнамаслигини таъкидламоқда», — деди у деб ёзади Kun.uz.

Ҳокимлик нима дейди?

Ҳиндистонлик тадбиркор Мурари Лал Жалан Kun.uz.га берган интервьюси юзасидан Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати баёнот берди.

«Kun.uz таҳририяти томонидан тайёрланган ва тарқатилаётган Minerva сity компанияси вакили Мурали Лал Жаланнинг интерьвюсида Тошкент шаҳар ҳокимига нисбатан айтган гаплари ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар давлат хизматчисини обрўсизлантиришга қаратилган деб ҳисоблаймиз», дейилади баёнотда.

Шунингдек, ҳокимлик матбуот хизмати Мурали Лал Жаланнинг гапларини асосли ёки асоссизлигини текшириш учун ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилинишини билдирган.

Бухорода Нукус воқеалари маҳкамаси

Бухорода Қорақалпоғистонда 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган воқеалар юзасидан суд жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Суд ишида 22 нафар судланувчига нисбатан айбловлар эълон қилинган. Улар орасида Даулетмурат Тажимуратов Қорақалпоғистонда ҳокимиятни эгаллашга уринишда, Лолагул Каллиханова тартибсизликларга даъват қилишда, Азамат Турданов эса Жўқорғи Кенгес биносини эгаллашда айбланмоқда.

Нукус воқеалари бўйича суд жараёнини бевосита ёритиб бораётган Ўзбекистон ОАВ Нукус воқеалари бўйича судланаётганларнинг бир қисми айбловларга тўлиқ, қолганлари эса қисман иқрор бўлишгани ҳақида хабар беришмоқда.

«Даулетмурат Тажимуратов Нукус воқеалари иши бўйича унга қўйилган айбловни қисман тан олди. Лолагул Қаллиханова ва Азамат Турданов — тўлиқ. Бошқа гумондорлар ҳам ўзининг айбига қисман ёки тўлиқ иқрор бўлишди», - деб ёзади «Газета.уз» нашри.

Хабарга кўра, суд ишига Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Ебулай Абибуллаев раислик қилмоқда.

Нашр 22 айбланувчининг ҳар бирига қўйилган айбловлар рўйхатини, уларнинг иш жойлари ёки фаолият тури тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек прокуратура томонидан қўйилган айбловларнинг қисқача тавсифини эълон қилган.

Қозоғистон Россияни қўллаяптими?

Россия ҳукуматига қарашли нашрлар Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Россия президенти Владимир Путиннинг Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўзига хос уч томонлама иттифоқини яратиш, жумладан, газ соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирганини маълум қилди.

«Ҳа, қўшимча мувофиқлаштириш ва ҳатто музокараларни талаб қиладиган масалалар бор. Хусусан, гап газ сектори ҳақида бораяпти. Лекин бу ерда биз ҳеч қандай масалаларни драмалаштирмаяпмиз. Мен Владимир Владимировичга шундай масалалар борлигини айтдим, улар муҳокама талаб қилади, лекин мутлақо драматизациясиз. Бу иш борасидаги масалалар», — деди Токаев Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан Кремлда Россия-Қозоғистон олий даражадаги музокараларидан сўнг бўлиб ўтган учрашувда.

Нашрлар Қозоғистон президентининг «тегишли келишувларга эришамиз» дея ишонч билдиргани ҳақида ёзишмоқда.

"Бундан ташқари, бугун Владимир Владимирович қандайдир уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклигини айтди ва у Ўзбекистон президентига қўнғироқ қилмоқчи», — дея Тоқаевдан иқтибос келтиради interfax.ru нашри.

Тоқаевнинг ушбу баёноти тезда МДҲ мамлакатлари ОАВда ёйилиши ортидан Қозоғистон президенти матбуот котиби Руслан Желдибай ушбу баёнотга расмий изоҳ берди.

Матбуот котибига кўра, Россия президенти таклиф этган «қандайдир уч тарафлама иттифоқ» Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокидаги уч томонлама газ иттифоқи ҳисобланади ва ушбу механизмнинг мақсади Россия газини ташишни мувофиқлаштиришдир.

«Қосим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин барча манфаатдор томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ушбу масалага оқилона ечим топиш учун уч давлат экспертлари иштирокида батафсил музокаралар олиб бориш зарур деб ҳисоблайди», - Руслан Желдибайдан иқтибос келтиради Tengrinews.kz.

Ўзбекистонга ташрифлар

Россия Федерацияси Давлат думаси раиси Вячеслав Володин Ўзбекистонга келди ва мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Бу ҳақда Россия Давлат думаси расмий сайти хабар берди.

"Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди", деб ёзади Президент.уз сайти.

Podrobno.uz. нашри эса, ўз мухбирига таяниб, Володиннинг Ўзбекистон парламентининг қуйи ва юқори палаталари раҳбарлари билан кенг кўламли масалаларни, жумладан, санкциялар остидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, АҚШ билан алоқалар, шунингдек, анъанавий маданий қадриятларни асраб-авайлаш борасида муҳокамалар ўтказганини маълум қилган.

Нашр Вячеслав Володин ўз ташрифини икки томонлама муносабатларнинг муҳим формати бўлиб, унинг ривожланиши бир-бирини яхшироқ тушунишга имкон беради, деб ҳисоблаши билан изоҳлаганинин ёзган. Россия Давлат Думаси раиси АҚШ вакилларининг минтақага тез-тез ташриф буюришини ёқламаслигини билдирган.

«Бу ерда одамлар доно, саводли - улар бу ваъдалар нимага олиб келишини тушунишади», — деди Вячеслав Володин ўз изоҳида, деб ёзади нашр.

«АҚШ ва унинг Европадаги стратегик ҳамкорлари ўртасидаги муносабатлар натижаси Вашингтон билан ҳамкорликнинг эҳтимолий оқибатларини баҳолашда Ўзбекистон учун намуна бўлди», - ҳисоблайди Вячеслав Володин.

Шунингдек, нашр 1-2 декабрь кунлари Ўзбекистонга Россия бош вазири Михаил Мишустин ташриф буюриши ҳақида хабар берган.

Нашрнинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси маълумотларига таяниб ёзишича, Мишустин Самарқандда бўлиб ўтадиган Россия-Ўзбекистон бизнес-форумида иштирок этади.

Ўзбекистон томонидан делегацияга Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилик қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek