Қозоғистон. Президент сайлови: Мирзиёев Тоқаевни табриклади, Путин ҳам табрик телеграммаси юборди Qozog‘iston O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 8 дақ

Украина уруши ва Россия билан танг муносабатлари манзарасида Қозоғистон президент сайловида овоз берди. Муддатидан илгари янги президент сайлади. Расман эълон қилинган дастлабки натижалар ҳам президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг яққол ғалабасига далолат қилаётир.

Қозоғистон Марказий Сайлов Комиссияси шу соатларда эълон қилган дастлабки натижаларга таянилса, Қасим-Жомарт Тоқаев камида 81.31% овоз олган.

Якшанба кунги "экзит-полл" натижалари ҳам Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 80 фоиздан кўп овоз олганига далолат қилганди.

Сайловларда, дастлабки расмий ҳисоб-китобларга кўра, 69,43 фоиз, яъни қарийб 12 миллион қозоғистонлик сайловчидан 8,3 миллиони овоз берган.

Сайловда "ҳаммага қарши" овоз берган сайловчиларнинг фоизи 5,80% ни ташкил қилган. Тоқаевнинг рақиблари эса, 2-3 фоиз овоз олишган.

Сайлов жараёнидаги қонунбузарликларга оид иддаолар эса, кеча, якшанба кунининг ўзидаёқ бўй кўрсатиб улгурган.

Расмий хабарларга кўра, Қозоғистондаги президент сайловини 600 дан ортиқ хорижий давлат ва халқаро ташкилот вакиллари кузатишган.

Марказий Сайлов Комиссиясининг расман маълум қилишича, ўзлари ва ҳудудий сайлов комиссияларига расман келиб тушган ва келиб тушаётган барча мурожаатлар қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади, улардаги маълумотлар тасдиқланган тақдирда, қонун доирасида чора кўрилади.

Президент сайлови фонида Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида митинг уюштиришга уринган мухолифатдаги сиёсий партиялар фаоллари ва фуқаролик жамияти ўнлаб вакилларининг ушлаб кетилганига оид хабарлар бор.

Улардан айримларининг жавобгарликка тортилгани, бошқаларига қарши маъмурий баённомалар тузилгани ҳам айтилмоқда.

Якшанба куни кечқурун "экзит-полл" натижалари эълон қилинишидан сўнг, Тоқаев сайловолди штабида нутқ сўзлаган.

Тоқаев сайлов қонунга мувофиқ ўтганини, барча номзодлар учун имкониятлар тенг бўлганини айтган.

Сайлов арафасида айрим таҳлилчилар сайловчиларнинг фаоллиги сайловда кимнинг ғолиби чиқиши даражасида муҳим эканини айтишган.

Овоз берганлар сонининг кўпчилиги халқнинг ҳукуматга бўлган ишончига далолат қилишини урғулашганди.

Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаевни расман табриклаган ҳозирча бешта давлат раҳбаридан бири бўлган.

Расмий хабарларга кўра, икки қўшни давлат президентлари телефон орқали мулоқот қилишган.

Шавкат Мирзиёев Тоқаевни "умумхалқ сайлови муваффақиятли ўтгани ва унда ишончли ғалаба қозонгани билан самимий муборакбод этган".

Бунинг ортидан Шавкат Мирзиёев президент расмий ташриф билан Францияга жўнаб кетган.

Ташрифнинг Франция Президенти Эмманэуль Макроннинг таклифи билан амалга ошаётгани айтилган.

Қозоғистон президенти матбуот хизматининг расман хабар беришича, дастлабки расмий натижалар эълон қилингунга қадар қозоқ раҳбарини навбатдаги ғалабаси билан яна Тожикистон ва Қирғизистон президентлари ҳам қутлаб бўлишган.

Бунинг ортидан Хитой президентининг табригига оид расмий хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Қозоғистон томонининг расман хабар беришича, дастлабки сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан, Россия Президенти ҳам Қасим-Жомарт Тоқаевга ўзининг қутловини юборган.

Табрик телеграммаси мазмунидан маълум бўлишича, Путин "икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асосланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жуда муваффақиятли ривожланаётгани"ни таъкидлаган.

"Уларни яхшилаш учун биргаликда ишлашда давом этишлари"ни айтган.

Муддатидан илгари чақирилган сайлов Украина уруши, айнан Қозоғистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги юзасидан хавотирлар кучайган, Россия ва Қозоғистон ўртасида даҳанаки жанглар қизиган бир манзарада бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Тоқаев ва Қозоғистон халқига сайловни "муваффақиятли" ўтказиб олишларини тилаганди.

Қозоғистоннинг амалдаги президенти кеча, 20 ноябрь куни ўз овозини бериб бўлиши ортидан бу кунни "жуда муҳим, тарихий", деб атаган.

"Олдинда қилинадиган ишлар кўп" эканини таъкидлабоқ кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортганди.

Алоқадор мавзулар:

Сайлов ва геосиёсий танглик

Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида Қозоғистон Путин ва Россиянинг бошқа номдор сиёсатчилари энг кўп тилга олаётган давлатлардан бири бўлади.

Россия томонидан ери ва давлатчилиги қайта-қайта ошкора савол остига олинаётган минтақа давлати экани кўрилади.

Путиннинг Украинага қарши ҳеч ким кутмаган уруши ва унинг СССР парчаланишидан қанчалик ошкора афсус-надоматда экани эса, охирги пайтларда унинг кейинги нишони қай бир постсовет давлати бўлажагига оид саволларни қизитган.

Худди шу манзарада айнан Қозоғистон кўпчилик ўзининг диққатини қаратган давлатга айланган.

Расмий Остонанинг Украина, унинг бўлгинчи ва ишғол остидаги ҳудудлари мустақиллиги ҳамда аннексияси борасидаги Россия мавқеига зид чиқишлари эса, икки ўртадаги даҳанаки жангни янада қизитган.

Сўнгги ойларда Ғарбнинг Қозоғистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудидий яхлитлигини қўллашига оид баёнотларининг сони ҳам ортган.

Президент сайлови арафасида Европа Иттифоқи Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррелнинг ҳам Остонага ташрифи кузатилган.

Қозоғистон шу йил январь ойида ўз мустақиллиги тарихидаги энг йирик ва қонли норозилик намойишларидан бирига ҳам саҳна бўлган.

Муддатидан илгари президент сайлови эса, газ нархининг устидан келиб чиққан, зўравон тўқнашувларга айланиб, ўнлаб инсоннинг умрига зомин бўлган, амалдаги ҳукуматнинг истеъфоси, Элбоши Нурсултон Назарбоев ўзи ва оиласининг сиёсату қудратдан четлатилиши ҳамда Қозоғистон Россия шамсияси остидаги КХШТ тинчликни сақлаш кучларининг иштироки билангина тинчитилган ана шу намойишлар ортидан бўлиб ўтмоқда.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди саналади ва Россияга чегарадош ягона минтақа давлати бўлади.

Россия ва Қозоғистон ўртасидаги қуруқлик чегараси дунёдаги энг узуни ҳисобланади.

Бундан ташқари, 20 миллионга яқин Қозоғистон аҳолисининг 20 фоизчасини руслар ташкил этади.

Муддатидан илгари сайлов

Аммо сайловни шу йилнинг сентябрь ойида президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ўзи чақирган.

Тоқаев ўшанда қилган мурожаатида ўзининг мазкур қарори сабабини мамлакатда бошлаган ислоҳотларини муваффақиятли амалга ошириш учун халқнинг янги ишонч мандати зарурлиги билан изоҳлаган.

Қозоғистон президенти ўз ваколати муддатини қисқартириши ва муддатидан илгари президент сайловини чақиришини айтган.

Энди Қозоғистонда президент фақат бир муддатга 7 йилга сайланади ва бундан буён бир президентни қайта сайлаш тақиқланади.

Қозоғистон бу каби қарорга келган ҳозирча ягона минтақа давлати бўлган.

Қосим-Жомарт Тоқаевнинг ўзи қудратга 2019 йилнинг 20 мартида мустақил Қозоғистоннинг илк президенти ва ўша пайтда Марказий Осиёдаги энг узоқ қудратда қолаётган давлат раҳбари бўлган Нурсултон Назарбоевнинг кутилмаган истеъфоси ортидан келган.

Худди ўша йилнинг июнь ойида муддатидан илгари чақирилган президент сайловида эса, кўпчилик - 70 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг мазкур ташаббуси ва амалдаги президентлигининг учинчи йилидаёқ берган мазкур қарори ўшанда минтақадаги аксарият сиёсий таҳлилчиларнинг ҳам эътиборларидан четда қолмаган.

Улардан бирлари бунинг сабабини Тоқаевнинг ўз сиёсий легитимлигига эга бўлиш, халқ кўз ўнгида Назарбоевнинг "одами", вориси, деган номдан қутулиш истаги билан изоҳлаган бўлишса, бошқалари сўнгги ўзгаришларни Қозоғистон йирик ислоҳотлар ёқасида эканига йўйишган, буларнинг барчаси ҳатто минтақадаги қаттиқ авторитаризмга оғишувнинг олдини олишга хизмат қилишини ҳам айтишган.

Қасим-Жомарт Тоқаев қонли январь воқеалари ортидан яна қатор жиддий сиёсий ислоҳотлар таклифи билан чиққан, рефердум орқали мамлакат Конституцияси тузатилган.

Қозоғистон президенти сиёсий монополиядан воз кечиш, супер президентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга асосланган президентлик республикаси тизимига ўтиш ва амалдаги давлат раҳбари қариндошларининг сиёсий лавозимларни эгаллашларини маън этишни ҳам таклиф қилган.

"Хавфсиз рақобат"

20 ноябрь кунги муддатидан илгари чақирилаётган президент сайловида эса, Қасим-Жомарт Тоқаев билан бирга яна беш номзод Қозоғистон президентлиги учун кураш олиб бормоқда. Номзодлардан икки нафари аёл кишидир.

Аксарият экспертларга кўра, номзод рақиблар орасида бирор бир кўзга кўринганининг йўқлиги назарда тутилса, Нурсултон Назарбоев давридагидан анча эркин ўтажагига қарамай, якшанба кунги сайлов натижаси тайиндир.

Яъни, уларнинг фаразларига таянилса, Қозоғистоннинг амалдаги президентига мухолифатда бўлган қолган бирор бир номзоднинг сайловда ютиб чиқиш учун лозим бўлган даражада овоз олиш имкони "йўқ".

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, мавжуд мезонларнинг мустақил номзодлар учун ўтиб бўлмас экани, мухолифатнинг сиёсий майдондан четлатилгани ва партияларнинг эркин рўйхатдан ўтиши осон эмаслиги ҳам бу каби фаразларга етакламай қўймаган.

Айрим минтақавий нашрларнинг ёзишича, четда ўзини Қозоғистон мухолифати лидерларидан бири сифатида намоён этувчи Бали Мажец ва Қозоғистоннинг рўйхатдан ўтмаган демократик партияси етакчиси Жанболат Мамайнинг рафиқаси журналист Инга Иманбай ҳужжатлари ҳатто қабул қилинмаган.

Хабарларга кўра, улар Қозоғистоннинг "Сайлов тўғрисида"ги қонуни талабларига жавоб беришмаган.

Сайловда қатнашиш ниятини эълон қилган мухолифатчи сиёсатчи Жасарал Куанишалин эса, бу талабларга жавоб берса-да, бироқ ўзи учун барча йўллар ёпиқ эканини даъво қилиб чиққани айтилган. Маълум бўлишича, у ўзи номзод бўладиган республика жамоат бирлашмасини топа олмаган.

Тоқаев билан беллашувчи иккита аёл номзоддан бири бўлган Салтанат Турсинбекова Қозоғистон президенти ҳузуридаги Хотин-қизлар ишлари ва оилавий-демографик сиёсат бўйича миллий комиссия раиси ўринбосаридир.

Иккинчи аёл номзод сифатида ўртага чиққан Каракат Абден эса, бунгача Давлат сиёсати миллий мактаби директори ўринбосари, "Нур Отан" партияси Инновациялар қўмитаси инспектори, Остона маслаҳати депутати бўлган. Нурлан Ауесбаев эса, Миллий-социал демократик партиясидан, партиянинг пойтахтдаги филиали раиси. "Овул" партиясидан бўлган Жигули Дайрабаев "Атамекен" Миллий тадбиркорлар палатаси президиуми қошидаги агросаноат комплекси қўмитасига раислик қилади. Номзоди президентликка "Аманат" касаба уюшмалари ҳамдўстлигидан илгари сурилган Мейрам Кажикен эса, жорий пайтда Замонавий жамиятни ўрганиш институтини бошқаради.

Қасим-Жомарт Тоқаев "Адолатли Қозоғистон - ҳамма ва ҳар бир киши учун" шиорини ўзининг асосий сайловолди шиори этиб танлаган.

У, шунингдек, Қозоғистонда ҳақиқий сиёсий рақобат муҳитини яратишга ваъда берган.

Аммо, айрим етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, Қозоғистондаги сўнгги воқеалар, шу жамладан, муддатидан илгари чақирилган президент сайловига ҳам Назарбоев Тоқаевни ўзининг вориси сифатида илгари сурган ва 2019 йилда бошланган ҳокимият алмашувининг давоми сифатида қараш керак.

Бу галги муддатидан илгари сайловлар ҳам норозилик ва танқидларсиз кечмаётир.

Қозоғистонда рўйхатдан ўтмаган муайян партия ва уюшмалар мазкур сайловни тан олмасликларини маълум қилганликлари, четдаги мухолифат вакиллари, жумладан асли қозоғистонлик собиқ банкир ва ҳукуматнинг ашаддий танқидчиси бўлиб келаётган Мухтор Аблязовнинг тарафдорлари билан биргаликда Қозоғистон шаҳарларида митинглар ўтказиш ниятида эканига оид хабарлар ҳам аллақачон бўй кўрсатиб бўлган.

Қозоғистон мустақилликка эришган 1991 йилдан буён мамлакатда ўтказилган бирорта ҳам сайлов Ғарб кузатувчилари томонидан эркин ва адолатли, деб тан олинмаган.

Минтақа ва сайловлар

Муддатидан илгари чақирилаётган президент сайловлари эса, мустақил Қозоғистонда аллақачон сиёсий анъана тусини олган.

Жорий президентлик сайловлари Қозоғистондаги еттинчисидир.

Бу амалдаги президентнинг кетма-кет иккинчи бор президентлик учун беллашиши бўлади.

1991, 1999, 2005, 2011 ва 2015 йилларда бўлиб ўтган сайловларнинг барчасида Нурсултон Назарбоевнинг ғолиб чиққани эълон қилинган.

Қозоғистондаги муддатидан илгари чақирилаётган президент сайлови Ўзбекистон президенти Туркий давлатлар ташкилотининг шу йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд мезбонлик қилган саммитида эътибор қаратган мавзулардан бири бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев барча ҳамкасблари номидан Қозоғистон президенти ва "дўст" Қозоғистон халқига президент сайлови муваффақиятли ўтишини тилаган.

Ўзбекистон президенти уни "муҳим сиёсий тадбир", деб атаган.

"Донишманд қозоқ эли ўз мамлакатининг тинчлиги ва тараққиёти, олиб борилаётган муҳим ислоҳотларнинг бардавомлиги учун овоз беради", деб ишонишларини айтган.

Ўтган ой охирида эса, Тошкентдан Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги "Зангиота-Қоплонбек" автойўл ўтказишнинг пунктининг 1 ноябрдан бошлаб вақтинча - 19 ойга ёпилишига оид хабарлар олинган.

Хабарларда бунинг сабаби пунктни модернизация қилиш ва техник жиҳатдан жиҳозлаш режаси билан изоҳланган.

Ўтган ой охирида эса, Ўзбекистонда чегаралар хавфсизлигини таъминлаш учун турли куч тузилмалари ходимларидан иборат 120 та гуруҳ тузилганига оид хабарлар олинган.

Хабарлар Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбати тафсилотларига таянган.

Маълум бўлишича, мазкур тадбирда "бугунги кунда дунёдаги вазият шиддат билан ўзгариб, хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бораётгани, шу боис, чегара мустаҳкамлигини таъминлаш, турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланган.

Ўзбекистонда кутилаётган, аммо расмий санаси ҳалича эълон қилинмаган Конституцион ўзгартиришларга оид референдум эса, президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтиришни кўзда тутади.

Аммо Қорақалпоғистондаги Конституциянинг янги матни туртки берган ва шу йил июлида кузатилган оммавий намойишлар ҳукуматнинг референдум ўтказиш режасига жиддий таъсир қилмай қўймаган.

Президент сайлови арафасида Қозоғистон Бош прокуратураси одамлардан сайлов куни митингларга чиқиш даъватларига қулоқ тутмасликларини сўраган.

Шунингдек, мазкур хабарларда Бош прокуратура уларни ноқонуний намойишларда иштирок этиш масъулияти ҳақида огоҳлантиргани ҳам айтилмоқда.

Таҳлил:

Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?

Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади? Туркий давлатлар ташкилотининг кечаётган ҳафтада Ўзбекистон мезбонлик қилиши кутилаётган илк саммити худди шу каби саволларни пайдо қилмай қўймаган. Бунга мазкур саммитнинг Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган ва айни шу уруш боис, минтақада геосиёсий танглик янада кучайган бир пайтга тўғри келаётгани сабаб бўлган. Украинадан кейинги нишон мазкур ташкилотнинг тўлақонли аъзоси Қозоғистон бўлиши мумкин, деган қўрқув ва хавотирлар ҳам айни мазмундаги саволларга замин яратмай қолмаган. Туркий давлатлар ташкилотига кирувчи Туркия ва кузатувчиси бўлган Венгрия эса, НАТОнинг тўлақонли аъзолари саналишади. Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг йирик туркийзабон давлати бўлади. Ҳозир минтақада Россия ҳамда Хитойнинг зиддига янги бир геосиёсий, геоиқтисодий ва ҳарбий қудратга айланиш потенциалига эга ўйинчи сифатида ҳам кўрилади. Худди шу омиллар назарда тутилганда, бўлажак саммитнинг вазни, салмоғи, ўрни ва аҳамияти нимада бўлади?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek