Ўзбекистон: Газ ва свет нархини бозор белгиламаса инвестор кирмайдими? Yangiliklar, Narx-navo

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Франция энергия ширкати Ўзбекистонга сармоядор сифатида кириш учун энергия тарифлари бозор нархларидан келиб чиқиб белгиланиши кераклигини урғулаган. Ўзбекистонликлар нисбатан арзон, аммо таъминотида муаммолар бор энергия ўрнини босиш учун керагидан ортиқ сарфлаяптими?

Ўзбекистон Молия вазири Тимур Ишметов "Тарифлар ошмагани эвазига электр энергияси ва газга субсидия ошириляпти", дейиши нархлар борасидаги баҳсларни яна жонлантирди.

Globalpetrolprices.com сайти маълумотларида келтирилишича, Ўзбекистон электр энергия нархи энг арзон дунёдаги 15 давлатдан бири. Сайт маълумотларига кўра, қўшни Афғонистон ва Қозоғистонда нархлар Ўзбекистондан қарийб икки баробар қиммат.

Ўзбекистон ҳукумати ўтган ёзда энергия тарифларини бозор талабларидан келиб чиқиб нарх белгилашни жорий қилиши ҳақида хабарлар чиққанди.

Бироқ ушбу ислоҳотлар тўхтаб қолган.

Ўзбекистон шу йилнинг охиригача бюджет тақчиллигини 3 фоиздан 4 фоизга оширишга мажбур бўлди.

Иқтисодиёт режаланганидан камроқ ўсгани ва тарифлар ошмагани эвазига электр энергияси ва газга субсидия ошириляпти, деди Молия вазири Тимур Ишметов 22 ноябр куни.

Молия вазирининг бу гаплари нарх-наво бозор талабларидан келиб чиқиб белгиланмаётгани борасидаги баҳсларни яна кўтарган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров Twitter да "Биз барибир тўлаяпмиз ва қимматроқ тўлаяпмиз. Лекин бу тўловимиз энергия манбалари ишлаб чиқариш рағбатига ва иқтисодий ўсишга хизмат қилмайди", деб ёзди.

ЎзА хабар агентлиги директор ўринбосари Хушнуд Худайбердиев ушбу фикрни қўллаб қувватлаган ҳолда Франция энергия ширкати айнан шу тарифлар бозор талаблари асосида қўйилмаганлиги сабаб Ўзбекистон бозорига инвестор сифатида кирмаётганини ёзди.

"Франция энергокомпанияси раҳбари айтяпти:

Агар Ўзбекистонда энерготарифлар ҳозиргидек қолса, унда халқаро молиявий ташкилотларнинг субсидияси, гранти ва қарзи эвазига ишлашда давом этаверамиз. Бу сизларга зарар. Лекин энерготариф бозор нархига ўтказилса, инвестор бўлиб кирамиз", деб ёзди у.

Худайбердиев Президент Мирзиёевнинг Францияга қилган расмий ташрифи доирасида Парижга борганди.

Akobirbek Jalolov аҳоли бунақа нархларга тайёр эмаслигини айтди.

"Қайси аҳоли, газ ва свет йўқлигидан совуқда ўтирган аҳолими? Арзон, лекин аслида йўқ электр яхшими ёки бозор нархида (бу қиммат деганимас, балки арзонроқ ҳам бўлиши мумкин), аммо ҳеч қачон ўчмайдиган электр яхшими", дея савол берди Хушнудбек Худайбердиев.

Раҳматулло эса "Нархни ошириш компаниясини бошлашдан олдин, ўша юртлардагидек қора Халқга ойлик беришни кўтариш керак", дейди.

@rahmonov_nurali тажрибасидан келиб чиқиб қишга тайёргарлик ўзи арзон, лекин йўқ электрдан қимматга тушаётганини айтади.

Изоҳ қолдирганларнинг орасида Энергетика тизимидагиларни тўлиқ ўзгартирилмаса вазият ўзгармаслигини айтганлар ҳам бор.

"Мени фикримча энергетика вазирлиги тўлиқ тозаланиб янги хаво кирса ўнгланади нархларни 2 баробар оширсангиз хам Франциядан 5$ миллиард инвестиция кирса хам ўзгариш бўлишига ишонч йўқ", дейди @Abdulaxad76.

Сиз бу куз-қиш мавсумида электр ва газ билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқдасизми? Сурат, видео ва ҳикояларингизни бизга йўллашингиз мумкин:

BBCOM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek